Diqqat turlari. Diqqatning xususiyatlari.
Диққат турлари
Одам айрим нарсаларга ўз диққатини онгли равишда ўзи ҳоҳлаб қаратса, бошқа бир нарсалар диққатни
беихтиёр яъни бизнинг ҳоҳишимиздан ташқари жалб қилади. Одам психик фаолиятининг муайян объектга
йўналтирилиши ва тўпланишида ифодаланадиган диққат қуйидаги турларга бўлинади.
Диққатнинг активлигига қараб - ихтиёрсиз, ихтиёрий ва ихтиёрийдан сўнгги диққат.
Диққатнинг объектига қараб - ташқи ва ички диққат.
Диққатнинг фаолият турларига қараб – индивидуал, гуруҳий ва жамоавий диққат
Айрим адабиётларда диққатнинг иккита ва айримларида учта деб кўрсатилади. Улар ихтиёрсиз диққат, ихтиёрий диққат ва ихтиёрийдан сўнгги диққат турларидан
иборатдир.
Ихтиёрсиз диққат деб тўсатдан таъсир қилган бирор сабаб туфайли бизнинг ҳоҳишимиздан ташқари ҳосил бўладиган диққатга айтилади.
Одамнинг кўз ўнгида пайдо бўладиган жуда ёрқин рангли нарсалар, ўзининг ташқи кўриниши жиҳатидан одатдаги нарсалардан кескин фарқ қилувчи предметлар, тўсатдан пайдо бўлган қаттиқ товуш, бирор нарсанинг
кескин ҳаракати ва шу кабилар ихтиёрсиз диққатни юзага келтирувчи сабаблар бўлиши мумкин. Масалан, ҳикоя
ўқиш машғулоти пайтида тўсатдан учиб ўтган реактив самолётнинг қаттиқ ва баҳайбат товуши ҳамманинг диққатини беихтиёр ўзига жалб қилади.
Ихтиёрсиз диққат одамнинг ҳар турли эҳтиёжлари ва қизиқиши билан бевосита боғлиқ бўлган диқкатдир.
Шунинг учун ҳам айни чоғдаги эҳтиёжларимиз,
қизиқишларимиз билан боғлиқ бўлган нарсаларнинг таъсири ихтиёрсиз диққатга сабаб бўлади. Масалан, эркин ўйин пайтида залдан эшитиб қолган болани
қизиқтирган мусиқа овози унинг диққатини ўйиндан дарҳол ўзига жалб қилиб олади.
Ихтиёрсиз диққатнинг нерв-физиологик асосини
ориентировка ёки бу нима? рефлекси ташкил қилади.
Чунки теварак-атрофимиздаги нарсаларнинг салгина
ўзгариши бизда дарҳол ориентировка рефлексини юзага келтиради. Бошқача қилиб айтганда, «нима гап» деган маънода атрофимизга разм сола бошлаймиз.
Ихтиёрий диққат деб, олдиндан белгиланган қатъий бир мақсад асосида ва онгли равишда диққатимизни маълум бир нарса ва ҳодисаларга қаратишимизга
айтилади.
Одамнинг кўпчилик фаолиятлари асосан ихтиёрий диқкатнинг иштироки билан амалга оширилади. Шунинг учун барча фаолият турларида, яъни ўқиш, ўйин ва
меҳнат фаолиятларида ихтиёрий диққатнинг роли жуда каттадир. Ихтиёрий диққат ихтиёрсиз диққатга нисбатан узоқ вақт мобайнида давом этадиган диққат тури бўлиб,
у зўр беришликни, яъни иродавий куч сарф қилишликни талаб этади.
Ихтиёрий диққатнинг нерв физиологик асосида мия ярим шарларининг пўстида вужудга келадиган оптимал
қўзғалиш манбаи билан иккинчи сигналлар
системасининг фаолияти ётади. Ихтиёрий диққатнинг юзага келишида нутқнинг роли ғоят каттадир. Чунки кўпчилик ҳолларда ҳоҳ таълим жараёнида бўлсин, ҳоҳ
меҳнат жараёнида бўлсин нутқ орқали турли вазифалар қўйиш билан ихтиёрий диққат ишга солинади.
Шуни айтиш лозимки, ихтиёрий диққат ҳар доим
ихтиёрсиз диққат билан алмашиниб туради. Ихтиёрий диққат вақтида одам тез чарчайди, чунки ихтиёрий диққат одамдан ҳамма вақт ирода кучини сарфлашни талаб этади. Ирода кучини сарфлаш орқали, яъни одам ўзини мажбур қилиш орқали диққатни сафарбар қилиши одамни чарчатади. Ихтиёрсиз диққатда эса ҳеч қандай
ирода кучини ишга солиш талаб этилмайди. Шунинг учун ихтиёрсиз диққатда одам чарчамайди. Ана шу жиҳатдан олганда таълим ва меҳнат жараёнида ихтиёрий диққатнинг вақти-вақти билан ихтиёрсиз диққатга ўтиб туриши яхши бўлади.
Ихтиёрий ва ихтиёрсиз диққатдан ташқари унинг яна бир алоҳида турини ихтиёрийдан сўнгги диққатни кўрсатиб ўтиш мумкин. Бу тушунча психологияга Н.Ф.Добринин томонидан киритилган.
Агар мақсадга қаратилган фаолиятда шахс учун диққатнинг ихтиёрий тўпланганидаги каби фақат фаолият
натижаси эмас, балки унинг мазмуни ва жараённинг ўзи қизиқарли ва аҳамиятли бўлса ихтиёрийдан сўнгги диққат деб тушуниш мумкин. Бу ҳолда фаолият кишини шу қадар қизиқтириб юборадики, у диққатни объектга қаратиш учун сезиларли иродавий куч - ғайрат сарфламаса ҳам бўлаверади. Шундай қилиб,
ихтиёрийдан сўнгги диққат ихтиёрий диққатдан кейин намоён бўлган ҳолда шунинг ўзидангина иборат деб
ҳисоблаш мумкин эмас. Масалан, юқори синф ўқувчиси имтиҳонга тайёрланаётиб қийин китобни қисқача мазмунини ёзиб чиқар экан, олдинига ўзини диққат-
эътиборли бўлишга, чалғимасликка мажбур қилади. Лекин кейинчалик у ишга шундай қизиқиб кетадики, оқибатда уни китобдан чалғитиш қийин бўлади.
Даставвал иродавий куч-ғайратлар мададига таянган диққат ихтиёрийдан сўнгги диққатга айланади.
Ихтиёрийдан сўнгги диққат бирор нарсага узоқ вақт давомида жуда ҳам барқарор қаратилиши билан
белгиланади, кўпроқ юқори даражадаги жадал ва унумли ақлий фаолиятнинг барча турдаги меҳнатнинг юксак унумдорлигини асосли равишда ана шундай диққат тури билан боғлиқ деб ҳисоблайдилар.
Диққат хусусиятлари
Одамнинг диққати бир қанча хусусиятларга эга бўлиб, улардан асосийлари–диққатнинг кучи ва барқарорлиги, диққатнинг кўлами, диққатнинг бўлинувчанлиги ва диққатнинг кўчувчанлигидан
иборатдир. Диққатнинг мазкур хусусиятлари қуйидаги
жадвалда тўлиқ акс эттирилган ва шунга мувофиқ ҳар бирига қисқача таъриф бериб ўтамиз.
Диққатнинг кучи ва барқарорлигига кўра одамларнинг диққатлари ўзининг кучи ва барқарорлиги жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Айрим одамларнинг диққати кучли ва барқарор бўлса, бошқа бир одамларнинг диққати кучсиз ва беқарор бўлади.
Диққатнинг кучи ва барқарорлиги деб, одам ўз диққатини бирор нарса ёки ҳодисага узоқ муддат давомида муттасил қаратиб тура олишига айтилади. Диққатнинг кучи ва барқарорлиги инсон ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга. Чунки диққатни маълум муддат бирор нарсага муттасил, яъни узлуксиз тарзда қарата одам ишлай ҳам олмайди, ўқий ҳам олмайди ва ҳатто ўйнай ҳам олмайди.
Диққатнинг кучли ва барқарор бўлиши бир қанча сабабларга боғлиқдир. Биринчидан, диққатимиз қаратилган нарсанинг хусусиятлари, биз учун бўлган аҳамиятига, иккинчидан диққатимиз қаратилган нарса билан амалга ошириладиган фаолиятларимизга,
учинчидан нерв системасининг айрим хусусиятларига боғлиқдир. Буларнинг ҳаммаси объектив, яъни бизнинг иродамиз билан боғлиқ бўлмаган сабаблардир.
Диққатнинг кучи ва барқарорлиги албатта субъектив, яъни одамнинг айни чоғдаги ҳолати билан ҳам боғлиқ. Масалан, айни чоғда бетоброқ бўлиб турган одамнинг ёки бошига бир оғир ташвиш тушган одамнинг диққати кучли ва барқарор бўла олмайди.Одамлар ўз
диққатларининг кўлами жиҳатидан ҳам бир-бирларидан фарқ қиладилар. Айрим одамлар диққатининг кўлами
кенг бўлса, бошқа бир одамлар диққатининг кўлами торроқ бўлади. Диққатнинг кўлами айни бир вақтда одамнинг идрокига сиғиши мумкин бўлган нарсалар миқдори билан белгиланади. Бошқачароқ қилиб
айтганда, идрок қилиш жараёнида диққатимиз қаратилган нарсалардан қанчасини онгимизга сиғдира олишимиз диққатнинг кўламини ташкил этади .
Диққат кўламини тажриба йўли билан аниқлаш қийин эмас. Бунинг учун диққатнинг кўламини аниқлаётган одамга айни бир вақтнинг ўзида бир неча ўзаро боғланмаган ҳарфларни, рақамларни ва турли геометрик шаклларни кўрсатиш йўли билан аниқлаш мумкин. Бунда одам кўрсатилаётган нарсалардан айни вақтда қанчалик кўпини бирданига идрок эта олса, унинг диққати шунчалик кенг бўлади.
Диққатнинг кўлами одатда тахистоскоп деган махсус асбоб билан аниқланади. Бу асбоб ёрдамида айни бир вақтнинг ўзида идрок эттириладиган нарсалар жуда тез кўрсатилади. Бунда одам ўз диққати доирасига қанча нарса сиғдира олса, ана шунга қараб диққатнинг кенг ёки торлиги аниқланади. Ўтказилган тажрибаларнинг кўрсатишича, катта ёшли одамларда ўз диққат доираларига айни бир вақтда 3 тадан 6 тагача бир-бири билан боғлиқ бўлмаган нарсаларни сиғдира оладилар.
Диққат кўламининг кенг бўлиши одам идрок қилаётган нарсаларини атрофлича ва чуқур акс эттириши,
бинобарин билиш жараённинг сифатли бўлиши учун жуда катта аҳамиятга эгадир.Одамнинг диққати бир вақтда фақат битта нарсагагина эмас, балки иккита ёки учта нарсага ҳам бирданига қаратилиши мумкин. Ана шундай пайтларда диққатнинг бўлиниши талаб қилинади. Демак, диққатнинг бўлиниши деганда биз айни бир вақтда диққатимизни икки ёки уч нарсага қаратишимизга
айтамиз. Агар диққатимиз битта нарсага қаратилган бўлса, яъни диққатимиз битта нарса устида тўпланган бўлса, уни концентрациялашган (тўпланган) диққат деб юритилади. Бунинг аксинча агар диққатимиз айни бир вақтда бир неча нарсага қаратилган бўлса, буни
бўлинган, диққат деб юритилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, аслини олганда диққатнинг айни бир чоғда икки ёки ундан ортиқ нарсага
қаратилиши, яъни бир неча нарсаларга бўлиниши амалий жиҳатдан мумкин эмас. Шунинг учун диққатнинг
бўлиниши, яъни айни бир вақтда икки ёки уч нарсага
бирданига қаратилиши ўз моҳияти жиҳатидан диққатнинг бир нарсадан бошқа бир нарсага ниҳоятда тезлик билан бўлинишини талаб қилган вақтда диққатимиз бир нарсадан иккинчи нарсага шу қадар тезлик билан кўчадики, буни биз пайқай олмаймиз. Натижада диққатимиз айни бир вақтнинг ўзида бир неча нарсаларга бирданига қаратилаётгандек бўлиб кўринади.
Диққатнинг ана шундай бўлинувчанлик хусусияти ҳаётда жуда катта аҳамиятга эга. Чунки бир қанча меҳнат турлари диққатнинг бўлинувчанлик хусусиятига эга
бўлишликни талаб қилади. Бундай хусусият педагоглар учун жуда зарур бўлган хусусиятдир. Масалан, тарбиячи болалар билан бирор машғулот ёки суҳбат ўтказаётган пайтида диққатни бир неча нарсаларга, яъни гапираётган гапига, болаларни қулоқ солиб ўтиришларига ва бундан сўнг нималар ҳақида гапиришга қарата олиши лозим. Ана шундагина тарбиячи суҳбат ёки машғулот пайтида
гуруҳни бошқара олади.
Диққатнинг бўлиниши ҳар кимда ҳар хил бўлади. Бунинг сабаби шундаки диққатнинг енгиллик билан бўлиниши диққатимиз қаратилган нарсаларнинг илгаридан бизга қанчалик танишлиги билан боғлиқдир. Агар диққатимиз қаратилган нарсаларнинг айримлари бизга яхши таниш бўлса яъни биз уларни илгаридан яхши билсак фаолият жараёнида бир неча ишларни бирданига яъни бирга қўшиб бажара оламиз. Масалан, ёзиш ҳаракати
илгаридан бизга яхши таниш бўлгани учун дарсда ҳам эшитиб, ҳам ёзиб ўтира оламиз. Шундай қилиб, диққатнинг бўлинувчанлиги жуда кўп фаолиятларимиз учун зарур бўлган хусусиятдир.
Диққатнинг кўчувчанлиги одамнинг диққати ҳар доим бир нарсадан иккинчи бир нарсага, бир фаолиятдан
иккинчи фаолиятга кўчиб туради. Диққатнинг ана шундай хусусиятини диққатнинг кўчувчанлиги деб юритилади.
Диққатнинг кўчувчанлиги диққатнинг бўлунувчанлиги
билан боғлиқ хусусиятдир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, диққатнинг айни бир вақтда бирданига бир неча нарсага қаратилиши, яъни диққатнинг бўлиниши ўз моҳияти
жиҳатидан диққатнинг бир нарсадан иккинчи нарсага жуда тез кўчишидан иборатдир. Ана шу жиҳатдан олганда диққатнинг кўчувчанлик хусусияти жуда кўп фаолият ва унинг турлари учун зарур бўлган хусусиятдир. Масалан, ҳикоя ўқиб бериш машғулотида болалар ўз диққатларини ҳикоя эшитишдан сурат кўришга, ундан сўнг яна
эшитишга бемалол кўчира олишлари керак. Агар мактаб ўқувчиларига нисбатан оладиган бўлсак, ўқувчилар ўз диққатларини бир дарс предметидан бошқа бир дарс предметига бемалол кўчира олишлари керак. Акс ҳолда ўқувчилар ўтган дарс таъсирида ўтириб, янги дарснинг мазмунини сифатли ўзлаштира олмайдилар.
Диққат ҳамма вақт ҳам бир нарсадан иккинчи нарсага, бир фаолият туридан бошқа бир фаолият турига осонлик билан кўча бермайди. Баъзан қийинчиликларга тўғри
келиб қолади. Албатта бунинг ўз сабаблари бордир. Масалан, бундай сабаблардан бири - диққатимиз кўчирилиши лозим бўлган нарсалар ёки ҳаракатлар ўртасида боғланиш бор ёки йўқлигига боғлиқ. Агарда
диққатимиз кўчирилиши лозим бўлган нарсалар ўртасида маълум жиҳатдан мазмуний боғлиқлик бўлса,
диққатимиз осонлик билан кўчади. Одамнинг
қизиқишлари ва эҳтиёжлари билан боғлиқ бўлган нарсаларга ҳам диққат енгиллик билан кўчади.
Шундай қилиб, диққатнинг ана шу юқорида кўриб ўтган асосий хусусиятлари одамнинг барча турдаги
фаолиятлари учун жуда керакли хусусиятлардир. Диққатнинг ана шу хусусиятлари туфайли одам
атрофидаги муҳитга, ундаги турли туман ўзгаришларга тез мослаша олади. Диққатнинг бу асосий хусусиятлари одамга туғма равишда, яъни ирсий йўл билан
берилмайди. Бу хусусиятлар одамнинг ёшлик чоғидан бошлаб турли фаолиятлар ўйин, ўқиш ва меҳнат фаолиятлари жараёнида таркиб топиб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |