Абу Жаъфар Термизий: ҳаёти ва мероси



Download 31,41 Kb.
Sana11.06.2022
Hajmi31,41 Kb.
#656006
Bog'liq
Абу Жаъфар термизий Ҳаёти ва мероси


Абу Жаъфар Термизий: ҳаёти ва мероси
Мақола муаллифи: Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими: Улжаев Умарали Қурбонович.
Ушбу мақолада термизийлар меросини ўрганишда муҳим манба бўлган Абу Жаъфар Термизийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида мулоҳаза юритилади.
This article discusses the life and scientific legacy of Abu Ja'far al-Tirmidhi, an important source in the study of the legacy of the Tirmidhi.
В этой статье обсуждается жизнь и научное наследие Абу Джафара аль-Термизи, важного источника в изучении наследия Тирмизи.
Таянч сўзлар: Абу Жаъфар Термизий, Тафсир бил-маъсур, “Ихтилофу аҳли-с-салот”, ровий, санад, Бағдод, Миср, Термиз.
Кириш.........
Алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Термизий (200-295/816-907) бўлиб, “Абу Жаъфар” куняси билан машҳурдир. Унинг бобоси Наср асли термизлик бўлгани учун “Термизий” нисбаси билан танилган. Абу Жаъфар Термизий ҳақидаги хабарлар манбаларда мавжуд бўлиб, унинг туғилган йили ва вафоти яшаган шаҳри, илм излаб борган шаҳарлари, устоз-шайхлари, ундан ривоят қилган шогирдлари ва асарлари ҳақида аниқ маълумотлар учрайди. У ҳақида маълумот берувчи манбаларнинг барчаси тарих ва ровийлар тарожими тўғрисидаги машҳур асарлардир. Абу Жаъфар Термизийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида кўпроқ Хатиб Бағдодий ўзининг “Тарихи Бағдод” , Заҳабий ўзининг “Сияру аълом ан-нубало” асарларида маълумот бериб ўтган.
Абу Жаъфар Термизий Бағдодда яшаб, асосан шу шаҳарда илм олиб, кейин бошқа шаҳарларга илм сафарига чиққанлиги тўғрисида Заҳабий: “Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Термизий Шофиъий Зоҳид икки юз биринчи ҳижрий санада туғилган бўлиб, илм талабида сафарга чиқди ва Яҳё ибн Букайр Мисрий (ваф. 231/845), Юсуф ибн Адий Кўфий (ваф. 232/846 вафоти Мисрда), Иброҳим ибн Мунзир Хизомий Маданий (ваф. 236/850), Яъқуб ибн Ҳумайд ибн Косиб Маданий (ваф. 240/854) ва Убайдуллоҳ Қаворирийлардан (ваф.235/849) ривоят қилди, Имом Шофиъий издошлари билан фиқҳ илмида етук даражага етишди ва ушбу мазҳабнинг юзи эди” деб зикр қилади [1: 13/545].
Абу Жаъфар Термизийнинг илм излаб бошқа юртларга сафар қилиши ҳақида айтиш мумкин-ки, у ўзи яшаган Бағдод шаҳрида зарурий барча илмларни олиш баробарида илм излаб Мисрга бориб бир муддат яшаган ва яна Бағдодга қайтиб келган. Шунингдек, Кўфа, Басра, Ҳижоз (Макка ва Мадина) каби жойларга ҳам сафар қилиб, у ерларда ҳам илм тўплаган. У ўзи ҳақида, Мадинада масжиди Набавияда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламни тушида кўриб, шу туш таъсирида Мисрга бориб, Имом Шофиъийнинг фиқҳий масалаларини ёзгани тўғрисида сўзлайди [2:233-235].
Абу Жаъфар Термизий муҳаддис бўлишига қарамасдан фиқҳ илмида ҳам самарали ижод қилган. У ўзи ҳақида: “Йигирма тўққиз йил ҳадис ёздим” [2: 233-235] дейди. У Имом Шофиъий (150-204/767-820) мазҳаби издошларидан бўлиб, унинг шогирдлари билан бирга фиқҳга оид асарларини ёзгани ҳам ривоят қилинади. Мисрда яшаган пайтлари у ернинг таниқли ровийлари Яҳё ибн Букайр Мисрий, Юсуф ибн Адий Кўфийдан ривоят қилган. Булар ишончли олимлар сифатида таърифланадиган шахслар бўлиб, бари табаъ тобиъинлардан илм олувчилардандир. Шайхи Юсуф ибн Адий асли кўфалик бўлиб, Мисрга келиб, яшаб шу ерда вафот этгани манбаларда қайд этилган. Айнан шайхи Юсуф ибн Адий бошқа шайхлари қаторида Молик ибн Анасдан (ваф. 179/795) ҳам ривоят қилган. Хатиб Бағдодий Абу Жаъфар Термизийдан шундай ривоят қилади: “Йигирма тўққиз йил ҳадис ёздим ва Имом Молик мазҳабига оид масалаларни эшитдим” [2: 233-235]. Албатта бу ўринда Имом Моликнинг вафоти санасига қарасак, унинг масалаларини шайхлари орқали эшитгани аниқлашади.
Абу Жаъфар Термизийнинг мисрлик шайхи Яҳё ибн Букайр Мисрнинг машҳур олими Лайс ибн Саъднинг (175/791) сиқо (ишончли) ровийси бўлиб, унинг илмда юксак даражага етишган ва ўз замонасида қозилар фақиҳи бўлган. Ибн Адий: “Яҳё ибн Букайр, Лайс ибн Саъднинг қўшниси бўлган, у Лайс борасида энг собит киши бўлиб, у ҳақида энг кўп билувчи шахс эди” деб зикр қилади.
Абу Жаъфар Термизийнинг шайхларидан бири Иброҳим ибн Мунзир Хизомий Маданийдир. У сиқо ва ҳофиз ровийлардан бўлиб, ўз даврида Суфён ибн Уяйна, Абдуллоҳ ибн Ваҳб, Валид ибн Муслим ва бошқа шайхларидан ривоят қилган. Ундан ҳам кўплаб таниқли муҳаддис ровийлар Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Насоий ва шулар қаторида Абу Жаъфар Термизий ҳам ундан ривоят қилган [1: 10/689].
Абулфазл Яъқуб ибн Ҳумайд ибн Косиб Маданий асли мадиналик бўлса-да Маккада яшаган. У Иброҳим ибн Саъд, Абдулазиз ибн Абу Ҳозим, Абдуллоҳ ибн Ваҳб, Суфён ибн Уяйна ва бошқалардан ривоят қилган. Ундан Ибн Можа, Исмоил Қозий, Абу Бакр ибн Абу Осим ва Бухорий “Саҳиҳ”идан бошқа асарларида ундан ривоят қилган [1:11/158]. У Абу Жаъфар Термизийнинг таниқли шайхларидан биридир.
Абу Жаъфар Термизийнинг таниқли шайхларидан яна бири Убайдуллоҳ Қаворирий бўлиб, у ўз даврида муҳаддис, ҳофиз, имом бўлиб, асли басралик аммо Бағдодда яшаган. У кўплаб машҳур ровийлар, Ҳаммод ибн Зайд, Абдулворис, Жаъфар ибн Сулаймон, Абдулвоҳид ибн Сулаймон, Фузайл ибн Иёз, Суфён ибн Уяйна, Ғундар, Фузайл ибн Сулаймон каби машҳур ровийлардан ривоят қилган. Ундан Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Абу Зуръа, Иброҳим Ҳарбий, Абу Ҳотим ва бошқалар ҳам ривоят қилганлар [1:11/443].
Абулқосим Табароний (ваф.360/971) ўзининг “Муъжам” асари билан машҳур бўлиб, бу асарда аллома барча муҳаддис ва ровийларнинг ривоятини уларнинг исмини ва улардан ривоят қилинган ҳадисларни алифбо тартибида келтиради. Асарда “Муҳаммад” исмли ровийлар рўйхатида Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Термизий ҳам бўлиб, унда ўндан зиёд ҳадислар ривоят қилинган. Бу асардаги ривоятлар санадидан Абу Жаъфар Термизийнинг бошқа шайхларини ҳам билиб олиш мумкин бўлади. Ушбу ҳадислар санадида у Муҳаммад ибн Суфён Ҳазрамий Мисрий, Иброҳим ибн Исҳоқ Синий Кўфий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Солим Қаззоз Салулий, Абдулазиз ибн Имрон ибн Миқлос Мисрий, Саъид ибн Амр Ашъасий Кўфий, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Азҳарийлардан ривоят қилганини кўрамиз [3:233-236]. Ушбу асардаги Абу Жаъфар Термизий ривоят қилган ҳадислар фиқҳий масалалар, намоз, рўза ва фиқҳ илмининг даражаси ҳақида бўлиб, бу ҳадисларда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламдан Ибн Умар, Умму Ҳабиба, Умар, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ойша, Абу Саъид, Абдуллоҳ ибн Аббос, Ибн Умар, Ҳафса (Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин) каби саҳоба ва саҳобиялардан ривоят қилинган.
Шунингдек тахминан 300 тача асарлар муаллифи, ҳофиз Ибн Шоҳин (297-385/909-995) ўзининг “Ат-Тарғиб фий фазоил ул-амал ва савабу залик” (Фазилатли амалларга тарғиб ва уларнинг савоби) китобида “Менга отам, у Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Термизийдан ривоят қилди” деб бир неча ҳадисларни келтиради [4:2/32].
Абу Жаъфар Термизий ўз замонасида Бағдод илмий муҳитига муносиб ҳисса қўшган алломалардан бири бўлиб, унинг илмда етук шогирдлари кўп бўлган. Ундан қози Аҳмад ибн Комил (ваф.350/961), қози Абдулбоқий ибн Қонеъ Бағдодий (266-351/880-962), Аҳмад ибн Юсуф ибн Халлод Насибий (ваф. 359/969), Абдураҳмон ибн Сиймо Мужаббир Бағдодий (ваф. 350/961) каби алломалар ривоят қилишган [10:128].
Аҳмад ибн Комил ибн Халаф ибн Шажаратулқозий Абу Бакр Бағдодий ўз даврида етук алломалардан бўлиб, машҳур муфассир аллома Ибн Жарир Табарийнинг шогирди бўлган [2:4/357-359]. Хатиб Бағдодий: “У аҳком, улумул-Қуръон, наҳв, шеър ва тарихни яхши билгувчи алломалардан эди. Унинг бу илмлар борасида ёзган асарлари бор” [1:15/545], деб ўз асарида зикр қилган. Аҳмад ибн Комил асарларида Абу Жаъфар Термизийдан ҳам ривоят қилган бўлиб, у ҳақида мақтовли сўзларни келтирган: “Абу Жаъфар Термизий, унга эргашиладиган имом, зоҳид, вараъ эгаси, қаноатли ва қадри улуғ киши эди” [2:1/365-366].
Абу Жаъфар Термизийни эътироф этиб, ундан ривоят қилган яна бир шогирди қози Абулҳусайн Абдулбоқий ибн Қониъ ибн Марзуқ ибн Восиқ Бағдодийдир. У бизгача етиб келган “Муъжам ус-саҳоба” асарининг муаллифидир [10:128].
Абу Жаъфар Термизийнинг бизгача етиб келган асари тафсирга оид бўлиб, улар табаъ тобиъинлардан сабоқ олган алломалар Яҳё ибн Ямон (117-189/735-805), Нофиъ ибн Абу Нуъайм (вафоти 136/754), Муслим ибн Холид Занжий (вафоти 180/797) ва Ато Хуросоний (вафоти 135/753) лардан ривоят қилган. Ушбу тўрт муфассир таниқли ровий ва шайхлардан илм олган ва “тафсир бил-маъсур” (нақлий ривоятга асосланган тафсир)га доир ҳадис ривоятларни ўзларида жамлагани сабабли “муфассир” деб эътироф этилган.
Ушбу асарни доктор Ҳикмат Башир Ёсин Мадинада Абу Жаъфар Термизий ривоят қилган қадимий нусха устида илмий тадқиқот ишларини олиб бориб, 1408/1988 йилда нашр қилдирган. Асарнинг тавсифи, хусусияти ҳақида доктор қуйидагиларни ёзади: “Қуръони каримни ўрганишда “тафсири бил-маъсур” йўналишидаги китобларининг ўрни каттадир. Илк ҳижрий асрларда, исломий кутубхоналарда “тафсири бил-маъсур” китоблари сақланар эди. Аммо бизнинг замонимизда фиқҳ, ҳадис, тарих китобларига қиёс қилганда бу турдаги китоблар нодир, ноёб бўлиб қолди. Абу Жаъфар Термизийнинг ривояти асосидаги ушбу асар, “тафсири бил-маъсур” китобларининг бизгача сақланиб қолганларидан биридир. Гарчи у ҳажм жиҳатидан кичик бўлсада тафсир илмида ривоят қилиш услубининг аслий ва қадимий тури эканлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу рисола иккинчи ҳижрий асрда яшаб ўтган тўртта машҳур муфассирлар Яҳё ибн Ямон, Нофиъ ибн Абу Нуъайм, Муслим ибн Холид Занжий ва Ато Хуросонийларнинг “тафсири бил-маъсур” ривоятларини ўз ичига олади, шунинг учун ҳам бу асар “тафсири бил-маъсур” йўналиши олимлари ва қизиқувчилари учун катта аҳамиятга эгадир. Чунки ушбу тафсирнинг ҳар бир қисми асрлар давомида муфассир имомлар томонидан ривоят қилиниб келган “тафсири бил-маъсур” биносининг асоси, дастлабки қўйилган ғиштлари ҳисобланади” [9:5].
Абу Жаъфар Термизий Яҳё ибн Ямон (ваф. 188/766) тафсирини шайхи Язид ибн Мавҳаб (ваф. 232/846) орқали ривоят қилган. Бу тафсир ҳажм жиҳатидан кичикроқ бўлиб, асосан “Ғариб ул-Қуръан” – Қуръони каримдаги мураккаб сўзлар, лафзлардан иборатдир. Яҳё ибн Ямон тафсири 29 ривоятдан иборат бўлиб, “Такосур” сурасининг охирги оятидаги “Наъийм” лафзининг тафсири билан бошланади. Тафсир санадида Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Термизий шайхи, Язид ибн Мавҳабдан у Яҳё ибн Ямондан у Ашъасдан, у Жаъфардан, у Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилган. Бу ривоятда “Ўшал кун Наъийм” – неъматлардан сўраласиз” оятидаги “Наъийм” лафзининг тафсири “Сиҳат- саломатликдан сўраласиз” деб тафсир қилинган. Бизга маълумки дастлаб тафсир илми ривожида фақат “тафсири бил-маъсур” ягона тафсир тури бўлиб, қолган турлар шу маъсур-нақлий тафсир асосида пайдо бўлган. Бу турдаги тафсирда оятларга ортиқча изоҳ берилмаган, аксинча Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар қандай ривоят қилган бўлса шундайлигича саҳиҳ санадлар билан ривоят қилинган.
Нофиъ ибн Абу Нуъайм (ваф.169/785) тафсири ҳам ҳажм жиҳатидан кичикроқ бўлиб, қолган учта тафсирга мазмун жиҳатидан ўхшамайди. Нофиъ ибн Абу Нуъаймнинг бу тафсирини Абу Жаъфар Термизий шайхи Абдулазиз ибн Имрон орқали Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан у эса муфассир, қори Нофиънинг ўзидан ривоят қилган. Нофиъ ибн Абу Нуъайм ўзининг шайхлари Абдураҳмон Аъраж, Абдуллоҳ ибн Язид ибн Ҳурмуз орқали Ибн Аббосдан ривоят қилган.

Ибн Абу Ҳотим, Аҳмад ибн Ҳанбалдан нақл қилади У: “Ундан қироати олинади, унда ҳадисдан ҳеч нарса йўқ” деган [5:8/456]. У ўз даврининг машҳур қориларидан бўлганлиги учун тафсиридаги ривоятлар асосан Қуръон қироати, тажвид қоидаларига доир ривоятлар, ҳамза ҳарфини ўқиш ва баъзи ҳолларда ўқимаслик тўғрисидаги нақлий ривоятларни жамлаган.


Муслим ибн Холид тафсирини Абу Жаъфар Термизий шайхи Аҳмад ибн Муҳаммад Қаввос Маккий орқали ривоят қилган. Бу тафсир ҳам қадимий маъсур тафсир бўлиб, унда ҳар бир ривоят санади билан келтирилган. Санаддаги ровийлардан маълум бўладики барча ровийлар асосан Макка тафсир мактабининг имомлари Имом Мужоҳид, у орқали Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинган. Баъзи ҳоллларда Ибн Масъуддан ҳам ривоятлар учрайди.
Абу Жаъфар Термизий бу асарда Ато Хуросонийдан ҳам ривоят қилган бўлиб, бу тафсир ҳажм жиҳатидан аввалги тафсирларга қараганда йирикроқ бўлиб, икки юзга яқин ривоятни ўз ичига олади. Бу тафсирда асосан биринчи манба ҳисобланган Қуръон ояти бошқа оят воситасида тафсир қилингани баён этилган. Маълумки тафсир илмида Қуръонни Қуръоннинг ўзидан тафсир қилиш биринчи ўринга қўйилади. Абу Жаъфар Термизий бу тафсирни шайхи Юсуф ибн Адийдан ривоят қилган. Абу Жаъфар Термизийнинг бу шайхи асли кўфалик бўлиб, илм талабида узоқ вақт Мисрда яшаб 232/846 йил вафот этган. Абу Жаъфар Термизий Мисрга бориб ижод қилганини ҳисобга олсак бу давр ичида айнан бу тафсирни устози Ибн Адийдан ривоят қилгани ойдинлашади. Ато Хуросоний бу тафсирни Саъид ибн Мусайябдан ривоят қилган.
Манбаларда Абу Жаъфар Термизийнинг бошқа бир асари борлиги ҳам айтилади. Умар Ризо Каҳола (1323-1408/1905-1987) унинг усул борасида “Ихтилофу аҳлу солат” (Намоз (қибла) аҳлининг ихтилофи) номли асари борлигини айтади[6:9/25]. Ушбу муаллиф келтирганидек, бу асар ҳақида Субкий ва ибн Салоҳлар кўргани ундан маълумотларни саралаб олганини айтади. Сўнг китоб ҳақида баъзи маълумотларни келтиради. У муаллифнинг Абу Бакр ибн Шайбада ривоят қилинган ушбу умматнинг етмиш уч фирқага бўлиниши ҳақидаги ҳадиси билан бошланади [7:1/187-188]. Бу ҳадисда Абу Ғолиб, саҳоба Абу Умомани Басрада кўриб қолгани икковларини ўзаро суҳбати, хавориж тоифасига мансуб кишиларнинг ёғочларга қадалган кесилган бошлари, саҳоба Абу Умоманинг у кесилган бошларга қарата айтган сўзлари, сўнгра Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг умматнинг етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақидаги ҳадисни айтиб бериши акс этган.
Одатда бу ҳадис фирқа ва оқимларга қарши ёзилган китоблар бошида келишини ҳисобга олсак, Абу Жаъфар Термизийнинг бу асарини ўз даврида пайдо бўлган фирқаларга қарши ёзилган раддия дейиш мумкин.
Хатиб Бағдодий санадида у зот иштирок этган бир ҳадис келтиради. Хатиб Бағдодий Абу Ҳафс ибн Шоҳиннинг отаси Абу Тоййиб Аҳмад ибн Симсордан эшитганини шундай ривоят қилади, у деди: “Абу Жаъфар Термизийнинг ҳузурида эдим. Бир киши Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг (кечанинг маълум қисмида) дунё осмонига нузули – тушиши ҳақидаги ҳадиси борасида сўрадики, бу нузул унинг улувв – баландлик қолган ҳолида қандай бўлади? Абу Жаъфар деди: “Нузул маъқул (яъни, ҳадисда келган хабар қабул этилади), кайфияти мажҳул (кайфияти билан машғул бўлинмайди). Унга имон келтириш вожиб, у ҳақда сўраш эса бидъат”. Бу тарихда ақидадаги тортишувли масалалардан бири бўлган. Ушбу жавоб эса Абу Жаъфар Термизийнинг соф аҳли сунна вал жамоа ақидасида эканлигини билдиради. Чунки кўплаб адашган тоифаларга қарши ўлароқ аҳли суннанинг жавоби худди шу тарзда бўлган[10:128].
Абу Жаъфар Термизийнинг “Ихтилофу аҳлу солат” асари номланиши жиҳатидан ҳам ихтилофли масалаларга бағишлаб ёзилган деган хулосага олиб келади. Шунга ўхшаш асарни бошқа алломалар ҳам таълиф қилгани фикримизни яққол мисоли бўла олади. Имом Абулҳасан Ашъарийнинг (ваф. 324/936) ҳам ақида усуллари мавзусида ёзилган “Мақолот ул-исломиййин ва ихтилоф ул- мусоллийн” номли асари бўлиб, номланиши ва мавзу жиҳатидан бир-бирига ўхшайди.
Абу Жаъфар Термизийнинг ҳаёти, яшаш тарзи фақирона бўлиб, у умри давомида ўз эҳтиёжини бировга айтмаган ва хокисор бўлган. У фақиҳ, фозил, вараъли (художўй, тақволи), сийрати тўғри киши эди. У илм ва фазл аҳлидан бўлган сиқо ва дунёда зоҳидлардан эди. Дорақутний дейди: “У сиқо амин ва парҳезкор эди”. Ироқда шофиъийлар ичида унингдек бош ва художўй, тақводор киши йўқ эди. У таомни кам ейдиганлардан бўлиб, фақр, сабр, тақводорликда ҳамда фақирликка сабр қилишда азимат ҳолида, яъни мубоҳ ва рухсатлардан тийилувчи эди. Иброҳим Сарий Зажжожийнинг хабар беришича, унга бир ойда бор-йўғи тўрт дирҳам келар, у эса ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамас эди. Муҳаммад ибн Мусо ибн Ҳаммоднинг хабар беришича, у ўн неча кунда, ёки ўн етти кунда беш бўлак ёки уч бўлак билан овқатланарди. У: “Бу ҳолда қандай амал қиласан?” дейилганди: У дедики: “Менга ундан (тўрт дирҳамдан) бошқаси йўқ эди. Унга шолғом сотиб олардим ва ҳар куни биттадан ер эдим” [ 2:1/365-366].
Манбаларда келишича, у 200 йилнинг зулҳижжасида / 816 йилнинг августида туғилган. Унинг сочларига оқ ораламади. Вафоти ҳақида дейилади: “Бизга Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ризқ хабар берди ва деди: “Бизга Исмоил ибн Али Хатбий хабар берди ва деди: “Фақиҳ Абу Жаъфар Термизий икки юз тўқсон бешинчи йил муҳаррамда (295/907 йил октябр) вафот этди”. Ҳасан ибн Абу Бакрдан ўқидим, у қози Аҳмад ибн Комилдан ривоят қилди, у деди: “Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Термизий тўқсон бешинчи сана муҳаррамининг ўн биринчи кечасида (яъни, 907 йил 21 октябрда) вафот этди” [2:1/365-366]. Заҳабийнинг ҳам қайд этишича, Абу Жаъфар Термизий, унга эргашиладиган имом, зоҳид, вараъ эгаси, қаноатли ва қадри улуғ киши эди[1:13/545].
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Термизий” нисбаси билан ижод қилган алломаларни илмий меросини чуқур ўрганиш, уларнинг маънавий меросини келажак авлод ёшларимизга етказиш, фарзандларимизни алломалармиз қолдирган бой илмий мерос муҳитида тарбиялаш, уларнинг ҳаёт тарзи ва қолдирган асарларини чуқур илмий асосда ўрганиш, биз тадқиқотчиларнинг мақсадли вазифаларимиздан биридир. Абу Жаъфар Термизийнинг ҳаёти ва илмий меросига назар ташласак, унда Қуръони карим тафсири, ҳадислар, саҳоба, тобиъин ва табаъ тобиъинларнинг сўзларини нақлий саҳиҳ ривоятлар асосида баён этади. Ҳар бир мавзуни далиллар билан ёритиб беришга ҳаракат қилади. Унинг ривоят қилган тафсири ўзининг қадимийлиги ва нақлий эканлиги билан аҳамиятлидир. Бу асарни ўрганиш асносида дастлабки пайдо бўлган қитъа (парча) кўринишидаги нақлий тафсирларни тарихини билиб оламиз. Ҳижрий учинчи асрда исломий илмлар қаторида тафсир илми ривожланиш босқичида термизлик алломаларнинг иштирок этиши биз учун қувонарли ҳолдир. Абу Жаъфар Термизий каби алломаларни илмий меросини ўрганиш янгидан-янги илм қирраларини очиш имконини беради.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қаймаз Туркманий Дамашқий Заҳабий. Сияру аълом ан-нубало.– Байрут: “Муассасат ур-рисола” 1993.

  2. Аҳмад ибн Али ибн Собит Хатиб Бағдодий. Тарихи Бағдод. Байрут: “Дор ал- ғарб ул-Исломий”, 2001.

  3. Сулаймон ибн Аҳмад Табароний. Муъжам ул-авсат. Қоҳира: “Дор ал-ҳарамайн”, 1994.

  4. Абу Ҳафс, Умар ибн Аҳмад ибн Шоҳин. Ат-Тарғиб. Ар-Риёд: “Дору ибн ал-Жавзий”, 1995.

  5. Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Идрис, Ибн Абу Ҳотим. Ал-Жарҳ ва-т-таъдил. Байрут: “Дор ат-турос ал-арабия”, 1952.

  6. Умар Ризо Каҳола. Муъжам ул-муаллифин. Дамашқ: “Матбаъат ат-тараққия”, 1957.

  7. Тожиддин Абу Наср Абдулваҳҳоб ибн Али ибн Абдулкофий Субкий. Табақот уш-шофиъийят ул-кубро. – Қоҳира: “Ҳижр”, 1992.

  8. Доктор Ҳикмат Башир Ёсин. Ал-Жузъу фиҳи тафсир ул-Қуръан ли-Яҳё ибн Ямон ва тафсир ли-Нофиъ ибн Абу Нуъайм ва тафсир ли-Муслим ибн Холид Занжий ва тафсир ли- Ато Хуросоний би-ривоят Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Термизий. Ҳикмат Башир Ёсин тадқиқи. Китоб муқаддимаси.Мадина: “Ал-мактаба ад-дор”, 1988.

  9. Ж. Чўтматов. Термиз тарихи ёхуд Термизнинг безавол қалъалари. Тошкент: “Yangi nashr”, 2017.

Download 31,41 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish