Ассалому алайкум қадрли ватандошлар!
Хурматли устоз ва мураббийлар!
Қадрли ўқувчилар ва меҳмонлар!
Бугун юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби ушбу таълим муассасасида ҳам “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Мен шу фурсатдан фойдаланиб, барча тадбир иштирокчиларини, айниқса билим даргоҳининг
1-синфига илк қадам қўяётган болажонларимизни “Билимлар куни” билан қизғин табриклайман.
31 август куни мамлакатимизда энг улуғ ва энг азиз байрам Мустақиллик куни кенг миқёсда нишонланди. Кўп миллатли Ўзбекистон халқи жонажон Ватанимиз истиқлолининг шонли ўттиз йиллик тўйини зўр шоду хуррамлик билан кутиб олдилар.
Халқимизнинг катта байрамида Президент Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда айнан таълим ва тарбия жараёнига берилган эътибор тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Давлатимиз раҳбари бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт-ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган ҳикматли сўзларини келтириб, кейинги йилларда масалага мана шундай ёндашув бизнинг ушбу соҳадаги фаолиятимиз мезонига айланганлигини, “Агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиришини, инсон ўзгарса – бутун жамият ўзгариши”ни таъкидладилар.
Ҳақиқатан ҳам кейинги 5 йил ичида фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, юқори малакали кадрлар тайёрлашни тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, туманимизда ҳам таълим тизимида кейинги йилларда амалга оширилган ишларга тўхталадиган бўлсак, ўтган ўн йилларга нисбатан анча салмоқли ижобий ишлар қилинганлиги маълум бўлади.
Жумладан, маҳаллий бюджетдан мактабларнинг моддий–техник базасини яхшилаш учун 2018-2021 йилларда инвестиция дастури асосида 6 та, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 7 та мактаб мукаммал таъмирланди. Бундан ташқари туманимизда янгидан 1 та мактаб қурилди. Ушбу қурилиш таъмирлаш ишларига Республика ва маҳаллий бюджетдан
33 млрд. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
2021 йилда инвестиция дастури асосида тумандаги 3 ва 7-умумий ўрта таълим мактаблари мукаммал таъмирланиб, ҳар бирисига 5 млрд сўмдан ортиқ маблағ, “Обод қишлоқ” дастури асосида тумандаги 34 ва 36-умумий ўрта таълим мактабларининг ҳар бирисига 4 млрд сўмга яқин маблағ ажратилиб, замонавий кўринишга келтирилди.
2016 йилда умумтаълим мактабларини компьютер техникаси билан таъминланиши
68% фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилда
100 фоизи таъминланиб 2016 йилга нисбатан 32% га ортди.
2020 йил якунига келиб тумандаги 44 та мактабнинг барчасига оптик толали интернет тармоғи ўтказилиб, интернет тезлиги 2016 йилга нисбатан 100 баробарга ошди.
Жорий ўқув йилидан туманда 1 та (1-ИДУМ), ахборот комуникацион технологияларига ихтисослаштирилган мактаб ҳамда 1 та (43-ИДУМИ) хорижий тиллар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўз иш фаолиятини бошлайди.
Натижада туманимиз умумтаълим мактабларида ўқиётган иқтидорли ўқувчилар учун ўз қобилиятларини янада ошириш ва Республика ҳамда Жаҳон миқёсида юқори натижаларга эришишлари учун имконият яратилди.
2016 йилгача тумандаги 25 та мактаб тоза ичимлик суви билан таъминланган эди.
2018 йилда 5 та, 2019 йилда 6 та, 2020-2021 ўқув йилида 8 та, жами 19 та таълим муассасаларига сувни тозалаб берувчи қурилмалар ўрнатилиб, тумандаги таълим муассасалар 100 % тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Тумандаги 44 та мактабдан 16 та мактабда сунъий қопламали спорт майдончалари ишга туширилди, ҳозирда 19 та мактабда қурилиш ишлари давом қилмоқда.
Шунингдек, 2020-2021 йилда олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши бўйича туманимиз вилоятда биринчи ўринни эгаллади.
Ўтган 4 йил мобайнида 16 нафар ўқувчилармиз Республика даражасидаги олимпиада ва беллашувларда ғолибликни қўлга киритдилар.
2019-2020 ўқув йили битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичи 16 % ни ташкил этган бўлса, бугунги ҳолат бўйича бу йилги битирувчиларнинг 25 % дан ортиғи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинганлиги барчамизни хурсанд қилиб Бу кўрсаткич янада ошиши кутилмоқда.
Бугун ўз бағрига болажонларни чорлаётган ушбу мактаб ҳам давлатимиз томонидан берилган эътибор туфайли моддий-техник базаси яхшиланиб, барча керакли жиҳозлар билан таъминланмоқда. Эндиги вазифа яратилган шароитлардан кенг фойдаланган ҳолда билим чўққиларини эгаллаш, ватанимизга, халқимизга ва Президентимизга содиқ фарзанд бўлиб, чин маънода ватанпарвар, содиқ инсон бўлиб етишиш лозимдир.
Мен фурсатдан фойдаланиб, бугун Президент совғаларини олиш бахтига мушарраф бўлаётган, 1-синфга қабул қилинган ўқувчиларимизга оқ йўл, 11-синфга қадам қўйиб, қалбларида юксак орзулар билан турган ўғил-қизларимизни орзуларига етишишларида омад тилайман.
Тадбирда қатнашаётган барча меҳмонларимизни, мактаб жамоасини, ўғил қизларимизни яна бир бор “Билимлар куни” билан табриклайман. Юртимизни тинчлик хотиржамлик, халқимизни соғлик омонлик тарк қилмасин.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Do'stlaringiz bilan baham: |