Юридик шахслар томонидан тўланадиган солиқлар ва унинг аҳамияти.
Солиқлар – бу жисмоний ва юридик шахслар даромадлари ҳамда мулкларидан маълум (қонунда белгиланган) бир қисмини давлатнинг молиявий имкониятини таъминлаш мақсадида мажбурийлик, қайтармаслик, давлат мажбурловини қўллашлик асосида бюджетга ўтказишнинг бирдан-бир қонуний усулидир.
Солиқлар миллий даромадни давлат тасарруфига олишнинг энг муҳим воситасига айлангани сабабли, улар макроиқтисодиётни тартибга солишда борган сари муҳимроқ рол ўйнамоқдаки, ЯММ умумий ҳажмида солиқ тушумлари салмоғининг кўпайиши бунинг кўрсаткичи ҳисобланади.
Солиқларни таснифлаш - солиқларни муайян характерли белгилари, яъни уларни ундириш усуллари, қўлланиладиган ставкалар тури, солиқ имтиёзлари ва ҳоказолар бўйича гуруҳлашдир.
Солиқларни турлари бўйича таснифлашга бир неча белгилар асос қилиб олинган. Ҳалқаро амалиётда иккита асосий тасниф гуруҳлари қабул қилинган-бевосита ва билвосита солиқлар. Ушбу гуруҳлар солиқ солиш объектига ва тўловчи билан давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларга боғлиқдир.
Бевосита солиқлар бевосита даромад ва мол-мулкка белгиланади (солиққа тортишнинг бевосита шакли), яъни бевосита солиқларнинг узил-кесил тўловчиси даромад олувчи (мол-мулкка эгалик қилувчи ва ҳ.к.) хўжалик субъекти ҳисобланади.
Солиқ тўловчининг даромади (иш хақи, фойда, фоизлар ва бошқалар) ва мол-мулки (ерлар, уйлар, қимматли қоғозлар ва бошқалар) қиймати бевосита солиқлар объектидир.
Билвосита солиқлар - нарх ёки тарифга устама кўринишида белгиланадиган, товар ва хизматлардан олинадиган солиқлар. Билвосита солиқларга товарни сотиш нархида тўланадиган ёки тарифга киритилган товар ва хизматларга солинадиган солиқлар киради, яъни билвосита солиқларнинг пировард тўловчиси бўлиб, товар истеъмолчиси майдонга чиқади, унинг зиммасига солиқ нархда кўзда тутилган устамалар орқали юкланади. Мазкур ҳолда корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган товарлар ва хизматларни сотиб, солиқ суммалари ҳисобга олинган пул суммаларини оладилар, сўнгра олинган барча солиқ суммаларини тегишли тартибда бюджетга ўтказадилар.
Билвосита солиқ солишда давлат амалда янги қийматни тақсимлаш иштирокчисига айланиб, товар ёки хизматларни сотиш пайтида ушбу қийматнинг бир қисмига бўлган ўз ҳуқуқларини эълон қилади.
Бевосита солиқлардан фарқ қилиб, билвосита солиқлар бевосита тўловчининг даромади ёки мол-мулки билан боғланмайди. Одатда, шахсий истеъмол товарлари шунингдек аҳолига сартарошхоналарда, кимёвий тозалаш шоҳобчаларида, автотранспорт корхоналари томонидан кўрсатилган ва ҳоказо хизматлар солиқ солиш объекти ҳисобланади. Билвосита солиқларга тортиладиган товарлар ва хизматлар сони мунтазам равишда ошиб боради.
Бевосита солиқлар салмоғининг камайиши корхоналарнинг моддий-техника базасини кенгайтиришга, қўшимча маҳсулот ишлаб чиқаришга олиб келадиган бўлса, билвосита солиқлар салмоғининг кўтарилиши корхоналарда инвеститсион фаолиятини ривожлантиришга имкон яратади.
Солиқлар мажбурий тўлов бўлиб, қонун асосида ундирилади. Демак, солиқларда, молияда бўлгани сингари доимий қайтарилиб турадиган молиявий воқеликлар, аниқроғи пул муносабатлари бўлади. Ана шу пул муносабатларининг мазмунини очиш орқали солиқлар моҳияти очилади.
Умумдавлат ва маҳаллий бюджетларга тўланадиган солиқларнинг асосий қисми юридик шахслар зиммасига тўғри келади. Шу билан биргаликда давлат мақсадли фондларига тўланадиган мажбурий тўловларнинг ҳам каттагина қисмини юридик шахслар тўлайди. Юридик шахслар томонидан солиқлар ва мажбурий тўловларнинг ўз вақтида ва тўғри тўланиши, аввало, уларда солиқ ҳисобининг қай даражада юритилишига боғлиқ. Солиқ ҳисобини тўғри ташкил қилиш ва юритишда ҳисобнинг асосий вазифалари белгилаб олинади.
Солиқ ҳисобининг асосий вазифалари қуйидагилардир:
- юридик шахслар томонидан солиқлар ҳамда мажбурий тўловларни ўз вақтида ва тўғри ҳисоблаш;
- ҳисобланган солиқ ва мажбурий тўловларни давлат бюджети ҳамда давлатнинг мақсадли фондларига ўз вақтида тўланишини таъминлаш;
- солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича белгиланган имтиёзлардан кенг фойдаланиш.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар Солиқ кодексига амалга киритилган эди.
Солиқ кодексда солиқлардан кўзланган мақсад давлат ижтимоий кафолатларининг молиявий базасини таъминлаш, юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш, табиий бойликлардан тежаб-тергаб фойдаланишни ва атроф-муҳитни муҳофаза этишни рағбатлантириш, деб белгиланган.
Мазкур Кодексда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилувчи солиқлар, солиқ тўловчилар, солиқ солиш объектлари, солиқ тўлаш тартиби, солиқ солиш юзасидан бериладиган имтиёзлар, қонунни бузганлик учун жавобгарлик ҳамда солиқлар тўлаш муносабати билан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишнинг умумий тартиби белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Солиқ кодексда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар амал қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |