ЗАРАФШОН
Сафар эсдалиги
Кўз олдимда оқиб ёткан Зарафшон,
Ёш боладек эркалайдир, ўйнайдир.
Ҳовлиқма ҳам бўлса ўзи, кўп чаққон,
Унча-мунча тўсиқларни қўймайдир.
Катта-кичик тошлар бўлса йўлида,
Ҳеч қурамай судраб кетар илгари.
Ким биладир, жон топширмиш қўлида,
Ҳазил-ҳазил билан қанча ёш-қари?..
Унинг ўзи шу ўйноқи қилиғи,
Шу ҳовлиқма одати-ла кўп қўрқинч,
Сувларининг нозли қиздек силлиғи
Кўп танларни ағдарарлик катта куч!..
Ундан қўрқинч унинг ўткарганлари,
Салтанатлар, қонлар, улуғ тарихи.
Сийнасида бўғиб ўлдирганлари,
Кўп жонларнинг инграйиши ва оҳи!
Тарихининг қанотлари сўнг йиллар
Аллақандай қора ранг-ла бўялмиш.
Ёнларида яшагувчи кўп еллар
Қора ёзмиш қозиғига суялмиш…
Шўх-шўх оқиб, юрагида яширинча
Тарихларни, асрларни қарғамиш.
Билармикин, ўз умрида ул қанча
Яхши эрлар ёд этмиш-да, алқамиш?
Ай, Зарафшон, ўйнаб-кулиб оқа бер,
Мазлумларнинг юрагини ёқа бер…
1920 йил, Август, Самарқанд.
ҚАЛАНДАР ИШҚИ
(Эски тартибда)
Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,
Асрлик тош янглиғ бу хатарлик йўлда қотдим-ку*.
Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир,
Ҳалокат бўлғусин билмай қулочни катта отдим-ку.
Ажиб дунё экан бу ишқ дунёси, аё дўстлар,
Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку.
Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим,
Кўзимдан ёшни жо айлаб, аламлар ичра ботдим-ку.
Қаландардек юриб дунёни кездим, топмайин ёрни
Яна кулбамга қайғулар, аламлар бир-ла қайтдим-ку.
Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.
Боку, 1920 йил.
ТАБИАТКА
(Саид Али Хўжага бағишлаб)
Кел, малак, кел, кел, пари, кел, кел, ўпай бир эркалаб,
Кел, қуёш чиққунча ўптир… кел, кел ўпай бир эрталаб!
Кел, қучоқлай, кел қўлингни, бармоғингни бир кўрай,
Кел, кўзингга кўз солай, кел, кўрай, сўнгра ўлай…
Келма, келма, эй пари, сен, танларинг нурдир сенинг,
Танларинг нур, юзларинг нур, тенгларинг ҳурдир сенинг…
Ёқти ойлардан қуйилган ёғдулардандир танинг,
Кўк юзида барча юлдузлар суюнчингдир сенинг…
Кўланкангдир – боқчаларга турли гулларни сочар,
Кўз қарашингдир сенинг, элга саодатлар очар…
Ўйнашингдир – ўйноқи юмшоқ шамолни қўзғатар,
Тўхташингдир – дунёда барча ҳаётни тўхтатар.
Сўзлашингдир– боқчаларда барча қушни сайратар,
Бир табассум қилмоғингдир – барча жонни яйратар,
Куйлашингдир – уйқуда қотган жаҳонни ўйнатар.
Уйқудан турган жаҳон ул куч биландир, тўй этар…
Қайғуриб қолган чоғингдир, барча жонлар қайғурар.
Ҳар томонда қайғу, ҳасрат, ҳар азиз жон оҳ урар.
Кўк юзини қоп-қора, машъум булутлардир ўрар,
Ул булутлар устига отдек миниб девлар чопар.
Ҳар уришда қамчини ўтлар ёнар, чақмоқ чақар.
Ул булутлар чопсалар девлар билан осмон бўйи,
Унда бошланса жин, алвасти ва шайтонлар тўйи
Кўк гўзалдир, сел ёғар, дўллар қучар, тўфон босар,
Қум кўчар… Тоғлар қадар қумлар кўчар… йўлни тўсар…
Зўр денгизлар наъра тортар… жон сўрар тўлқин чопар.
Катта тўлқинлар келар-да, майда тўлқинлар қочар…
Майда тўлқинлар “ўлим” рақсин этарлар куйлашиб,
Сўнгра қирғоққа чиқарлар жонлиларни йўқлашиб,
Келма-келма… мен фақир… бечора… йўқсил бир киши.
Мен каби йўқсил кишиннг ёғдуларда не иши?…
1920, Апрел 29.
УЙҚУ
(“Бормаймен деди” куйига)
Жим туринг, шовқинламанг, уйқу ичида ул пари,
Юрма, тек тур, эй шамол, юрсанг-да юр, бироз нари!
Кўкда бир тўп қиз-малак уйқу куйини бошлади.
Илгари чалган тирик, жонли куйини ташлади.
Бош учида айланар бир тўп фаришта жимгина;
Кўк элининг тангриси – ой ҳам қарайдир тинчгина.
Ул олос кўзлар юмулган… куйни ёндиргачгина,
Кўп гўзал кўзларни юмдиргач, уялдиргачгина…
Чарчаган, толган, умидсиз кўзларим тўймай қарар,
Ҳар қарашда кўнглима минг турли ўйларни солар…
Бу ётиш, бу уйқу, бу қандай ширин, қандай гўзал,
Жонланар, юз кўрсатар синган ва ясанган амал.
У ётиш, уйқу на ерда, на хаёлий кўкда бор,
Бу гўзал сирли томоша менда, мен ўксукда бор.
Жим туринг. Шовқинламанг, уйқу ичинда ул пари,
Кўзларим тўймай қарар, борлиқ кўринма, тур нари…
Тошкент, 1921, Феврал.
Do'stlaringiz bilan baham: |