Ахборот хавфсизлигига кириш
Компьютер техникаси ва ахборот тизимларининг иқтисодда, бошқаришда, алоқада, илмий тадқиқотларда, таълимда, хизмат кўрсатиш соҳасида, тижорат, молия ва инсон фаолиятининг бошқа соҳаларида қўлланилишининг ривожи ахборотлаштириш ва, умуман, жамият ривожини белгиловчи йўналиш ҳисобланади. Компьютер техникасининг қўлланиши эвазига эришилувчи самара ахборот ишланиши кўламининг ошиши билан ортиб боради. Ушбу техниканинг қўлланиш соҳалари ва кўлами унинг ишлашининг ишончлилиги ва барқарорлиги муаммолари билан бир қаторда унда айланувчи ахборот хавфсизлигини таъминлаш муаммосини туғдиради.
Ахборот хавфсизлиги – ахборотнинг номақбул (ахборот муносабатларининг тегишли субъектлари учун) ошкор қилинишидан (конфиденциаллигининг бузилишидан), бузилишидан (яхлитлигининг бузилишидан), сирқиб чиқишидан, йўқотилишидан, модификацияланишидан ёки фойдаланувчанлик даражасининг пасайишидан ҳамда ноқонуний тиражланишидан ҳимояланганлиги. Ушбу ходисаларнинг сабабчиси тасодифий таъсирлар ёки бузғунчининг (нияти бузуқнинг) атайин рухсатсиз фойдаланиши натижасидаги таъсирлар бўлиши мумкин.
Жамиятнинг жадал суръатларда ахборотлаштирилиши сабабли ахборот хавфсизлиги муаммоси ниҳоятда долзарб ва доимо шундай бўлиб қолади.
2. Миллий хавфсизлик тушунчаси ва хавфсизлик механизмлари ва турлари
Ҳозирда 29 август 1997 йили қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” қонуни амалда. Ушбу қонунга асосланиб миллий хавфсизлик тушунчасига қуйидагича таъриф бериш мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлиги деганда Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини ифодаловчи ва ҳокимиятнинг ягона манбаи ҳисобланувчи кўп миллатли халқининг хавфсизлиги тушунилади.
Миллий хавфсизликнинг, шартли равишда, қуйидаги ташкил этувчиларини кўрсатиш мумкин:
иқтисодий хавфсизлик;
ички сиёсий хавфсизлик;
ижтимоий хавфсизлик;
маънавий хавфсизлик;
ҳалқаро хавфсизлик;
ахборот хавфсизлиги;
харбий хавфсизлик;
чегаравий хавфсизлик;
экологик хавфсизлик.
Иқтисодий хавфсизлик – шахс, жамият ва давлатнинг иқтисодий соҳадаги ҳаётий муҳим манфаатларининг ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимояланганлиги.
Ички сиёсий хавфсизлик – ҳокимият институтларининг барқарорлиги ва самарадорлиги, ҳокимият тузилмаларининг сиёсий жараёнларни назоратлаш қобилияти, аксарият фуқаролар томонидан мададлашга эришиш, жамиятда сиёсий барқарорликни таъминловчи, самарали фаолият юритувчи нодавлат сиёсий институтларнинг мавжудлиги билан характерланади.
Ижтимоий хавфсизлик – шахс, оила ва жамиятнинг ҳаётий муҳим манфаатларининг ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимояланганлиги.
Маънавий хавфсизлик – бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин.
Халқаро хавфсизлик – халқаро муносабатлар назариясида халқаро хавфсизлик деганда дунё ҳамжамиятининг барқарорлигини таъминловчи халқаро муносабатлар ҳолати тушунилади.
Ахборот хавфсизлиги – мамлакат маданий мулкининг, хўжалик субъектлари ва фуқаролар интеллектуал мулкининг, давлат ва касбий сирга эга махсус маълумотларнинг ишончли ҳимояланганлиги ҳолати.
Харбий хавфсизлик – харбий сиёсат Ўзбекистон Республикаси харбий доктринасида ишлаб чиқилган низомларга асосан юритилади. Харбий доктрина – Ўзбекистон Республикасининг харбий хавфсизлигининг харбий-сиёсий, харбий-стратегик ва харбий-иқтисодий асосларини белгиловчи расмий қарашлар мужмуи.
Чегаравий хавфсизлик – Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси ва чегара олди худудларининг ҳимояланганлик ҳолати. Чегаравий хавфсизлик шахс, жамият ва давлат хавфсизлигининг жуда муҳим ташкил этувчиларидан бири ҳисобланади, чунки давлат барқарорлиги унинг чегараларининг хавфсизлиги билан узвий боғланган.
Экологик хавфсизлик.Цивилизациянинг атроф – муҳитга фаол таъсири натижасида унинг ифлосланиши йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ушбу салбий таъсир айниқса экологик ҳалокат жойларда, минерал ресурслардан ва ишлаб чиқаришнинг зарарли чиқиндиларидан оқилона фойдаланилмайдиган жойларда кучли бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |