Тасвирда меъёр масаласи: тарихий асар ёзишда баъзи ўринларда воқелик қисман бузилган бўлса-да, ёзувчи Амир Темур шахси ва унинг қудратли салтанатидаги душманлар томонидан фитналарни уюштириш манзараларига фалсафий-эстетик жиҳатдан ёндашган. Айрим ўринларда воқелик атайин тўхтатилиб, боб бошига “қайтиб тасвирлаш” усулига мурожаат қилинади. Лекин бир қарашда тасвир интенсив тарзда юмшатилади. Онг ости туйғулари, руҳий босим тўлғонишларида ҳар қандай саркарда ҳам иложсиз қолиши хилма-хил эпизодик лавҳаларда турли даражадаги қаҳрамонлар феълида, аҳволотида ёрқин тасаввур қилиш имконини яратади. Демак, пафос ва ғоя тиғизлиги руҳий кечинма залварини оширишга хизмат қилади.
Тасвирда мотировка масаласи: тарихий ҳақиқат (факт)ларни мотировка қилиш санъати ёзувчи ижодий нияти билан чамбарчас боғлиқдир. Реалистик тенденциялар ривожланиб боргани сайин мотировканинг вазифавий аҳамияти ҳам ортиб боради. Унда муаллиф- қаҳрамон-характер-хотима бирлиги сюжет линияларини жипслаштиради. Муҳаммад Али тарихий жараённи қалбу шуурида қайта ишлаб, характернинг хатти-ҳаракатини фақатиган кузатувчи эмас, уни далиллаш, таҳлиллаш негизида иш тутади. Масалан, ҳар доим иккиланиш орасида қолган Муҳаммад Султон характери ёзувчига – мотировка негизида очиб бериш учун қулай имкон туғдиради. Хонзода хонимнинг қалбидаги
армонлари-ю, бўлғуси келини Соғинч бика изтироблари (соғинч, муҳаббат) лирик ифода янглиғ поэтик тархни барқарорлаштиради.
Тасвирда муаллиф чекинишлари масаласи: ёзувчи Амир Темур шахсини, иродасини юксак маҳорат билан тасвирлаш фонида муаллиф чекинишига кўплаб мурожаат қилади. Муаллиф асосий воқеликни тахмин билан ҳақиқат ўртасида исботлашга ҳаракат қилади. “Улуғ салтанат” тетралогиясида Сароймулкхоним ва Қутлуғ Туркон оға бошчилигидаги тўйлар: жумладан, Жаҳонгир Мирзо ва Хонзода хоним, Муҳаммад султон ва Соғинч бека, сулув энага Холдона биби ва мулозим Муҳаммад Чуроға Додҳоҳ, Оққиз ва Аҳий Жабборларнинг тўй ва оила қуриш саҳналари тўқима образларни ҳам тарихий шахсларга, тўқима воқеиликларни тарихийликларга менгзайди.
Шунингдек, ёзувчи маҳоратининг яна бир исботи чекиниш қилишда тарихий фактларнинг нечоғли ҳақиқатга мослигини исботлаш билан бир қаторда, муайян ўз шахсий-интим кечинмаларини ўқувчига етказиш (асар пафосининг умумий руҳи)га диққат қаратганлигидадир. Масалан, “Ҳар ернинг ўз бўриси бор”, деган ҳикматни сал ўзгартириб, “ҳар замоннинг ўз зўрлари бор”, дейиш мумкин. Замона зўрларининг лат еган иззат-нафс ва иддаолари туфайли урушлар юз беради. Бу ерда куч-қудрат ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бир жиҳати, бари тарихнинг ҳеч кимга бўйсунмас, ўзига хос қонуниятларига боғлиқ”92. Тасвирни мувофиқлаштирувчи сюжетдан ташқари унсурлар ҳам муҳим ўрин тутади. Юқоридаги тасвирда муаллиф чекиниши Мироншоҳ Мирзо ва унинг хатти-ҳаракатлари, тожу тахт вориси бўлиш истаги, ота ва фарзанд муносабатлари қабариқ тасвирни мувофиқлаштирган. Ёзувчи қаҳрамони қалбининг ҳасратларини замона зайли билан боғлайди. Модомики, гап ҳикоя қилиш вақти билан сюжет вақти ҳақида бораётган экан, давр зиддиятида акс эттирилган концепция тугал яхлитликни намойиш этади.
92 Муҳаммад Али. Улуғ салтанат. 1 жилд. –Т.: Шарқ. 2010. –Б.298.
Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” тетралогиясида – ғоя ва бадиий пафос ўзаро яхлитлиги ёзувчи ижодий ниятининг баркамоллигини кўрсатади. Тасвирдаги меъёр билан мувофиқ мотировка адабий пафос даражасини поэтик жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тарихий жараённинг узил-кесил воқелиги пафосни ёзувчи истеъдодининг бир узви сифатида асослайди. Натижада, ёзувчи бадиий вақт меъёрларини қиёслаш, қайта ҳикоялаш, қолиплаш усулларида вазифадошликни бирлаштиради. Далил ва исбот талаб қиладиган тасвирлаш усулида воқелик синкретик бошқарувини қўлга олади. Амир Темур каби чуқур мулоҳазага эга шахс руҳиятини аниқ-равшан ёритиш учун ижодкор ана шундай тасвир усулларига мурожаат қилиши айни ҳақиқатдир. Бир томондан – воқелик табиий, ишонарли, таъсирли ва барча учун тушунарли бўлишга кенг йўл очганлиги шубҳасиздир.
Роман-эпопеянинг биринчи жилдида Жаҳонгир Мирзо ва Хонзода хонимнинг учрашув саҳнаси жуда оддий тасвирланган. Қароқчиларга дуч келган (бу тўлақонли бадиий тўқима!) Хонзода хоним ва Оққизнинг руҳий тўлғонишлари тимсолида янада ёрқин намоён бўлади. Руҳан боғланган опа- сингил нутқида шевага хос сўзлар умуман кўринмайди. Бу эса роман тўқималарига атайин киритилган эпизодик лавҳалар бўлиб, асар композициясида муайян эстетик вазифани бажаришга хизмат қилганлигини ҳис қилиш қийин эмас:
“Хонзода хоним эндигина ўн уч ёшга кирди.
Малика билан канизакнинг бирваракайига ҳо-ҳолаганлари эшитилди.
– Намунча тикиласен?.. – сўради Хонзода хоним Оққизни енгилгина туртиб. – Одам кўрмаганмусен?
–Қанчалар чиройликсиз, маликам!”
–Оққиз Хонзода хонимни қучоқлаб олди.
–Вой, суйкалишини қарангиз...
Кулишдилар. Хушчақчақ қизлар саройга қараб юрдилар.
–Биласенму, Оқ... Нима демоқчимен? Қани, топ-чи?
–Улар бахтиёр ҳовлини айлана бошладилар.
–Топсам... нима берасиз? – дарҳол аймоқликка ўтди Оққиз.
–Вой, очкўз-е! Сенга нима керак экан?
–Шаҳар берасизми?
–Қайси шаҳарни истайсен?
–Фақат Кот керакмас...
–Ие!
–Хевақ керакмас...
–Ўла қолинг!.. – чиройли лабларини бурди Хонзода хоним.
–Марви Шоҳижаҳон керакмас...
–Вой-вуй! Ҳали мен сенга бердиму, сен олмадинг...
–Ҳа-да!”93
Ушбу лавҳада кўрганимиздек, ёзувчи ҳозирги адабий тил билан ўша пайтдаги Самарқанд шевасини аралаштириб қўллайди. Бу асар поэтик қийматига жуда жиддий таъсир кўрсатади. Яна шуниси муҳимки, асар бошида Хонзода хонимнинг ёшини ўн тўртга қадам қўйган дея таърифлайди. Асар ўрталарида эса ўн учга тўлганлиги ҳақида поэтик ахборот беради. Бир қарашда ёш нуқтаи назаридан ҳар иккала қаҳрамоннинг диалогик мулоқоти ўқувчи тасаввурида бошқача аҳамият касб этиши тайин. Негаки, мазкур характерлар тадрижий эволюциясида “катта одамни кичрайтириб қўйгандек” таассурот уйғотади китобхонда. Бу эса асар композициясида жиддий нуқсон саналади. Аслида, муаллиф Жаҳонгир Мирзо ва Хонзода хонимнинг учрашув лаҳзасини А.Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романидаги каби тасвирлаш принципларига хамоҳанг чиқармоқчи бўлади. Аммо, лекин бу мулоқот иккала қиз орасида кечади. Бир қарашда, ёзувчи айнан шу жиҳатга мантиқий урғу бермоқчидек туюлса-да, муҳаббат оловининг бирданига авж олиши тарихий ҳақиқатга соя солади.
93 Муҳаммад Али. Жаҳонгир Мирзо. Тетралогия. 1-жилд. –Т.: Наврўз, 2019. –Б.250.
Инсон қалбидаги изтироблар юзага чиқиши биланоқ ижтимоий муҳит сурати унда ўз аксини кўрсатади. Муҳаммад Алининг қаҳрамонлар руҳиятидаги узил-кесил ўсиш-ўзгаришлар динамикаси маънавий бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилиши билан бир қаторда сюжет шиддатини бир мунча тезлашувига олиб келган. Диалектал бирликлар қаҳрамон муносабатларига унчалик ўтиришмагандек. Бинобарин, мурғак қалб тўрида куртак ота бошлаган муҳаббат учқуни ҳамиша безовталик исканжасида, хавотир ва иккиланишлар орасида нафас олишга маҳкум. Бир томонда Соҳибқирон кайфияти билан ҳисоблашиш, бир томонда “хон қизига лойиқ бир йигит” бўлиш масъулияти тобора мураккаб зиддиятларни келтириб чиқаради. Аслида, матн тагзамирида муайян информатор – муаллиф нутқи ва характер тадрижий ўсиш-ўзгаришлари поэтик вақт табиатини ўзгартириб юбориши тайин. Шу маънода, адиб хоҳ шева, архаик сўзлар бўлсин, ҳар қандай лексик бирликларни истифода қилганда шароит тақозоси ва муҳит кайфиятини ҳам ҳисобга олиши зарур.
Муҳаммад Алининг мазкур тетралогиясида ҳали қайта ишлайдиган таҳрирталаб, тарихий ҳақиқатни бўрттириш орқали тасвирланган саҳналар талайгина. Уни кейинги нашрларида жиддий кўриб чиқиш лозим. Чунки Амир Темурдек улуғ мамлакат соҳиби ҳақида сўз айтиш (бадиий асар ёзиш)да ўта эътиборли бўлиш мақсадга мувофиқдир. Негаки, чинакам тарихий фактларни, ҳужжатларни синчиклаб ўрганиш, ҳарб саҳналари бўлсин, мажлису мулоқотлар бўлсин ўз ўрнида поэтика қонуниятларига жиддий амал қилиш ўзлигимизни янада теранроқ англашга, баркамол авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.
Бадиий асар композициясида муҳим ўрин тутадиган адабий истилоҳлардан бири – портрет бўлиб, у қаҳрамон тийнатини теранроқ тасаввур қилиш имконини беради. Шу маънода, тарихий асарларда давр ва муҳит сувратини тўлақонли намоён қилишга ҳам кенг йўл очади. Ёзувчи воқеликни инкишоф ва идрок этишида бадиий тўқималардан ўрни-ўрнида фойдаланиш зарурлигини ҳам тақозо этади. Адабиётшунослик луғатларида
бадиий портретнинг шартли равишда динамик ва статик турлари фарқланади. Статик дейилишига сабаб эса, портретнинг бу навида персонажнинг ташқи қиёфаси сюжет воқеаси тўхтатилган ҳолда анча муфассал, деталлаштириб чизилади. Одатда бундай портретлар персонаж асар воқелигига илк бор кириб келганида берилади. Динамик портрет деганда эса муфассал тасвир эмас, балки воқеа ва диалоглар тасвирида, яъни ҳаракат давомида бериб борилувчи персонаж ташқи кўринишига хос айрим деталлар назарда тутилади94. Бинобарин, Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” тарихий тетралогиясида Соҳибқирон Амир Темурнинг суюкли фарзандлари, келинлари, саркардалари, саййидлари, пиру муршидлари, меъморлари, вазир ва сипоҳлари-ю, ғанимларининг портретлари маҳорат билан очиб берилган. Биз ушбу ўринда Амир Темурнинг тўнғич фарзанди Жаҳонгир Мирзо портретига берилган чизгилар хусусида баҳс юритамиз.
Муҳаммад Али роман-эпопеянинг ҳар бир жузвида йигирмадан ортиқ бадиий портретларни чизишга мушарраф бўлган. Бу йўсинда иш кўриш эса ёзувчига жуда қўл келган. Яъни, тарихий ҳақиқатни поэтик идрок қилиш борасида анчайин ишонарли чиқишида яққол сезилади. Эътибор берайлик: Жаҳонгир Мирзо характерига берилган бадиий чизгиларда у камгап, камсуқум, жўмард ва вафодор инсон каби кўз олдимизда гавдаланади. Бундай тавсифлаш адабий портретнинг статик усулидан кенг турда истифода қилганлигининг шоҳиди бўлдик. Биринчи саҳнанинг ўзидаёқ, ёзувчи Жаҳонгир Мирзо қалбу шуурида акс этган мақсадни, шу мақсад замирида турган ёзувчи бадиий ниятини англаш қийин эмас:
“Жаҳонгир Мирзо табиатан юмшоқ ва кўнгилчан бўлиб ўсди. Ширин хаёлларни ёқтирар, агар хаёллар бир оғушига тортиб кетса, дунёнинг у бошидан кириб бу бошидан чиқарди. Энди ўн беш ёшга қадам қўяётган эсада, тутумнинг босиқ, ўзининг салобатлилигидан йигитларга менгзарди, бунга дуркун, бўйчанлиги ҳам сабабчи эди, албатта. “Бўларининг боласи ўн бешида бош бўлар, бўлмасининг боласи йигирма бешда ёш бўлар”, мақоли
94 Қуронов Д. Мамажанов З. Шералиева М. Адабиётшунослик луғати. –Т.: Академнашр. 2013. Б.226-227.
айни ўн беш ёшли Жаҳонгир Мирзо шаънига айтилгандек эди. Шунинг учун Темурбек сафарга, жангларга кетар экан, ҳар доим хотиржам подшо оила аъзоларини Жаҳонгир Мирзога топширади ва бундан кўнгли тўқ бўлади”95.
Мазкур парча асарнинг тўққизинчи бобида акс эттирилган бўлиб, олдинги тафсилотларда Соҳибқироннинг ҳарб юришлари, тўнғич ўғли Жаҳонгир Мирзо портретига алоҳида, муфассал тўхталмаган. Негаки, ёзувчи асарни “Жаҳонгир Мирзо” деб номлар экан, эпопея сюжетида акс эттирилаётган воқелик тафсилотларида ёғий ва Соҳибқирон зиддиятининг келиб чиқиш сабаблари, омиллари хусусида сўз юритади. Демак, олдинги саккиз бобда сюжетнинг тугун ва воқеалар ривожи Амир Ҳусайн ва унинг қўшинлари тор-мор қилинишига жиддий эътибор қаратади. Ушбу тавсифий характердаги динамик воқелик Жаҳонгир Мирзо атрофида кечаётган барча воқеликларни ўзида уюштира олиши билан ўқувчини қизиқарли саргузаштлар томон етаклайди.
Хулоса шуки, композицион яхлитликни таъминлашда ёзувчи мактуб, адабий портрет, шевага оид сўзлар ҳамда бадиий ғоя бутунлиги пафоснинг аҳамияти ниҳоятда беқиёс эканлигини асослаган. Натижада, ёзувчи талқин ва тасвирни бир-бирига мантиқий боғлашдаги муҳим адабий мезонларга қатъий амал қилган. Зотан, фикрни аниқ, тушунарли, ўқувчи эстетик завқи учун сюжетни пухта таъминлашнинг ўзига хослиги адиб асарларининг тўлдирувчи моҳият касб этиши таҳсинга сазовордир.
Do'stlaringiz bilan baham: |