6.5. Молиявий инвестицияларни қабул қилиш ва баҳолаш тўғрилигини текшириш
Молиявий инвестицияларни ҳисобга олишда қўлланиладиган дастлабки ҳужжатларнинг расмийлашитирилишини текширишда шуни ҳисобга олиш зарурки, қимматли қоғознинг ўзи - қатъий шаклдаги ҳужжат бўлиб, унинг шакли ва мажбурий реквизитлари қимматли қоғозларнинг маълум турлари учун қонунчилик билан белгиланган талабларга мос келиши лозим. Қимматли қоғозларда мажбурий реквизитларнинг йўқлиги ёки қимматли қоғознинг белгиланган шаклга мос келмаслиги унинг яроқсизлигидан далолат беради. Шунинг учун аудитор қимматли қоғозлар бланкларини шаклан текшириш билан бирга, моҳиятан ҳам текширувдан ўтказади. Шунингдек, қимматли қоғозлар қиймат кўрсаткичлари арифметик текширувдан ҳам ўтказилиши зарур.
12-сонли «Молиявий инвестицияларни ҳисоби» номли бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти ва 39-сонли «Молиявий инструментлар» номли молиявий ҳисобот халқаро ҳисоботида асосий мезонлардан бири эҳтиёткорлик тамойили бўлиб, у қимматли қоғозларни мавжуд баҳолардан «энг ками»18 ва «ҳақиқий бозор қиймати»19 бўйича ҳисобга олиш заруриятини келтириб чиқаради.
Ушбу стандартлардан келиб чиққан масала қимматли қоғозларни камида иккита баҳода ҳисобда акс эттириш заруриятидан иборат: акциялар учун – бу харид қилишнинг ҳақиқий қиймати ва жорий бозор баҳоси. Акциялар учун ҳақиқий ҳарид баҳоси номинал баҳога нисбатан муҳимроқ кўрсаткич ҳисобланади, чунки акция одатда муддатсиз қимматли қоғоз бўлади ва унинг номинал қиймати – бу фақат олдиндан авансланган капитал миқдоридир. Таъкидлаш жоизки, акцияларнинг бозор қиймати уларнинг эмиссиясидан кейинги эмитентнинг низом капитали билан жуда ҳам боғлиқ эмас.
Облигациялар учун эса бу – номинал қиймат ва жорий бозор баҳоси. Облигацияларни муомалада бўлиши уларнинг номинал қиймати билан боғлиқ. Негаки, уларнинг қопланиш муддати яқинлашгани сари (бошқа шарт-шароитлар ўзгармаган ҳолда, масалан, эмитентнинг барқарорлиги ва ҳоказо) унинг бозор қиймати номиналга яқинлашиб боради. Акция ва облигациялар учун икки баҳо бўлишининг муҳимлиги таҳлил қилиш ва бошқариш масалалари билан боғлиқ – улар орасидаги фарқ маълум вақт мобайнида амалга оширилмаган даромад миқдорининг моҳиятидан иборат.
Аудит жараёнида молиявий инвестицияларни баҳолаш ва қайта баҳолаш Ўзбекистон Республикаси «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонун ва 12-сонли «Молиявий инвестициялар ҳисоби» номли БҲМС асосида амалга оширилганлигига ишонч ҳосил қилиш лозим.
Олди-сотди шартномаси бўйича қимматли қоғозлар сотиб олинганида қилинган молиявий инвестициялар инвестор учун қилинган ҳақиқий харажатлар суммасида бухгалтерия ҳисобига қабул қилинади.
Қимматли қоғозларни ҳисобга оладиган қийматини шакллантирувчи барча ҳақиқий харажатлар 0610, 5810-«Қимматли қоғозлар» счетлар дебетида ҳисобга олинади. Аудитор қимматли қоғозлар сотиб олиш билан боғлиқ бўлган харажатлар таркибини, ушбу харажатларни молиявий инвестициялар қийматига қўшишнинг қонунийлигини, бу харажатларнинг тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланганлигини текширади.
Молиявий инвестицияларнинг ҳисобга қабул қилинган баҳоси, қоидага кўра ўзгартирилмайди. Қарз қимматли қоғозлар бундан мустасно.
Қимматли қоғозлар шартномага мувофиқ текинга олинганида олинган вақтидаги бозор баҳоси бўйича баҳоланади.
Агар молиявий инвестициялар чет эл валютасида амалга оширилса, бундай муомалаларнинг валюта муомалаларини тартибга соладиган меъёрий ҳужжатларга мувофиқлигини текшириш зарур.
Қиймати чет эл валютасида ифодаланган молиявий инвестициялар Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки томонидан белгиланган, операция содир бўлган кунда амал қилаётган валюта курси бўйича сўмга ҳисоблаб баҳоланади.
Қимматли қоғозлар ва берилган қарзлар инвестор учун молиявий инвестициялар объекти бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси «Қимматли қоғозлар бозори ва фонд биржаси тўғрисида»ги қонунга мувофиқ қимматли қоғозлар мулкий ҳуқуқларни ёки уларни чиқарган шахслар ва уларнинг эгалари ўртасидаги қарз муносабатларини тасдиқлайдиган, дивидендлар ёки фоизлар кўринишида даромад тўланишини ва ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни ўтказиб бериш имкониятларини назарада тутувчи пул ҳужжатларидир.
Объектларнинг қимматли қоғозлар қаторига тўғри олиб борилганлигини текшириш чоғида корхонанинг қимматли қоғозлар учун ҳуқуқи борлиги ва қимматли қоғозлар бўйича ҳуқуқни бериш қоидаларига риоя қилинишини аниқлаш зарур.
Молиявий инвестицияларни ҳисобга олишда қўлланилган дастлабки ҳужжатларни текшириш ўта муҳим аҳамиятга эга. Чунки улар қимматли қоғозларга доир мулкий ҳуқуқнинг бир субъектдан иккинчисига ўтишида махсус тартибни белгилайди.
Молиявий инвестицияларни ҳисобга қабул қилиш учун асос бўлувчи ҳужжатларда муайян қимматли қоғозни сотиб олиш мақсади ва ундан фойдаланиш муддати кўрсатилиши шарт.
Аудитор қимматли қоғозларни тўғри баҳоланганлигини текшируви чоғида 12-сонли «Молиявий инвестициялар ҳисоби» номли БҲМС нинг 9-19 бандларидаги қоидаларга асосланади. Қимматли қоғозларни сотиб олиш бўйича ҳақиқий харажатлар қуйидагиларни ўз ичига олади: шартномага мувофиқ сотувчига тўланадиган суммалар; қимматли қоғозларни сотиб олиш билан боғлиқ ахборот ва маслаҳат хизматлар учун ихтисослаштирилган ташкилотлар ёки шахсларга тўланадиган суммалар; қимматли қоғозларни сотиб олишда иштирок қилган воситачи ташкилотларга тўланадиган тўловлар. Қимматли қоғозлар сотиб олиш учун, уларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилгунга қадар ишлатилган қарз маблағлар бўйича фоизлар тўлаш учун қилинган сарфлар; қимматли қоғозларни сотиб олиш билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа сарфлар.
Аудитор қайтариш муддати бир йилдан ошиқ қимматли қоғозлар ҳам қайта баҳоланаётганлигини текшириш лозим. Чунки курс тафовутини қайта баҳолаш ва ҳисобда акс эттириш фақат қисқа муддатли молиявий қўйилмалар таркибида ҳисобга олинадиган қимматли қоғозлар, ҳамда корхона томонидан белгиланган тартибда депозитга жойлаштирилган пул маблағлари бўйича амалга оширилади. Бошқа корхоналарнинг устав капиталига қўшилган улушлар таъсис шартномасида белгиланган (келишилган) қиймат бўйича баҳоланади. Корхона мулкини бошқа корхона устав капиталига улуш сифатида беришда молиявий инвестициялар шартнома қиймати ва берилган мулклар қиймати ўртасидаги фарқларни ҳисобда акс эттиришнинг тўғрилигини текшириш зарур.
Қимматли қоғозлардан олинадиган даромад битта ёки бир нечта бозор кўрсаткичлари (индекслар) га боғлиқ. Масалан, фъючерс муомалаларидан олинадиган даромад олди-сотдини амалга оширишда товарнинг келгусидаги баҳоси қанчалик тўғри аниқланганлиги ва бу товарга талаб қандай эканлигига боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |