Ҳайвонларга нисбатан патогенлиги. Ботулизм токсинига от, қорамол, қўй, эчки ва қушлар мойил. Тажриба учун, асосан, денгиз чўчқачаси, оқ сичқон, мушук, қуёнлардан фойдаланилади. Денгиз чўчқачасига заҳар юборилгандан сўнг у 3-4 кун ичида ўлади.
Касалликнинг одамлардаги патогенези. Одамларга касаллик ботулизм микроблари ёки токсинлари тушган овқат еганда юқади. Заҳарланиш аксари термик ишлов бериш қоидаларига амал қилинмай, хонадонда тайёрланган консервалар истеъмол қилинганда рўй беради. Бактериялар анаэроб шароитда одам организмида кўпаяди ва заҳар ажратади. Экзотоксин, асосан, беморнинг нерв системасига кучли таъсир этади – бу нейротоксин ҳисобланади.
Ботулизм токсини ичакда сўрилади, қонга ўтади ва бутун организмга тарқалиб, асосан, мускулларга, юрак-томир фаолиятига таъсир этади.
Экзотоксин узунчоқ миянинг ядросини шикастлайди. Касалликнинг яширин даври 2–12 соат. Касаллик тўсатдан бошланади. Беморда умумий ҳолсизлик, қаттиқ бош оғриғи, бош айланиши, безовталаниш ва уйқусизлик кузатилади. Уларда гастроэнтеритга хос белгилар, кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши рўй беради. Бундан ташқари кўз қорачиғининг шакли ўзгаради, кўзни ҳаракатлантирувчи мускулларда фалажлик содир бўлади (1 расм), аккомодация бузилади, ютиш қийинлашади, овоз чиқмай қолади (афония), қулоқ эшитмайди. Бу касалликда ўлим жуда юқори бўлиб, 40–60% ни ташкил этади.
Иммунитети. Бемор соғайганидан сўнг узоқ муддатли кучли иммунитет ҳосил бўлмайди, шунинг учун қайта касалланиш мумкин.
Лаборатория ташҳиси. Текшириш учун бемордан қусуқ, меъда чайиндиси, нажас, мурдадан меъда-ичак суюқлиги, жигардан аутопсия олинади. Бундан ташқари, истеъмол қилинган овқат қолдиғи, тупроқ, сув ҳам текширилади ва қўзғатувчи ажратиб олиниб, серовари аниқланади. Токсинни аниқлаш учун биологик усулдан фойдаланилади. Бунинг учун бир гуруҳ оқ сичқонларнинг териси остига ёки қорин пардасига текширилаётган материал поливалент ботулизмга қарши (А,В,С,Е) зардоб билан бирга юборилади, иккинчи гуруҳдаги оқ сичқонларга эса материал зардобсиз юборилади. Агар иккинчи гуруҳдаги ҳайвонлар ўлса, у ҳолда кенгайтирилган нейтраллаш реакцияси учун ҳар хил типига қарши зардобни алоҳида-алоҳида қўшиб, бирга юборилади ва натижада культуранинг серологик варианти аниқланади.
Соф культурани ажратиб олиш учун текширилувчи материал суюқ озиқ муҳитга экилади ва морфологик, культурал антиген хусусиятларига кўра идентификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |