Aim.uz
Алкоголизм
Алкоголизм – спиртли ичимликларга нисбатан патологик мойиллик бўлиб, алкоголь истеъмол қилмаганда абстинент синдроми ривожланиши билан характерланади, оғир ҳолларда турғун соматоневрологик бузилишлар ва шахснинг психик деградацияси кузатилиши мумкин. Алкоголизм, одатда бемор учун ҳам, жамият учун ҳам ёмон оқибатларга олиб келади. Бу касалликнинг тарқалиши тўғрисида маълумотлар тахминий ҳисобланади, чунки бу патологиянинг фақат маълум қисми врачлар назарига тушади. Тарқалиш кўрсаткичлари аниқ эмас, айниқса, спиртли ичимликлар истеъмол қилишга эътиборсизлик билан қарайдиган давлатларда маълумот йиғиш қийинчилик туғдиради.
Алкоголизм ривожланиш тенденцияси қуйидги кўрсаткичлар бўйича аниқланиши мумкин:
-бир йилда аҳолининг жон бошига абсолют алкоголь миқдори;
- сурункали алкоголизм билан оғриган кишилар сони;
- сурункали алкоголизм ва алкоголли психоз билан беморлар госпитализацияси кўрсаткичлари;
- ўткир алкоголли заҳарланиш ва жигар церрозидан ўлим кўрсаткичлари ва ҳ.
Алкоголизм шаҳарларда қишлоқ районларига нисбатан икки баробар ортиқ тарқалган.
Касаллик келиб чиқишида алкоголнинг специфик таъсиридан ташқари 3 гуруҳ факторлар ҳам аҳамиятга эга:
Социал факторлар. Давлатнинг алкоголизмга муносабати (алкоголли сиёсат); микросоциал муҳит таъсири (алкоголли ва антиалкоголли урф-одатлар); социал-демографик кўрсаткичлар (жинс, ёш, маълумот, оилавий аҳволи, касб, моддий таъминот) катта роль ўйнайди.
Психологик факторларга алкоголизмга мойиллик туғдирувчи индивидиумнинг шахсий хусусиятлари киради. Булар атроф-муҳитга мослашиш, стрессни кўтара олиш, можароларни ечиш, эмоционал ҳолатларни кўтара билиш киради. Маълумки, алкоголь адаптация жараёни бузилганда кузатиладиган ҳолатлар (босим) олдини олиш сифатида кўпинча истеъмол қилинади. Алкоголизацияга кўпинча психопатик ва акцентирланган шахслар берилади.
Биологик фактор организмнинг алкоголга нисбатан индивидуал реакцияси ҳисобланади. Индивидуал физиологик ва биохимик хусусиятлар алкоголга нисбатан турлича муносабатни белгилайди. Бу ирсий факторлар билан белгиланади.
Алкоголизм патогенези мураккаб бўлиб, етарлича ўрганилмаган.
Ичкиликбозлик ҳар қандай кишининг соғлигига путур етказувчи даҳшатли офатдир. Буюк герман адиби Гёте таъкидлаганидек, “Инсоният агар бу қадар сархуш бўлмаганида эди, ақл бовар қилмас ютуқларни қўлга киритишга қурби етарди”. Ичкиликбозлик кўпгина хасталикларга пойдевор вазифасини ўтайди. Дарҳақиқат аллома Биноий айтганидек, “Бода ҳар бир бошга кириб келган дам, ақл ундай бошдан узади қадам”. Шу боис бўлса керак, жинсий йўл орқали юқувчи касалликларнинг 90 фоиздан зиёдроғи бадмастлик пайтида юқтирилар экан. Франциялик олимларнинг тадқиқотларига қараганда, у ердаги ўлик ва ногирон туғилаётган болаларнинг қарийб 85 фоизи узум ҳосили байрамларидаги ичкиликбозлик даврида пайдо бўлган ҳомилалар экан. Болгариялик олим Г.Ф.Ефремов кузатган 23 ароқхўр – ҳомиладор аёлнинг 15 нафари ўлик, 8 нафари эса ногирон фарзанд туғишган. Аниқланишича, аёл киши 3-4 йил давомида муттасил ичкиликбозлик билан шуғулланса, зурриёт кўриш бахтидан умуман бебаҳра бўлар экан. Абу Али ибн Сино: “Шароб заҳарларнинг биридир”, - дея бежиз таъкидламаган.
Франциялик шифокор Деммэ 28 йил давомида эр ҳам, хотин ҳам ичкиликка ружу қўйган ўнта оилани кузатган. Шу даврда бу оилаларда 57 та бола туғилиб, уларнинг 25 нафари бир ёшга етмасданоқ нобуд бўлган, 5 таси тутқаноқ касаллигига чалинган, 5 тасида бош мияда сув йиғилиш дарди кузатилган, 12 таси эса телба бўлган. Фақат 10 нафаригина ташқи кўринишидан соғлом туғилган.
Юртимизни истило қилган душманлар ҳам миллатнинг ўзлигини йўқотиш услуби сифатида оммани маишат, ароқхўрлик гирдобига чўктириш лозимлигини тўғри англаб, тадбиру амаллар қўллашган. 1929 йилда Москвада нашр этилган П.Г.Гамузоннинг “Туркистон-колония” асарида бу ҳақда ёрқин маълумотлар келтирилган. Жумладан, Туркистон ўлкаси генерал губернаторининг 1908 йили Россия ҳарбий вазирига юборган мактубидаги баъзи сатрларга назар ташлашимиз кифоя: ”Шуни унутмаслигимиз керакки, биз Ўрта Осиё халқлари орасига европача маданиятнинг ҳар хил салбий жиҳатларини ҳам олиб кирдик. Азалдан фақат шаҳарларда жойлашган пивохона, ресторан, бангихона ва фоҳишахоналар энди ҳаттоки, каттароқ қишлоқларда ҳам кенг кўламли фаолият кўрсатмоқда. Маҳаллий ёшлар ушбу кўнгилхушликларга муккасидан шўнғиб кетишиб, Шарқ урф-одатлари ва Қуръоннинг адолатли қонунларини қулоқ эшитмаган тусда бузишгача етиб боришмоқда. Натижада, маҳаллий ёшлар орасида қотиллар, ўғрилар, бузуқи ва безорилар пайдо бўлишди”.
Do'stlaringiz bilan baham: |