1.2. Азот ва фосфор сақлаган ёнғиндан ҳимоялаш воситалари олиш
Табиий, синтeтик ҳамда аралаш тoлалар асoсида oлинган тўқимачилик матoлари, ёғоч ва ёғоч буюмлар учун антипирен таркиблар ишлаб чиқаришда турли кислоталарнинг сувда эрувчан тузларидан кенг фойдаланилади. Шу мақсадда айниқса, аммоний сульфат, аммоний дигидро- ва аммоний гидро- фосфат, аммоний карбонат ва ҳ.к. лар кўп миқдорда қўлланилади. Ушбу тузлар, асосан қишлоқ хўжалигида минерал ўғитлар сифатида фойдаланилганлиги сабабли уларни ишлаб чиқариш технологияси етарлича ўрганилган. Бироқ уларда антипиренлар ишлаб чиқариш технологияси тўғрисидаги маълумотлар жуда кам. Шу сабабли ноорганик тузлардан замонавий фан-техника талабларини тўла қондирадиган, экологик хавфсиз антипирен таркиблар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Аммоний дигидро- ва аммоний гидрофосфатлардан ёнғиндан ҳимояловчи воситалар сифатида фойдаланиши маълум [31; с.211]. Адабиётларда аммоний фосфатларнинг сувда эрувчанлиги, уларни қўш: Мg(NH4)PO4, Zn(NH4)PO4, Fe(NH4)PO4 тузларини олиш ва бошқа баъзи хоссаларини ўрганиш натижалари келтирилган [32; с.114-118]. Сувдаги эрувчанлиги ёмон бўлганлиги сабабли ушбу тузларнинг барчаси пластик массалар, бўёқлар таркибига антипиренлар сифатида киритилиши орқали ёғоч ва бошқа буюмларни ҳимоя қопламаларини тайёрлашда қўлланилиши мумкин. Аммоний дигидро- ва аммоний гидрофосфатлар фосфат кислотани қайта ишлаш йўли билан олинади. Фосфат кислотани аммиак билан тўйинтириш 112-113 0С да амалга оширилади Таркибида 4% гача намлик сақлаган аммоний дигидрофосфатнинг кристаллари 100 ºС да қуритилади [33; с.308]. аммоний гидрофосфат олишда парчаланишнинг олдини олиш мақсадида температура 80-90 0С дан ошмаслиги мақсадга мувофиқ. аммонийгидро фосфатнинг кристаллари аммоний дигидрофосфатга нисбатан кичикроқ шаклга эга. Чўктирилгандан сўнг улар таркибига 10% гача намлик сақлайди ва шу сабабли 70 0С гача бўлган температурада қуритилади. Таркибида 22-25% гача P2О5 сақлаган экстракцион фосфат кислотадан босқичли усулда аммоний дигидро- ва аммоний гидрофосфат олиш усули ишлаб чиқилган [34; с.17-20].
Аммофос асосан, аммоний дигидро- NН4Н2РО4 ва қарийб 10% атрофида аммоний гидрофосфат (NН4)2НРО4 ларнинг аралашмаси бўлиб, қўшимчалар сифатида аммоний сульфат, темир, алюминий, магний бошқа металларнинг фосфатларидан иборат маҳсулот ҳисобланади. Аммоний дигидрофосфат – гигроскоп бўлмаган, барқарор туз бўлиб, 20 0С да эрувчанлиги 40,3% ни ташкил этади. Аммоний гидрофосфат термик беқарор бўлиб, 70 0С гача қиздирилганда тез парчаланади. Сувда яхши эрийди (t=20 ºС, 71 %) ва қисман гидролизланади. Аммоний фосфат эса жуда беқарор модда бўлиб, 40 0С гача қиздирилганда аммиак ажратиб парчаланади [33; с.308].
Аммофос ва диаммофос ишлаб чиқаришда қуйидаги асосий реакциялар содир бўлади:
Н3РО4 + NН3 = NН4Н2РО4 + 147кж
NН4Н2РО4 + NН3 = (NН4)2НРО4 + 75,4 кж
Экстракцион фосфат кислотани нейтраллашда ҳосил бўлган аммофосли пульпа тузлар аралашмасидан иборат мураккаб система ҳисобланади. Унинг таркибига фосфоритдан ташқари аммоний сульфат, кальций, магний, алюминий, темир ва бошқаларнинг фосфатлари ((NН4)2SО4, СаНРО4·2Н2О, МgНРО4·3Н2О, АlРО4·2Н2О, (NН4)2SiF6, Fe3NН4H6(РО4)6·6Н2О, (Fe, Аl) NН4Н2(РО4)2·0,5Н2О, Fe (NН4)2Н2F(РО4)2·nН2О ва ҳ.к.) кўринишида бўлади.
Ҳозирги кунда қуруқ маҳсулот олишнинг энг самарали усуллардан бири аммофос пульпасини вакуумда буғлатиш ва БГС да доналаш ҳисобланади [35; с. 262-263]. Ушбу усулда Қоратов (Қозоғистон) ва Қизилқум (Ўзбекистон) фосфоритларидан олинган паст концентрацияли экстракцион фосфат кислотани қайта ишлаш мумкин [36; с.1-18]. Азот-фосфат кислотали эритмани аммонийлашда ҳосил бўлган фазавий мувозанатдаги системани анализ натижалари асосида фоcфатларни нитрат кислотали экстрактларидан 90 % кальций нитрат ажратиб олингандан сўнг қолган эритмадан аммоний гидрофосфатни олиш таклиф қилинган [37;129-131].
Do'stlaringiz bilan baham: |