9.5. Ўзбекистонда аграр ислоҳотлар ва уларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари
Ўзбекистонда аграр ислоҳотнинг негизи ерга бўлган мулкчилик масаласидир. Республика Конституциясида ер хусусий мулк қилиб сотилиши мумкин эмаслиги, балки уни узоқ муддатли ижара шартлари билан топшириш мумкинлиги таъкидланган.
Шундай экан, қишлоқда бозор муносабатларини шакллантиришга ерни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан умрбод фойдаланиш учун ижарага бериб қўйиш орқали эришиш кўзда тутилган.
Республикада ерга бўлган мулкчилик муносабатларини ислоҳ қилишнинг бошқа хусусияти шундан иборатки, мелиорация, ирригация, ерларнинг унумдорлигини ошириш дастурларини бажаришни давлат ўз зиммасига олади. Буни биздаги деҳқончиликнинг хусусияти тақозо қилади. Бу хусусият фақат суғориладиган ерларга хосдир. Республикада барча ҳайдаладиган ерларнинг 3/4 қисмидан кўпроғи (4,2 млн.га) суғориладиган ерлар бўлиб, унинг ярмидан кўпроғи яхши мелиоратив ҳолатда, қолган ерлар эса мелиорация ишлари (қайта ўзлаштириш, коллектор-дренаж тармоқларини реконструкция қилиш)ни олиб боришни талаб қилади. Ҳозирги вақтда суғориб келинган ҳар гектар ерни қайта ўзлаштириш учун 1990 йилги даражадан 14-15 баравар кўп харажат талаб қилинади. Бундан хулоса шуки, бирорта ҳам фермер ирригация ва мелиорация ишларини ўзи мустақил амалга ошира олмайди. Фақат давлатгина мелиорация тармоқларини реконструкциялашга, қуришга ва ирригация тадбирларини амалга оширишга қодирдир.
Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналиши – бу шахсий томорқаларни кенгайтириш, янги суғориладиган ерларни шахсий хўжаликлар ва боғ-дала ҳовли участкаларига ажратиб бериш йўли билан аҳолини ер билан таъминлашдан иборатдир. Шу кўрилган чора-тадбирлар ҳисобига, биринчидан, қишлоқ жойларда ишсизликнинг кучайиб бориш хавфини барҳам топтиришга, иккинчидан, аҳолининг реал даромадларини оширишга, учинчидан, аҳолини ҳаётий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги кескинликка барҳам беришга ва тўртинчидан, якка тартибда уй-жой қурилиш кўламини анча кенгайтиришга муваффақ бўлинди.
Республикада аграр ислоҳотларнинг навбатдаги йўналиши – бу қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг таркибий тузилишини такомиллаштиришдир. Бунда хўжаликларга экин майдонлари таркибини ва ишлаб чиқариш ҳажмини мустақил белгилаш ҳуқуқи берилади. Масалан, дон мустақиллигига эришиш ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлашни тиклаш йўли изчил амалга оширилиши натижасида донли экинлар майдони анча кенгайди, пахта экиладиган майдонлар эса тегишли равишда қисқарди.
Республикада аграр ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг навбатдаги йўналиши барча давлат ва ширкат қишлоқ хўжалик корхоналарини (биринчи навбатда зарар кўриб ишлаётганларини) фермер хўжаликларига айлантиришдан иборатдир.
Ҳозирги даврда аграр ислоҳотни тубдан ҳал этишни тақозо қилаётган ғоят муҳим йўналиш – қишлоқ хўжалигида банд бўлган ортиқча ишчи кучини бўшатиб олиш ва уларни иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига (саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларига) жалб этишдан иборатдир.
Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш – аграр ислоҳотнинг ҳозирги кундаги устувор йўналишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |