6.5.2. Баҳорги - ёзги кана энцефалити
Ўткир канали (ўрмон) баҳорги-ёзги энцефалитни арбовируслар келтириб чиқаради. У одамни ixodes persulcatus ва ixodes ricinus туридаги кана чаққанда юқиб қолади. Майда жониворлар: сичқонлар, типратиканлар, бурундуқлар вируснинг табиий ўчоғи ҳисобланади. Кана чаққанда вирус ҳайвоннинг қонидан кананинг сўлак безларига тушади; сўнгра бошқа ҳайвонларга ва одамга юқиши мумкин. Вирус тутган эчки сутини ичганда ҳам юқиб қолиши мумкин. Кана энцефалити Узоқ Шарқ, Сибир, Ўрол, Россиянинг ва Марказий Оврўпанинг баъзи районларида тарқалган.
П а т о г е н е з и. Вирус организмга тушгандан кейин кирган жойида зўр бериб кўпая бошлайди (чаққанда терида ёки алиментар зарарланишда меъда-ичак йўлида). Кейин касаллик юққандан бошлаб, 4- кунга бориб қўзғатувчи қонга ва мияга тушади.
П а т о м о р ф о л о г и я. Бош мияда яллиғланишга хос ўзгаришлар, асосан мия устунида ва орқа миянинг бўйин кенглиги соҳасида топилади, пардалар шишинқирайди, жуда кўп майда-майда қон қуйилади.
К л и н и к а с и. Касаллик тана ҳароратининг шиддатли баланд бўлиши, бош оғриши билан бошланади, бош оғрийди, бемор қусади. 2-3 кундан кейин менингиал симптомлар ва қўлларнинг периферик фалажланиши қўшилади. Бўйин мушаклари бўшашиб кетганидан беморнинг «боши осилиб» қолиши ўзига хос бўлади. Оёқлар, одатда интакт. Баланд ҳарорат 7-9 кун туради, кейин тушади, бош оғриши камаяди. Касалликнинг 3-ҳафтасида реконвалесценция даври бошланади, яъни тузала бошлайди. Тикланиш даври турлича. Бемор бутунлай асли ҳолига келиши ёки неврологик нуқсон (елка камари мушаклари атрофияси, фалажлик) қолиши мумкин. Кана энцефалитининг «классик» туридан ташқари, менингиал, иситмалаш ва полирадикулоневритик турлари баён этилган, улар асосан нерв тизимининг маълум бир структураларининг зарарланиши билан фарқ қилади.
Д а в о л а ш в а п р о ф и л а к т и к а . Кана энцефалитини даволаш учун кана энцефалитига қарши титрланган гаммаглобулиндан фойдаланилади. 6 млдан мушак орасига 3 кун давомида киритилади. Шунингдек эндемик ўчоқда яшайдиган донорлар плазмасидан олинган зардобли иммуноглобулин киритилади, рибонуклеаза 30 мгдан ҳар 4 соатда мушак орасига 5 кун юборилади. Касалликнинг ўткир даврида симптоматик даволаш, детоксикацион терапия муҳим. Тикланиш даврида комплекс тиббий ва ижтимоий реабилитация ўтказилади.
Профилактика сифатида эпидемиологик кўрсаткичларга кўра, тўқимали инактивирланган вакцина билан эмланади. 1 мл вакцина кузда тери остига 3 марта ва баҳорда 1 марта киритилади, ҳар йили ревакцинация қилинади. Кана чаққан одамларга канага қарши гаммаглобулин киритилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |