Копро ва уринокультураларни ажратиб олиш. Қорин тифи ва паратифларнинг 3-ҳафтасида беморнинг нажаси ва пешоби билан кўп миқдорда кўзғатувчилар ташқарига чиқарилади. Беморнинг нажасини экиб ундан культура ажратиб олиш к о п р о к у л ь т у р а, пешобдан культура ажратиш эса у р и н о к у л ь т у р а дейилади.
Бемор нажаси ва пешоби сафроли бульонга, Мюллер, Плоскирев, электив муҳитларга ёки висмут-сульфитли агарга экилади. Ажратиб олинган соф культуралар гемокультурадек идентификация қилинади.
Сувда қорин тифи ва паратиф қўзғатувчилари кам миқдорда бўлади, уларни аниқлашда сузхичлаш усулидан фойдаланилади.
Сувдан қорин тифи ва паратиф сальмонеллаларни ажратиб олиш учун 2–3 л сув махсус фильтрдан ўтказилади, сўнг фильтрлар висмут-сульфитли Петри косачасига қўйилиб термостада 48 соат сақланади. Агар сальмонеллалар бўлса, шу давр ичида муҳит юзасида қора рангли колониялар ҳосил бўлади. Кейин улар идентификация қилинади.
Қорин тифи ва паратифларга лаборатория ташҳиси қўйишда ва аввал шу касаллик билан оғриганлигини аниқлашда бактериологик, серологик усуллар билан бир қаторда қорин тифи ва паратиф бактерияларининг Vi-антигенлари билан тери-аллергик синамаси ҳам қўйилади. Кўпинча бу синама беморнинг соғайиш даврида мусбат бўлади. Ҳозир тез ташҳис қўйишда ПЗР, иммунофлюоресцент реакцияларидан фойдаланилади.
Давоси ва профилактикаси. Қорин тифи ва паратифларни даволаш учун антибиотиклар: левомицетин, ампициллин, тетрациклин, нитрофуран препаратлари берилади. Булар касалликнинг кечишини енгиллаштиради ва у узоқ давом этмайди.
Қорин тифи ва паратифларга қарши умумий профилактик чоралар: беморни тезда аниқлаб касалхонага ётқизиш, касаллик ўчоқларини дезинфекциялаш, бактерия ташувчиларни топиш ва уларни даволаш. Ичак касалликларида, айниқса қорин тифи ва паратифларнинг тарқалишида сувнинг аҳамияти катта, шунинг учун сувни зарарсизлантириш, сув манбаларининг ифлосланишига йўл қўймаслик, ховли ва унинг атрофларини тоза сақлаш, пашша (чивин)ларга қарши курашиш, овқат маҳсулотларини, ҳўл меваларни пашшалардан эҳтиёт қилиш, озиқ-овқат муассасалари ва ошхона ходимларини доимий равишда бактериологик текширувдан ўтказиб туриш ва санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, аҳолининг санитария маданиятини ошириш ва ҳакозолар.
Қорин тифи ва паратифларга қарши эмлаш эпидемилогик кўрсаткичларга кўра ҳозир қорин тифига қарши ўлдирилган ва кимёвий вакциналар ишлатилади. Ўлдирилган вакцина тайёрлашда қорин тифи бактериялари спирт билан ўлдирилади. Кимёвий вакцина қорин тифи бактериясининг Vi-антигенидан тайёрланади, бу нореактоген (кучли реакция бермайдиган) вакцина ҳисобланади. У билан катта кишилар ва ёш болаларни эмлаш мумкин.
Айрим ҳолларда бемор билан мулоқотда бўлганларга ва зарарланган сув, озиқ-овқат, ҳўл меваларни истеъмол қилган кишиларга касалликнинг олдини олиш учун катталарга таблетка ҳолидаги, ёш болаларга эса сальмонеллаларга суюқ бактериофаглар берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |