1. «Мия ҳужуми» («мия жанги») методи
Методиканинг асосий қоидалари:
ғояларни шакллантиришга ҳалал берадиган қандай бўлмасин бирор мулоҳаза ва танқидий фикрларни билдирмаслик;
янгича фикрни табриклаш ва фикр қанчалик одатдан ташқари бўлса, унинг шунча яхши бўлишини ҳисобга олиш;
энг кўп сонда таклифлар олиш;
ғояларни комбинациялаш ва ривожлантириш;
ҳар томонлама далил-исботлар келтирмасдан туриб, қисқа фикрларни баён қилиш;
гуруҳни ғоялар берадиган кишилар ва уларни ишлаб чиқадиган кишиларга бўлиш.
Бу методика ўқувчининг ўз нуқтаи назарини исботлаш, ҳимоя қилиш, ҳар қандай вазиятда энг маъқул ечимни топиш, мулоқат олиб боришга, ҳимоя қилинаётган нуқтаи назарнинг тўғрилигига кузатувчиларни ишонтиришга ўргатади.
Методнинг мақсади – гуруҳдан қисқа вақт ичида кўп миқдор вариантларни олиш, ўқувчилар нималарни билишини аниқлаш. Машғулот давомида муаммони ҳал эта оладиган ғоялар таклиф этилиши, умумий тажриба юзасидан фикр алмашиш учун замин яратилиши ва ўқувчилар истакларини билдириши мумкин. Бу жараён моҳият эътибори билан шундан иборатки, гуруҳга мавзу, савол ёки тугалланмаган таклиф берилади. Гуруҳ аъзолари бир неча минут давомида шу мавзу юзасидан гаплашиб, миясига нима келса, шуларнинг ҳаммасини айтишади ва буларнинг ҳаммаси бўр билан синф доскасига ёзиб борилади. Гапларнинг ҳаммаси, улар қанчалик ноаниқ, бемаъни ёки баҳсли бўлмасин, ёзиб қўйилаверади. Ҳамма ўз фикрини муҳокама қилмасдан туриб, баён қилади, чунки мақсад кўпроқ миқдорда ва хилма-хил таклифлар олишдир. Бу пайтда тақиқлар бўлмайди ва ҳеч қандай баҳолар берилмайди. Ўқувчиларда таклифларни таҳлил қилиш, норозилик билдириш ва таклиф этилган ҳамма фикрларни муҳокама қилиб чиқиш учун кейинроқ имкон бўлади. Агар фаоллик суст бўлса, ўқитувчи ўз фикрларидан баъзиларини ёзиб олишни таклиф этиши мумкин, лекин бундан олдин у бир оз жим туриши керак.
Методнинг қиймати шундаки, у гуруҳни бирлаштириб, якдил қилади. Ҳар бир ўқувчига учунг таклифи ёзиб олишга арзигулик эканлигини сезиш учун имкон берилади. Шуниси муҳимки, гуруҳнинг қиладиган ҳатти-ҳаракатлари тартибини ўқитувчи мия ҳужумининг энг бошидаёқ тушунтириб бериши керак. Гуруҳнинг топшириқдан чалғишига йўл қўймаслик ҳам муҳим: мия жангида иштирок этишга ўрганиб қолган гуруҳ ҳам таклифларни муҳокама қилишга вақтидан илгари киришиб кетиши мумкин. Берилган таклифларни ёзиб бориш учун бир кишини ажратиш ўринлидир, бу нарса жараённи бошқариб бориш, ҳамма фикрларни жамлаш, гуруҳ билан визиуал алоқани қувватлаб бориш ва талабаларнинг фикрлаш жараёни суръатларини пасайтирмаслик учун ўқитувчига ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |