3.Ислом дини. Араб халифалиги даврида Мовароуннаҳр.
Жаҳон тарихида улкан из қолдирган давлатлардан бири-бу Араб
халифалигидир. Араб халифалиги даври Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон, Яқин
ва Ўрта Шарқ, шимолий Ҳиндистон, Пиреней ярим ороли ва шимолий
Африка халқларининг ижтимоий, иқтисодий, маданий тараққиётида ўзига
хос юксалиш даврини белгилаб берди. Араб истилочилари хусусида
шубҳасиз энг асосий маълумотларни араб, мусулмон муаллифлари бериб
ўтганлар. Шу хусусда, жумладан, ал-Балазурийнинг “Футуҳ ал булдон”
(Мамлакатларнинг фатҳ этилиши), ат-Табарийнинг “Тарихи расули ва
мулук” (Пайғамбарлар ва подшолар тарихи) асарлари алоҳида аҳамият касб
этади.
Ислом динининг ватани Арабистон ярим оролидир. Араблар семит
қабилалари гуруҳига мансуб бўлиб, асосан кўчманчи чорвачилик билан ҳаёт
кечирганлар. Кўчманчилар бадавийлар деб юритилган. Воҳалардаги аҳоли
деҳқончилик билан шуғулланган. Денгиз бўйлари, воҳаларда шаҳарлар қад
ростлаган бўлиб, уларда асосан савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик билан кун
кўрадиган аҳоли яшар эди.
VI асрнинг иккинчи ярми, VII асрнинг биринчи ярмидаги араб
ижтимоий ҳаёти жуда мураккаб ва ранг-баранг эди. Унда уруғ-аймоқчилик
муносабатлари эндигина куртак очиб келаётган феодал муносабатлар билан
чатишиб кетган эди. Асосий савдо йўлларининг бу ҳудуддан ўтишидан араб
зодагон-савдо аҳли жуда манфаатдор эди. Лекин мамлакатда бу пайтда
сиёсий парокандалик ҳукм сурар эди. Ўзаро қабилавий урушлар натижасида
деҳқончилик ва савдо-сотиқ ишларига катта зарар етказилар, хонавайронлик
195
авж олган эди. Бу ҳолат араб аслзода гуруҳлари, зодагонлари манфаатига зид
бўлиб, мамлакат иқтисодий йўналишида юқоридаги салбий ҳолатлар катта
зарар етказар эди. Юқоридаги вазият ҳам турли табақа, тоифа кишиларининг
ўзаро ҳамжиҳатликка ягона, кучли давлат атрофига бирлашишга чақирар эди.
Аҳоли ичида кўп худолик-бутпарастлик урф эди (хусусан Каъбада 360 та бут
бўлиб, уларнинг энг йириклари Ҳубал ва Лут бўлган).
Шундай вазиятда Ислом тўғри ва ҳақ йўлни кўрсатувчи дин сифатида
юзага келди. Ислом-бу Аллоҳ ягона деб эътироф этиб, унга бўйсунмоқлик ва
бутун қалби билан унга ихлос қилмоқлик ҳамда Аллоҳ буюрган диний
эътиқодга иймон келтирмоқлик демакдир. Ислом “итоат”, “бўйсуниш”
маъноларини билдиради. Бу диннинг асосчиси Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)
(570-632) маккалик Абдуллоҳнинг ўғли бўлган. Унинг бобоси Абумуталлиб
қурайш қабиласининг бошлиғи бўлган.
Муҳаммад пайғамбарнинг таълимотига эргашганларни “муслим”
(«мусулмон»), яъни “итоаткорлар” деб юритганлар. Ўз пайғамбарлик
фаолиятини Муҳаммад Маккада бошлаган. Макка Арабистон ярим
оролининг ғарбий қисмидаги Ҳижоз вилоятида жойлашган шаҳар бўлиб, бу
ерда Каъба жойлашган эди. Диний таълимотга кўра Каъбани Одам Ато барпо
қилган бўлиб, уни Иброҳим пайғамбар ўз ўғли Исмоил билан бирга қайта
қурган ва биринчи Ҳаж сафарини уюштирган. Каъбанинг ичида муқаддас
тош “Ҳажар-ул-асвод” ўрнатилган. Ҳар йили бу муқаддас жойга миллионлаб
мусулмонлар зиёратга келадилар.
Муҳаммад пайғамбар муслим (мусулмон)ларнинг ягона Аллоҳ олдида
тенг эканликларини, Яратганнинг ўзи ризқ-рўз улашишини, жамиятдаги
адолатсизликка қарши жазо муқаррар ва ҳар бир киши бу дунёдаги ишларига
кўра тақдирланиши, инсон Яратганга, ёлғиз Аллоҳгагина эътиқод қилишини
тарғиб қилади. Бу таълимот аҳолининг барча қатламлари манфаатларига мос
бўлиб, тез орада биринчи навбатда шаҳар аҳли ичида тарқала бошлайди.
Лекин янги дин тарафдорларининг аҳволи уларнинг эътиқодларига кўра
оғирлашиб боргандан сўнг бир қисм мусулмон аҳоли Ҳабашистонга,
баъзилари шимолга қараб кетишга мажбур бўлдилар. Муҳаммад ҳам ўзига
қарши турган қурайш қабиласи аъзоларининг таъқиби кучайиб кетган 622
йил 16 июлда (баъзи адабиётларда 15 июл дейилади) ўзининг энг яқин дўсти
ва сафдоши Абу Бакр билан Маккадан Мадинага кўчишга мажбур бўлади. Бу
араб тилида “ҳижрат” деб аталиб, шу кундан бошлаб мусулмон оламида
қабул қилинган ҳижрий йил бошланади. (Ҳижрий йил ҳисоби 2 хил бўлади:
ҳижрий-қамарий, яъни ой ҳисоби бўйича ва ҳижрий-шамсий, қуёш ҳисоби
бўйича).
Мадинада Муҳаммад ўз таълимотини давом эттиради. Мадинада
шуҳрат қозонган маккаликлар бутпарастлик ғояларига қарши ҳам ҳарбий,
ҳам сиёсий зарба бера бошлайдилар. Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар вафот
этгач (632 й), кетма-кет “Хулофоий рашоддин” (ҳақ йўлдан борган саҳиҳ
халифалар) номларини олган Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алилар (661
йилгача) пайғамбар сиёсатини давом эттириб, Арабистон ярим оролида
марказлашган-Араб халифалиги давлатига асос соладилар. Ўзаро қабилалар
196
бирлашуви, дини исломнинг ёйилишида илоҳий муқаддас китоб Қуръоннинг
ўрни ниҳоятда катта бўлди.
VII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Халифалик кенгая бориб ўз
чегараларини ғарб ва шарқ томон кенгайтиришга ҳаракат қилди. Яқин ва
Ўрта Шарқнинг бой вилоятлари қўлга олиниб, ниҳоятда уюшган ва жанговар
араб қўшини шиддат билан ҳаракатларини бошлаб юборган эди. Бир
вақтнинг ўзида араблар ўз юришларини Византия ва Эронга қарши олиб
бордилар. Сосонийларнинг сўнгги вакили Эрон шоҳи Ёздигард III (632-651)
арабларга қарши туришга ҳаракат қилди. Лекин Кадисия (636 й.) ва Наҳаванд
(642 й.)даги жангларда араблар қўшини форсларга қақшатқич зарба бериб
Сосонийлар сулоласига барҳам бердилар. Византияга қарши қилинган
ҳарбий ҳаракатлар натижасида Фаластин, Миср, Сурия, Ироқ эгалланди.
Халифа Умар ибн ал-Хаттоб (634-644) даврида илк бора араб истилочилари
Хуросон чегараларида пайдо бўлган эдилар.
Араб халифалиги VII асрнинг бошларидан бошлаб ўз ҳудудларини
ғарб ва Шарқ томонга кенгайтириш ҳаракатини бошлади. Хусусан 642 йилда
Нахаванддаги жангда Эрон сосонийлари тор-мор этилгач Ўрта Осиё ерларига
ҳужум учун имконият яратилади.
Арабларнинг Ўрта Осиёга дастлабки юришлар Убайдуллоҳ ибн Зиёд
бошчилигида 651 йилда Марвни эгаллаш билан бошланди. Араблар Амударё
(Жайхун)дан шимолда жойлашган ерларга "Мовароуннаҳр", яъни, "дарёнинг
ортидаги ерлар" деб ном беришади. Наршахий ва араб муаллифи Ёқут берган
маълумотларга кўра, Муҳаммад пайғамбарнинг шахсан ўзи Моварауннаҳрни
буйсундиришни муқаддас деб ҳисоблаган ва исломга эътиқод этувчиларни бу
муқаддас ишга даъват этган.
652 йилда араблар Балх шаҳрини эгаллашга муваффақ бўлдилар. Ўша
йили Амударёдан ўтиб Моварауннаҳрга ҳужум қилиш режаси араблар учун
муваффақиятсиз тугайди. Аммо, Хуросон ноиби Абдуллоҳ ибн Амир 652
йилда Чағаниённи эгаллашга муваффақ бўлди. Бу эса илк бор Моварауннаҳр
ерларини эгаллаш эди. 654 йилда Суғддаги Маймурғ қалъасига арабларнинг
биринчи ҳужуми бўлади. 657 йилда араблар Чағаниёнга қайта юриш қилиб
эфталитларга кучли зарбалар бердилар. Араблар кенг миқёсдаги ҳужумларга
тайёргарлик кўра бошлаган эдилар. Манбаларнинг маълумот беришича,
Мовароуннахрга юриш қилишдаги ҳарбий-сиёсий тайёргарликдан бири,
халифаликнинг Басра ва Куфа шаҳарларидан 50 минг араб оиласи кўчириб
келтирилиши ва Хуросоннинг турли шаҳарларига гарнизон сифатида
жойлаштирилиши бўлди.
673 йилнинг охири - 674 йилнинг бошларида арабларнинг
Хуросондаги ноиби Убайдуллоҳ ибн Зиёд Моварауннаҳрга ҳужум қилиб
Ромитон ва Пойкандни эгаллайди ҳамда Бухоро шаҳрини қамал қилади.
Аммо, бухороликлар ва туркларнинг иттифоқчи қўшинларидан қаттиқ
қаршиликка учрагач, сулҳ тузишга мажбур бўлади.
676 йилда Хуросоннинг янги ноиби Саид ибн Усмон Бухорога юриш
қилиб Бухоро маликаси Хутакхотўн қўшинларини тор-мор этади ва
Самарқандга ҳужум бошлайди. Аммо, бир ой давом этган бу урушда
197
Суғдийлар арабларга қаттиқ қаршилик кўрсатдилар. Натижада араблар сулҳ
тузиб орқага қайтадилар ва йўл-йўлакай Термизни талон-тарож этадилар. 683
йилда халифа Язид вафот этганидан сўнг халифаликда тож-тахт учун кураш
бошланиб кетади. Бундай вазиятда араблар яна Моварауннаҳрга ҳужум
қилишдан деярли тўхтаб, ўз ички низолари билан банд бўлиб қоладилар.
Халифа Абдумалик ибн Марвон (685-705 йй.) даврида ўзаро ички
курашларга чек қўйилиб араблар Моварауннаҳрга жиддий ҳарбий харакатлар
бошладилар.
Умуман олганда, арабларнинг ярим аср давомида Хуросон ноиблари
Абдуллоҳ ибн Амир, Убайдуллоҳ ибн Зиёд, Сайд ибн Усмон, Салмо ибн Зиёд
қабилар томонидан уюштирилган ҳужумлари талон-тарож қилиш, ўлкадаги
ҳарбий-сиёсий вазиятни ўрганиш, бойликларини олиб кетиш мақсадида
уюштирилган эди. 705 йилда Қутайба ибн Муслим Хуросон ноиби этиб
тайинлангач, Моварауннаҳрни бутунлай босиб олиш ҳаракати бошланади.
Ўрта Осиёдаги сиёсий парокандалик ва кичик давлатларнинг бир-бирлари
билан тез-тез низоларга бориб туриши Қутайбага ниҳоятда қўл келган эди.
706 йилда у катта қўшин билан Моварауннаҳрга юриш бошлади ва Пойканд
шахри 15 кунлик камалдан сўнг эгалланди.
Арабларга қарши турклар, суғдийлар умуман, маҳаллий аҳоли ўзаро
иттифоқ тузишга эришган бўлса-да, Қутайба найранг йўли билан бу
иттифоқни бузишга муваффақ бўлди ва 708-709 йилларда Бухоро ва унинг
атрофларига бир неча марта юришлар қилиб Бухорони забт этди. Қутайба
710 йилда Шуман, Насаф ва Кешни эгаллади. 710-712 йилларда Самарқанд
ихшиди Тархун ва Хоразмшоҳ Хурзод Қутайба билан тинчлик сулҳи тузиб
унга йирик микдорда бож тўлайдилар. Аммо, Самарқанд аҳолисининг товон
тўлашга қаршилик кўрсатиши, норозилик натижасида Тархуннинг тахтдан
кетиши ва ўлими, Суғд подшоси ва Самарқанд афшини сифатида Гуракнинг
тахтга ўтириши арабларнинг Самарқандга ҳужумлари учун баҳона бўлган
эди. Шунингдек, Қутайба "Тархуннинг ўлими учун қасд оламан", деб эълон
қилди ва Самарқандга ҳужум уюштириб, 712 йилда уни босиб олди. Муғ
тоғи ҳужжатларининг маълумот беришича, 712-713 йилларда Суғд, Чоч,
Фарғона ва Панжикент ҳокимлари арабларга қарши иттифоқ тузиб вақтинча
ғалабаларга эришган бўлса-да, Қутайба бу иттифоқка раҳна солиб, уларни
тор-мор этишга муваффақ бўлди. 714 йилда Қутайба ибн Муслим турклардан
келаётган ёрдам кучини тўхтатиб қўйиш мақсадида Чоч воҳасига қайта
бостириб кирди ва Исфижобни эгаллади. 715 йилда Қутайба Фарғонага
иккинчи маротаба юриш уюштиради. Шу йили Қутайба ўзига душман бўлган
халифа Сулаймонга қарши исён кутаради ва мағлубиятга учраб, ўлдирилади.
Шундай қилиб, араблар қисқа муддат ичида Моварауннаҳр ҳудудларини
босиб олдилар-ки, бунинг сабаблари қуйидагича эди:
1. Ўлкада ҳукм сураётган сиёсий тарқоқлик ва маҳаллий
ҳукмдорларнинг ўзаро курашлари арабларга жуда қўл келган эди. Чунки,
пароканда ва сиёсий жиҳатдан тарқоқ ҳудудларни алоҳида-алоҳида забт этиш
Қутайба учун қулай эди.
2. Ўзаро бирлашиш ҳаракатида бўлган ва иттифоқчилик учун
198
ҳаракат қилган маҳаллий ҳокимлар орасига Қутайба турли найранглар билан
раҳна солишга эришган эди.
3. Араблар ўзаро курашаётган ҳокимларнинг бирига иккинчисини
енгиши учун ёрдам кўрсатиб, кейин уларнинг ҳар иккисини ҳам бирин-кетин
буйсундирдилар. Мисол учун, Суғдни забт этишда Қутайба араб қўшини
билан бир қаторда Хоразм, Бухоро ва Насафнинг кучларидан фойдаланган
эди.
4. Араблар Мовароуннаҳрга қадар жуда катта ҳудудларни босиб
олган бўлиб, катта бойлик ва ҳарбий заҳираларга эга эдилар. Араблар
қўшинига мунтазам равишда босиб олинган ерлар ва ички вилоятлардан янги
ҳарбий кучлар сафарбар килиниб турилар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |