Аудиторлик далилларини хўжалик юритувчи субъектнинг ички назорат тизимини тестдан ўтказиш ва моҳияти бўйича текшириш амалларини ўтказиш йўллари билан олиш мумкин.
Ички назорат тизимининг тестлари аудиторлик ташкилоти томонидан хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимининг ҳолатини баҳолаш учун аудиторлик далилларини олиш мақсадида бажариладиган амалларни ифодалайди.
Аудиторлик далиллар олиниши керак бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимининг асосий жиҳатлари қуйидагилар ҳисобланади:
тузилма (бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизими. хатоларнинг олдини олиш, аниқлаш ва тўғрилашга қаратилган тузилмага эга эканлиги);
иш юритиш (бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимлари самарали ишлаяптими).
Моҳияти бўйича текшириш амаллари аудиторлик ташкилотининг молиявий ҳисоботда хато-камчиликлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш учун аудиторлик далиллари олиш мақсадида бажарадиган амалларни ифодалайди.
Моҳияти бўйича текшириш амалларини бажаришда қуйидаги саволлар ўрганиб чиқилади:
ҳисобот даври якунланган санада мажбуриятлар ва активларнинг мавжудлиги;
молиявий ҳисоботда активлар, мажбуриятлар, хўжалик операциялари ва ҳодисаларнинг тўлиқ акс эттирилиши;
активлар ва мажбуриятларнинг мос қийматларда акс эттирилиши;
даромад ва харажатларни тегишли даврларда акс эттириш.
Аудиторлик ташкилоти аудиторлик далилларини қуйидаги аудиторлик амалларининг бир ёки бир нечтасини бажариш йўли билан олади:
назоратлаш
ёзувлар, ҳужжатлар ва моддий активларни текшириш;
кузатиш
бошқа шахслар томонидан бажариладиган жараён ва ишларни ўрганиш. Масалан, аудиторлик ташкилотининг хўжалик юритувчи субъект томонидан амалга ошириладиган товар-моддий заҳираларнинг инвентаризациясини кузатиш;;
сўров
хўжалик юритувчи субъект ва ундан ташқаридаги шахслардан маълумот йиғиш;
хисоблаш
бошланғич ҳужжатлар ва бухгалтерия ёзувларидаги арифметик ҳисоб-китобларнинг аниқлигини текшириш;
аналитик амаллар
аудиторлик ташкилоти томонидан олинган маълумотни таҳлил қилиш ва баҳолаш, бухгалтерия ҳисобида хўжалик фаолиятидаги ғайриқонуний ва нотўғри акс эттирилган ҳолатларни аниқлаш мақсадида хўжалик юритувчи субъектнинг муҳим молиявий ва иқтисодий кўрсаткичларини текшириш, шунингдек, хато ва камчиликлар сабабларини суриштириш.