Д.ОМОНОВАНИНГ “БОШЛАНҒИЧ СИНФ ОНА ТИЛИ ТАЪЛИМИДА АЛГОРИТМИК МАШҚЛАР ТИЗИМИ” ДЕБ НОМЛАНГАН ИЛМИЙ ИШИ
АННОТАЦИЯСИ
Мавзунинг долзарблиги: Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни (1997 й.), “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”(1997), Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори (1998 й.) мактабларда таълим –тарбия сифатини тубдан яхшилашни, уни жаҳон андазаларига мос равишда қайта қуришни, таълимнинг эскириб қолган ва давр талабларига жавоб бермайдиган эскича ўқитиш усулларидан воз кечиш, таълим жараёнида педагогик технологиялардан фойдаланишни бугунги кун талаб этади.
Умумий ўрта таълим мактабларининг узлуксиз ривожланиши учун иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий шарт–шароит яратилмоқда. Жумладан, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қатор меъёрий ҳужжатларда ўқитишни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш соҳасида қатор тадбирлар белгилаб қўйилган. Хусусан, бошланғич таълимда ўқитишга алоҳида эътибор қаратилиб, бунда замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш қайд қилинади.
Бугунги мактаб ўқувчиси жамиятимизда рўй бераётган туб ўзгаришларни ўз кўзи билан кўраётган, уни ақл чиғириғидан ўтказаётган, ҳар бир масалага ўз муносабатини билдира оладиган, дунёқараши ривожланган, фикрлаш олами кенг ўқувчидир. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлиснинг IХ сессиясида (1997 й. 29 август) сўзлаган нутқида: “Демократик жамиятда болалар, умуман, ҳар бир инсон эркин фикрлайдиган этиб тарбияланади. Агар болалар эркин фикрлашни ўрганмаса, берилган таълим самараси паст бўлиши муқаррар. Албатта билим керак. Аммо билим ўз йўлига. Мустақил фикрлаш ҳам катта бойликдир”, - деб қайд қилади. Шундай экан, мактаб она тили таълими олдида турган бош талаб ҳам тафаккури ривожланган, мантиқий мушоҳада юрита оладиган, эркин фикрлайдиган, фикр маҳсулини ҳар қандай шароитда бемалол баён қила оладиган шахсни тарбиялашдир. Модомики шундай экан, она тили дарсликларига киритилган ҳар бир мавзу ва топшириқлар, аввало, шу мақсадга қаратилмоғи зарур. Бу соҳада кейинги йилларда талай ишлар амалга оширилди. Жумладан, замонавий таълим концепцияси асосланиб, давр талабларига мос дастур ва дарсликлар тузилди; билим сифатини тўғри назорат этиш максадида Давлат таълим стандартлари танланиб, жорий қилинди. Бу, шубҳасиз, таълим жараёнида ўқувчилар ўзлаштиришини илмий асосда ташкил этишга замин яратди.
Дарсликларнинг янги авлодини яратиш бўйича алоҳида талаблар ишлаб чиқилди. Дарсликларнинг янги авлодини яратишда, хусусан, она тили дарсларига киритилган машқлар тизимини танлаш, танланган машқлар ўқувчиларнинг мантиқий ва мустақил фикрлашини шакллантиришга хизмат қиладиган тарзда тузиш мақсадга мувофиқлиги алоҳида таъкидланади.
Мустақил фикрлаш тил билимларини пухта эгаллаш билан узвий боғлиқ. Шундай бўлгач, ўқувчиларда мустақил ва мантиқий фикрлашни тарбиялашда она тили етакчи ўқув предмети ҳисобланади.
Тафаккур - онг маҳсули. Она тили машғулотларида бажарадиган топшириқлар, аввало, тафаккурни чархлашга хизмат қилмоғи лозим. Мантиқий ва ижодий тафаккури етарли даражада ривожланган ўқувчи таълим жараёнидаги ҳар қандай муаммони енгишга йўл топади, ўз кучи, ақли, эгаллаган билими, малака ва кўникмаларига таянган ҳолда ўқув қийинчиликларини бартараф этишга қодир бўлади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, бошланғич синф она тили таълими жараёнида ўқувчиларни мантиқий фикрлашга ўргатадиган топшириқлар бўйича дарсликларни таҳлил қилганимизда алгоритмик характердаги машқлар мавжудлиги аён бўлди. Бундан ташқари, алгоритмик машқлар бўйича алоҳида изланишлар олиб борилмаганлиги тадқиқот мавзусининг танланишига асос бўлиб хизмат қилди.
Кузатишларимиздан аён бўлдики, эълон қилинган 1-2 та илмий-усулий мақолалардан ташқари алгоритмик машқлар бўйича алоҳида яхлит тадқиқот бажарилган эмас. Бу эса мавзунинг долзарб эканлигидан далолат беради. Биз юқоридаги фикрларга таянган ҳолда мазкур тақиқот иш мавзусини “Бошланғич синф она тили таълимида алгоритмик машқлар тизими” шаклида расмийлаштиришни лозим топдик.
Do'stlaringiz bilan baham: |