Тиббиёт терминлари бу - тиббиётнинг йўналишлари бўлмиш даволаш иши, педиатрия, клиника, тиббий-профилактика, стоматология, хирургия, неврология, фармацевтика, кардиология, онкология, офтальмология; ҳодиса ва жараёнлар, уларнинг белги ва хусусиятларини номлаш учун қўлланадиган махсус сўз ва сўз бирикмалари. Тиббиёт терминлари тариқасида рус ва ўзбек тилларидаги вирус, аллергия, кома, анемия, киста, антисептик, эмбрион, стресс каби мисолларни келтириш мумкин.
Тиббий терминларга Ф.Х.Қосимова: “Тиббиёт соҳасининг номенклатурасини ўзида мужассамлаштирган сўз ва сўз бирикмаси, табобат оламининг барча “қирра”ларини намоён қилувчи восита ва илмий-техникавий соҳа бирликлари ичида энг бой ҳамда ўз ўрнида мураккаб терминологик тизими”15 сифатида қарайди.
В.В.Иванов тиббиёт терминологиясини қуйидаги таснифланишни таклиф қилади: касалликлар номлари, касаллик қўзғатувчиларнинг белгилари, касаллик синдромларининг номлари, касалликларнинг диагностик аломатлари номлари, дориларнинг номлари, анатомик тушунчаларнинг номлари, сунъий органларнинг номлари, даволаниш ва ташхис қўйиш, асбобларнинг номлари, ўсимталарнинг номлари, ҳужайра номлари16.
Тиббиёт терминологиясида ўзлашма қатламни ўрганишнинг муҳимлиги ҳамда ўзлаштириш масаласи терминологик ишлар амалиётида мураккаб масалалардан бири эканлиги билан белгиланади. Д.С.Саидқодирова айтганидек, “тилнинг луғавий таркиби бойиб, ривожланиб боришида икки асосий манба муҳим роль ўйнайди. Булар: тилнинг ўз ички қонуниятлари, имкониятлари асосида янги сўзлар ясаш ҳамда ўзга тиллардан сўз ўзлаштиришдир”17. Ўзлаштириш – бу даражаси ва шакллари билан фарқланувчи тиллар ўртасидаги экстралингвистик алоқалар туфайли бошқа тилдан лисоний материалнинг бир тил томонидан қабул қилинишига боғлиқ универсал тил ҳодисасидир. Н.М.Шанскийнинг таъкидлашича, “ер юзида бошқа тил таъсиридан бутунлай холи бўлган тилнинг ўзи йўқ, чунки ҳеч бир халқ, муайян тил ташувчиси ва ижодкори – мутлақо якка ҳолда, алоҳида ҳаёт кечирмайди”18.
А.А.Реформатский терминлар шаклланишининг учта усулини ажратиб кўрсатади: умумхалқ тилининг “ўз” сўзларини терминлар сифатида қўллаш, бошқа тиллардан “бегона” сўзларни ўзлаштириш, юнон ва лотин тилларининг сўз ҳамда термин элементлари шаклидаги қадимий “эгасиз” меросдан фойдаланиш19.
Тиббиёт термин тизимининг тадқиқ қилинаётган сегментида рус ва ўзбек тилларининг ўз захираларидан ҳосил бўлган ҳамда бошқа тиллардан ўзлаштирилган терминлар ажралиб туради. Тиббиёт терминологиясида бошқа тиллардан термин ўзлаштириш жараёни, лексик қатламнинг барча сатҳларида бўлгани каби ушбу соҳа терминологиясининг тараққиётида ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир. Хусусан, тиббиёт терминологиясида ўзлашма терминларнинг салмоғи нафақат ўзбек ва рус тилларида, балки инглиз, француз ҳамда немис тилларида ҳам юқори бўлиб, бу терминлар асосан лотин ва юнон тилларидан ўзлашган ҳамда тиббиётда фаол қўлланади. Масалан:
Do'stlaringiz bilan baham: |