12.5. Устав капиталини текшириш.
Барча турдаги хўжалик юритувчи субъектларни шартли равишда ташкилий-ҳуқуқий шакли бўйича уч гуруҳга ажратиш мумкин:
а) якка мулкчилик (хусусий корхоналар, масъулияти чекланган жамиятлар, давлат корхоналари ва ҳ.к. – яъни таъсис этувчиси бир жисмоний ёки юридик шахс томонидан тузилган хўжалик юритувчи субъектлар);
б) шерикчилик (қўшма корхоналар, хорижий инвестицияли корхоналар, масъулияти чекланган жамиятлар ва ҳ.к. – яъни таъсис этувчиси икки ва ундан ортиқ жисмоний ёки юридик шахс томонидан тузилган хўжалик юритувчи субъектлар);
в) акционерлик жамиятлари (очиқ ва ёпиқ акционерлик жамиятлари).
Хўжалик юритувчи субъектларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари билан бирга уларнинг фаолият турларига қараб ҳам устав капиталининг миқдори фарқ қилиниши мумкин.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав капиталининг миқдори бу унинг ташриф қоғози ҳисобланади. Устав капиталининг миқдорига бизнесни ривожлантиришнинг бир қанча омиллари боғлиқдир яъни, банк кредитлари, корпоратив облигацияларни чиқариш имконияти, кредиторларнинг талабларини бажариш, ва ҳ.к.
Устав капитали – таъсис ҳужжатларида белгиланган ҳиссаларнинг (пул ифодасида) йиғиндисидир. Устав капиталига ҳисса шаклида қўшиладиган моддий ва номоддий активлар таъсисчилар келишувига ёки юридик шахс ижроия органининг қарорига кўра белгиланади ва ҳисобга олинади_.
Хўжалик юритувчи субъектнинг устав капиталини шакллантириш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва таъсис ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Устав капитали рўйхатдан ўтказилган миқдор чегарасида акс эттирилади. Хўжалик юритувчи субъект акционерлик жамият бўлса, Жамиятнинг устав фонди акциядорлар сотиб олган жамият акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади. Жамият чиқарадиган барча акцияларнинг номинал қиймати бир хил бўлиши лозим. Жамиятнинг устав фонди унинг мол-мулкининг ўз кредиторлари манфаатларини кафолатлайдиган даражадаги энг кам миқдорини белгилайди. Жамият давлат мулки негизида тузилганда корхонанинг (мол-мулкнинг) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланган бозор баҳоси жамият устав фондининг суммасини ташкил этади. Жамият оддий акцияларни, шунингдек бир ёки бир неча турдаги имтиёзли акцияларни жойлаштиришга ҳақлидир. Жойлаштирилган имтиёзли акцияларнинг умумий суммаси жамият устав фондининг йигирма фоизидан ошмаслиги лозим.
Жамият таъсис этилаётганда унинг барча акциялари муассислар ўртасида жойлаштирилган бўлиши керак.
Очиқ акциядорлик жамияти устав фондининг энг кам миқдори жамият давлат рўйхатидан ўтказилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича эллик минг АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган суммадан кам бўлмаслиги, ёпиқ акциядорлик жамияти устав фондининг энг кам миқдори эса, жамият давлат рўйхатидан ўтказилган санада қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз баравари миқдоридан кам бўлмаслиги керак.
Жамият устав фондини таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантиришнинг энг кўп муддати, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги лозим.
Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг устав капитали унинг иштирокчилари улушларининг номинал қийматидан таркиб топади. У жамиятни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.
Таъкидлаш лозимки, акциядорлик жамиятлари ва масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисидаги қонунларда белгиланган юқорида келтирилган устав капитали миқдорига қўйиладиган талабларидан ташқари устав капиталининг миқдори ва тузилишига муайян талабларни белгиловчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам мавжуд. Масалан, улгуржи савдо билан шуғулланишга лицензия олиш учун корхона ўз устав капиталини энг кам ойлик иш ҳақининг 3500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, ундан энг кам ойлик иш ҳақининг камида 1200 баравари миқдорида пул маблағлари билан шакллантириши керак, лотореялар, тотализаторлар ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш фаолиятини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар эса 200 млн. сўм миқдорида устав капиталига эга бўлиши, ундан камида 50 фоизини пул маблағлари ташкил этиши керак.
Акциялар хиллари ва турлари (тоифалари) бўйича фарқланади. Акцияларнинг хиллари: эгаси ёзилган, эгаси ёзилмаган. Акцияларнинг турлари (тоифалари): имтиёзли, оддий.
Акцияда кўрсатилган ва жамият акциядорларнинг реестрига киритилган жисмоний ёки юридик шахсгина эгаси ёзилган, акциянинг соҳиби бўлмиш акциядор деб эътироф этилади.
Эгаси ёзилмаган акцияни сақловчи шу акциянинг эгасидир. Эгаси ёзилмаган акциялар жамият акциядорларнинг реестрига киритилмаган ҳолда бошқа шахсларга мулк қилиб берилади.
Оддий (одатдаги) акциялар овоз берувчи бўлиб, уларнинг эгаларига дивидендлар олиш, жамиятнинг умумий йиғилишларида ва жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради.
Акция эгаларига дивидендларни, шунингдек акциядорлик жамияти тугатилганда акцияларга қўйилган маблағларни биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берадиган акциялар имтиёзли акциялар ҳисобланади. Имтиёзли акциялар уларнинг эгаларига, корхона фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, муайяи дивидендлар олиш ҳуқуқини беради. Жойлаштирилган имтиёзли акцияларнинг номинал қиймати АЖ устав капиталининг 20 фоизидан ошмаслиги лозим.
Акцияларнинг номинал қиймати юз сўмдан кам бўлиши мумкин эмас. Акция бўлинмасдир.
Эмиссия рисоласини чиқариш, уни рўйхатга олиш тартибини, шунингдек эмиссия рисоласида эълон қилиниши шарт бўлган маълумотлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази белгилайди.
Устав капитали шаклланишининг текшируви вақтида Устав капитали ўз вақтида, яъни унинг белгиланган муддатларда шаклланганлиги, эълон қилинган кирим бадали тўлиқ киритилганлиги ва шаклланиш манбалари аниқланади.
Устав капиталининг текширувида аудитор унинг суммаси ҳақиқатда тўлиқ шаклланганлигига ишонч ҳосил қилиши керак. У бухгалтерия балансида ва 5-сонли "Хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот" да акс этилади.
Аудитор хўжалик юритувчи субъекти давлат рўйхатига олинган санаси билан ушбу корхонанинг бухгалтериясида эълон қилинган Устав капитали миқдори суммасига “Устав капиталга улушлари бўйича таъсисчиларнинг қарзлари” счетининг дебети ва “Устав капитали”ни счетининг кредитида акс эттирилишини назарда тутиши лозим.
Агар, текшириш вақтида “Устав капиталга улушлари бўйича таъсисчиларнинг қарзлари” счетининг дебетида қолдиқ суммаси бўлса, бу таъсисчилар томонидан Устав капиталига ўз бадалларини киритилмаганлигини ифодалайди. Бундай корхоналар таъсис этилмаган (ташкил топмаган) деб ҳисобланади ва тугатилиши лозим.
Хўжалик юритувчи субъектнинг Устав капиталига бадал сифатида бинолар, иншоотлар, жиҳозлар ва бошқа моддий бойликлар, номоддий активлар, қўшма корхона иштирокчилари хорижий давлатларининг пул маблағлари кўринишидаги валюталар ва эркин конвертация қилинадиган валюта сифатида киритилиши мумкин.
Аудитор таъсисчилар томонидан киритилган бадалларни дастлабки ҳужжатлар асосида пул маблағлари, асосий воситалар, номоддий активлар, ишлаб чиқариш заҳиралари ва бошқаларни ҳисобга олиш счетларининг дебети билан корреспонденцияланган Устав капитали бадаллар бўйича таъсисчиларнинг қарзи счетнинг кредитидаги ёзувлари асосида текширади.
Масалан, кирим касса ордерлари, дастлабки ҳужжатлар илова қилинган банкнинг ҳисоб-китоб ва валюта счетларидан кўчирмалар асосида таъсисчилар бадали ҳисоб-китоб ва валюта счетларига тўлиқ ва ўз вақтида кирим қилинганлиги текширилади.
Таъсис ҳужжатларида қайд этилган ва Устав капиталига бадал сифатида кирим қилинган моддий бойликлар, номоддий активлар таъсисчилар келишуви бўйича аниқланади ва (келишилган қийматда) баҳоланади. Устав капиталига бадал сифатида киритилган қимматли қоғозлар ва бошқа молиявий активлар таъсисчиларнинг келишувига асосан баҳоланади.
Устав капиталига ёки акцияларни тўлаш учун ҳақиқатда киритилган моддий бойликлар, номоддий активлар жамият активига ўтказиш даврида амалда бўлган бозор нархлари билан баҳоланади.
Бозор нархларига эга бўлмаган номоддий активлар таъсис ҳужжатларида қайд этилган ёки томонлар келишуви билан белгиланган қиймат билан баҳоланади. Ушбу обектларни баҳолаш, одатда, баҳоловчи мутахассисларга топширилади.
Устав капиталига бадал сифатида амалда киритилган валюта ва валюта бойликлари, жамиятга кирим қилиниши вақтида амалда бўлган расмий курс бўйича баҳоланади.
Қимматли қоғозлар охирги биржа курси бўйича баҳоланади.
Молиявий активлар ва биржада котировкага эга бўлмаган қимматли қоғозлар томонлар келишувига асосан баҳоланади. Мураккаб шароитларда ҳамда амалдаги қонунчилик талаб қилганда, Устав капиталига улуш сифатида киритилган активларнинг тўғри баҳоланиши мустақил аудитор хулосаси билан тасдиқланади.
Улуш сифатида Устав капиталига амалда киритилган моддий ва валюта бойликлари, номоддий ва молиявий активларнинг баҳоланиши уларни таъсис ҳужжатлари ва дастлабки келишувлардаги баҳоланишидан фарқ қилиши мумкин.
Асосий воситаларни қабул қилиш-топшириш далолатномалари, маълумотлар, номоддий активлар келиб тушишини тасдиқловчи ҳужжатлар ва асосий воситалар ва номоддий активларни ҳисобга олиш счетларининг дебет айланмаларига асосида ўтказилган ускуналар, бинолар, иншоотлар, интеллектуал мол-мулкга эгалик ҳуқуқларининг қиймати аниқланади. Материалларни қабул-қилиш далолатномалари, товар-транспорт юк хатлари, ишлаб чиқариш заҳираларини ҳисобга олиш бўйича счетлари маълумотларига кўра келиб тушган моддий бойликлар қиймати аниқланади.
Ҳар бир қўйилма, Устав капиталини шакллантириш тартибига илова қилинган ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим. Бундан ташқари, Устав капиталига бадал сифатида киритилаётган маблағларнинг алоҳида турлари таъсисчилар - жисмоний шахсларнинг шахсий мулк эгалигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлиши лозим. Буларга, масалан, хусусийлаштирилган хонадон, транспорт воситалари ва бошқалар киради. Шундай қилиб, аудитор таъсисчилар киритган бадалларга оид уларнинг ҳар бири бўйича юритиладиган варақалар ёки қайдномаларда акс эттирилган бадаллар бўйича қарзлар, тўланган муддатлари, киритилган активлар суммаси ва қарзларни қопланиш бўйича таҳлилий ҳисобни текширади.
Аудитор нисбатан янги ҳисобланган маблағлар - таъсисчилар томонидан киритилган номоддий активлар рўйхатдан ўтказилиши, техникавий томонларига алоҳида эътиборни қаратиши лозим. Булар янгиликларни яратиш ва анъанавий мол-мулкнинг бошқа обектлари, ер ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқлари, фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензиялар, брокер ўринлари, савдо белгилари ёки эмблемалари ва бошқалар билан фойдаланиш учун мулкий ҳуқуқлардир.
Ҳисобда номоддий активлар, керак бўлса экспертлар иштирокида белгиланган шартномавий нархлар билан баҳоланади. Айрим ҳолларда, барча таъсисчилар билан келишилмаган ҳолда, айрим жисмоний шахсларга тегишли бўлган бойликлар қисми, амалдаги нархлар бўйича эмас, гарчи улар бундай баҳога лойиқ бўлмаса ҳам, кўп маротаба қимматроқ баҳолайдилар.
Шу боис, номоддий бойлик қандай баҳоланганлигини аниқлаш керак, масалан, агар у илмий изланиш бўлса эскириб қолмаганмикин? Ушбу активлар кўп ҳолатларда моддий таркибга эга бўлмаганлиги муносабати билан, корхонага номоддий активларнинг у ёки бу обекти амалда келиб тушиши юзасидан назорат қилиш масаласи вужудга келади.
Юқорида қайд этилган воситаларнинг ўзига хос бўлган хусусиятларига эга бўлишлигига қарамасдан, номоддий активларнинг келиб тушиши тегишли ҳужжатлар шаклида амалга оширилиши лозим. Бу қандайдир маълумотни, саноат суръатини, таркибни ва бошқаларни ёритувчи ҳужжатлар бўлиши мумкин. Бунда, албатта, корхонага номоддий активларни келиб тушишини ва эскириш муддатларини акс этувчи ҳужжат расмийлаштирилиши лозим.
Иштирокчиларнинг Устав капиталига кирим қилинган бадаллари ҳисобда ва балансда улар амалда келиб тушиши бўйича акс этирилади. Корхонанинг Устав капиталига бадалнинг амалда келиб тушиш вақти бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
пул маблағлари учун - пуллар касса, ҳисоб-китоб, валюта счетига кирим қилинган санаси;
асосий воситалар, моддий ва номоддий активлар учун - асосий воситалар, моддий ва номоддий активларни қабул қилиш-топшириш далолатномалар ва ушбу обектлар келиб тушганлигини тасдиқловчи бошқа дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилган санаси.
Корхона Устав капиталига таъсисчилар томонидан киритилган бадалларнинг тўлиқлиги унинг таъсис ҳужжатларида қайд этилган ва Устав капитали ҳисобининг счетларидаги акс этилган миқдорини Устав капитали бадаллар бўйича таъсисчилар қарзи счетидаги миқдори билан солиштириш йўли билан аниқланади.
Устав капиталини текшириш вақтида бухгалтерия ҳисобида тўғри расмийлаштирилганлиги ва 13-сонли журнал-ордерда Устав капитали ҳисоби бўйича счетда қонуний ва тўғри акс этилганлиги, улар амалдаги қонунчиликка мувофиқ эканлиги аниқланиши лозим.
Таъсисчилар сони ва уларнинг корхона Устав капиталидаги улушларини текшириш вақтида, аудитор тегишли юридик шахс тури учун таъсисчиларнинг энг кўп сони ва ҳар бир таъсисчининг Устав капиталига киритадиган энг кўп улуши ҳамда Устав капиталининг энг кам миқдори амалдаги қонунчилик билан белгиланишини унутмаслиги керак.
Устав капитали таъсис ҳужжатлари билан белгиланган миқдордан кўп бўлмаслиги кераклигини қайд этиш лозим. Шу боис, аудит ўтказишнинг энг муҳим масалаларидан бири бўлиб Устав капитали миқдори барқарорлик тамойилига, таъсис ҳужжатлари билан белгиланган миқдорга мувофиқлигини текшириш ҳисобланади. Лекин, амалдаги қонунчилик ва таъсис ҳужжатларида қайд этилган ҳолатларда, унинг ошириш ёки камайтириш мумкин. Хусусан, корхонага янги иштирокчиларни қабул қилишда, улар томонидан қўшимча бадаллар киритишда ёки корхона фаолияти натижасида олинган фойданинг бир қисми устав капитал миқдорини оширишга йўналтирилганда бундай ҳолатлар вужудга келиши мумкин.
Устав капиталининг тақсимланмаган фойда ҳисобига кўпайиши тақсимланмаган фойда ҳисоби счетининг дебети ва Устав капитали ҳисоби счетларининг кредити бўйича акс эттирилади, белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтгандан кейин.
Устав капиталининг камайиши Устав капитали ҳисоби счетларининг дебети ва чиқиб кетаётган таъсисчиларнинг бадали бўйича счетининг кредити бўйича акс эттирилади, белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтгандан кейин.
Акциядорлик жамиятларида Устав капитали янги акцияларни чиқариш (эмиссия) ёки уларнинг номинал қийматини ошириш ҳисобига кўпайтириш мумкин, камайтириш эса - акцияларни акциядорлардан қисман сотиб олиш ёки акцияларнинг номинал қиймати камайтириш ёки уларни умумий миқдори қисқариш ҳисобига вужудга келади. Шу боис, текширишни амалга ошираётганда, аудитор корхонанинг Устав капиталида ва таъсис ҳужжатларида содир этилган ўзгаришлар асосли эканлигини текшириши лозим.
Зарур бўлганда Устав капитал таъсисчиларнинг мақсадли қўйилмалари ҳисобига кўпайиши мумкин.
Ўтказилган текширув сифатли бўлишининг асосий омили бўлиб, аудитор иштирокида кириш бадали сифатида киритилган мол-мулк ва номоддий активларнинг инвентаризациясини амалга ошириш ҳисобланади. Амалиётда таъсисчи томонидан чиқарилган акциялар суммасидан кўп бўлган акцияларни ҳисобга олиш ҳолатлари учраган. Айрим ҳолатларда, мол-мулк таркиби ҳисобида яроқсиз ҳолга келган асосий воситалар, буюмлар ва хўжалик асбоблари ёки номоддий активлар ҳисобида - маънавий аҳамиятини йўқотган ноу-хау (кноw-hоw) ҳисобда акс эттирилиши кузатилади.
№.
|
Хўжалик операцияларининг мазмуни
|
Сумма,
минг сўмда
|
Бухгалтерия проводкаси
|
дебет
|
кредит
|
1
|
Рўйхатдан ўтказиш пайтида таъсисчиларнинг қарзи тўлиқ миқдорда акс эттирилади
|
70 000
|
4610
|
8310
|
2
|
АЖ акцияларининг номинал қиймати бўйича сотилиши акс эттирилади
|
10 000
|
5110
|
4610
|
3
|
Акциялар номинал қийматидан юқори нархда сотилди:
номинал қиймат суммасига
номиналдан юқори суммасига
|
60 000
24 000
|
5110
5110
|
4610
8410
|
Хўжалик юритувчи субъектнинг устав капиталини шакллантиришда курс фарқи одатда таъсис ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш пайтидаги ҳамда валюта ва валюта қийматликларини устав капиталига амалда киритиш пайтидаги валюталар курсларининг фарқ қилиши натижасида пайдо бўлади.
8420 “Устав капиталини шакллантиришда курс фарқи” счёти устав капиталини шакллантириш жараёнида вужудга келадиган курс фарқларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган. Устав капиталини шакллантириш учун берилган валюта ва валюта қийматликлари, устав капиталига улушларни киритиш санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича баҳоланади. Валюта ва валюта қийматликларини ва бошқа мулкларни баҳолаш рўйхатдан ўтказиш санасидаги таъсис ҳужжатларида белгиланган баҳолардан фарқ қилиши мумкин. Бунда вужудга келган курс фарқлари 8420 “Устав капиталини шакллантиришда курс фарқи” счётида ҳисобга олинади. Баҳолардаги ижобий курс фарқлари 8420 “Устав капиталини шакллантиришда курс фарқи” счётининг кредитида, салбий курс фарқлари эса мазкур счётнинг дебетида акс эттирилади. Курс фарқларини бу тартибда ҳисобдан чиқарилиши таъсис ҳужжатларида олдиндан келишилган, устав капиталидаги таъсисчиларнинг улушининг ўзгармаслигига имкон беради.
8420 “Устав капиталини шакллантиришда курс фарқи” счёти бўйича аналитик ҳисоб ҳар бир таъсисчи бўйича алоҳида юритилади.
Чет эл валютасида устав капиталининг миқдори белгиланган тақдирда ҳар бир муассис томонидан улушлар киритилиши киритиш пайтидаги Марказий банк курси бўйича амалга оширилади.
Устав капиталининг миқдори чет эл валютасида белгиланган ва легитим сўмлар билан устав сармоясига улуш киритилган тақдирда қайта ҳисоблашиш ҳам улуш киритилган кунда Марказий банк курси бўйича амалга оширилади.
Мисол, чет эл инвестициялари иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектнинг устав капитали таъсис ҳужжатларга биноан 250 000 АҚШ долларини ташкил қилади. Хорижий таъсис этувчининг улуши 49 фоизга тенг. Улуш сифатида 122 500 АҚШ доллари қийматидаги ускуналар киритилади.
АҚШ доллар курси қуйидагича бўлган:
Ҳужжатлар рўйхатга олинган санада – 1 АҚШ доллари сўмга нисбатан 1200 сўм;
Улушни киритиш пайтида - 1 АҚШ доллари сўмга нисбатан 1239 сўм.
t.r.
|
Хўжалик операцияларининг мазмуни
|
Сумма,
минг сўмда
|
Бухгалтерия проводкаси
|
дебет
|
кредит
|
1
|
Рўйхатдан ўтказиш пайтида таъсисчиларнинг қарзи тўлиқ миқдорда акс эттирилади
|
300 000
|
4610
|
8330
|
2
|
Маҳаллий таъсис этувчининг улуши акс эттирилганда
|
153 000
|
5110
|
4610
|
3
|
Хорижий таъсис этувчининг улуши акс эттирилганда:
ускунанинг қийматига
курс фарқига
|
147 000
4 777,5
|
0720
0720
|
4610
8420
|
Шуни таъкидлаш лозимки, чет валютасида акс эттирилган устав капитали оширилганда ёки камайтирилганда устав капиталининг фақат оширилган ёки камайтирилган қисми қайта ҳисобланади. Миллий валютага қайта баҳолаш таъсис ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар рўйхатдан ўтказилган санадаги Марказий банк курси бўйича амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |