5.3. Номоддий активлар аудитининг режаси ва дастурини тайёрлаш.
Номоддий активларни текширишда уларни баҳоланишининг асосланганлиги, ташкилий харажатларнинг тури ва уларнинг мақсадга мувофиқ таркиби, эскириш ҳисоблаш орқали қийматининг қопланишга эътибор берилади11
Номоддий активларнинг акс эттирилишини аудит қилишда асосий эътибор, уларнинг балансда тўғри кўрсатилишига қаратилади. Шу жумладан: «Номоддий активлар ҳисоб ва ҳисоботда сотиб олиш, тайёрлаш ва уларни фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ харажатлар йиғиндиси асосида акс эттирилади. Номоддий активлар объектлари бўйича уларнинг дастлабки қийматини аста–секин маҳсулот таннархига амортизация меъёрлари асосида қўшиб бориш орқали акс эттирилади»12.
Демак, номоддий активларни аудитида асосий эътибор уларга тегишли муомалаларни энг аввало бухгалтерия ҳисобида тўғри юритилишига қаратилиши лозим. Ушбу фикрни ривожлантириб, профессор П.Н.Камышанов томонидан шундай деб таъкидланган: «Назорат қилиш жараёнида бухгалтерия ҳисобида номоддий активларни қабул қилинишининг тўғрилигини текшириш лозим. Юқорида таъкидланганидек, номоддий активлар моддий-қиймат асосга эга эмас, шу сабабли уларни бухгалтерия ҳисобида қабул қилинишида маълум муаммолар пайдо бўлади. Номоддий активларни қабул қилиниши тегишли ҳужжатлар (қабул қилиш-топшириш далолатномаси, шартнома, бухгалтерия маълумотномаси ва бошқалар) асосида амалга оширилади. Бошланғич ҳужжатлар асосида уларнинг ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилганлиги, иқтисодий асосланганлигининг тўғрилиги текширилади».13
Р.Дўсмуратов томонидан шундай фикр билдирилган: «Ташқи иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши, қўшма корхоналар ва акциядорлик жамиятларининг ташкил этилиши сабабли номоддий активлар ҳисоби ва аудити олдига муайян талаблар қўйилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу соҳада бир қанча масалалар ҳозирги кунда ўз ечимини кутмоқда, халқаро тажриба суст ўрганилмоқда. Иккинчи томондан, номоддий активлар ҳақиқатдан, ҳатто дунё амалиёти учун ҳам мураккаб ва хилма-хил тушунча бўлиб, хусусан уларни ҳисобга олиш ва ҳисоботда акс эттириш ҳамда аудиторлик текширувидан ўтказиш бўйича ягона халқаро ва миллий стандартларнинг йўқлиги ҳамда бу муаммолар бўйича давом этиб келаётган принципиал келишмовчиликлар бундан далолат беради. Хусусан, бизнинг республикамизда ҳам номоддий активларни аудиторлик текширувидан ўтказиш бўйича услубий кўрсатмалар ҳам ишлаб чиқилмаган»14.
Шундай қилиб, номоддий активлар аудити бўйича тегишли ишларни амалга ошириш лозим деб ўйлаймиз. Ушбу масалада профессор Х.Н.Мусаев томонидан шундай фикр билдирилган: «Номоддий активларнинг аудити буюртмачилар билан тузилган шартномалар асосида қуйидаги кетма-кетликда ўтказилади:
номоддий активларнинг бухгалтерия ҳисобидаги қолдиғи аниқланади;
номоддий активларнинг ҳақиқий миқдори ҳисоб маълумотлари билан солиштирилади;
номоддий активларнинг харид қилиниши ва сотилиши билан боғлиқ бўлган ҳужжатларнинг қонуний тузилганлиги текширилади;
номоддий активлар ҳаракатининг бухгалтерия ҳисоби счетларида тўғри ифодаланишини назорат қилинади;
номоддий активлар бўйича эскириш суммаларининг тўғри ҳисобланганлиги ҳисобдан тўғри чиқарилганлиги текширилади;
номоддий активлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларнинг вақтида ва тўлиқ амалга оширилганлиги ўрганилади;
номоддий активларни ишлатишда олинган самарадорлик-фойда, уларни кўпайтириш йўллари белгиланади»15
Ушбу фикрлар янада ривожлантирилиб, З.Т.Маматов, Д.Э.Норбеков, К.А.Шакаров томонидан қуйидагича фикр билдирилади: «Аудитор номоддий активларнинг баҳоланиши, ҳаракатланиши ва амортизациялаш қиймати ҳисобининг тўғрилигини текшириб кўриш керак.
Аудитор номоддий активларнинг олиниши (харид қилиниши, барпо этилиши) билан боғлиқ бўлган харажатларнинг капитал тусга эгалиги ва уларнинг ушбу объектларнинг ҳисобга олинишига қадар 0830 «Капитал қўйилмалар» счётида худди узоқ муддатли инвестициялар сифатида акс эттирилишини ёддан чиқармаслиги лозим»16.
Албатта бу фикрлар номоддий активлар аудитини ташкил этишининг маълум назарий асосларини белгилаб беради. Лекин бу фикрлар қўйилган муаммонинг ечимини тўлиқ топа олмаган. Шу сабабли ушбу масала, яъни номоддий активлар аудитида эътибор қилиниши лозим бўлган бошқа муаммолар ҳам мавжуд деб ўйлаймиз. Бизнинг фикримизча мавжуд меъёрий ҳужжатлар ва юқоридаги фикрларни ўрганиш асосида номоддий активлар аудитини маълум тартибда ташкил этиш лозим деб ўйлаймиз. Шундай қилиб, бизнинг фикримизча, номоддий активлар аудитини тўлиқ ва комплекс ташкил этилиши учун қуйидаги бўлимлар бўйича юритилиши лозим:
Номоддий активлар аудитини режа ва дастурини тузиш;
Ҳисоб сиёсатида номоддий активлар ҳисобининг ўрни ва аҳамиятини текшириш;
Номоддий активларни ҳисоб объектларига тўғри киритилганлигини, шу жумладан, янги ҳисоб объектлари бўлган интеллектуал мулк, саноат намуналари ва шунга ўхшашлар учун корхонага мулкий ҳуқуқ берадиган ҳужжатларни таҳлил қилиш;
Бошланғич ҳужжатларда уларнинг қиймат кўрсаткичлари, яъни баҳоланишини ўрганиш асосида унинг мақсадга мувофиқлигини аудиторлик текширувини амалга ошириш;
Бозор иқтисодиёти шароитига мос ҳолда номоддий активлар кирими, амортизация ҳисоблаш ва ҳисобдан чиқаришга доир операцияларнинг бухгалтерия ҳисобида тўғри акс эттирилишини текшириш;
Номоддий активларни мавжудлигини мутахассис (эксперт)ларни жалб қилган ҳолда инвентаризация қилиш;
Номоддий активларни ҳисобга олиш ва унинг ҳуқуқий жиҳатдан тўғри расмийлаштирилганлиги ҳақидаги хулосаларни умумлаштириш ва аниқланган хато ва камчиликларни тузатиш бўйича тадбирлар белгилаш.
Номоддий активлар бўйича кўрсаткичларни молиявий ҳисобот шаклларда акс эттирилишини асосланганлиги ва ҳақиқатга мос келишини назорат қилишдан иборатдир.
Номоддий активлар аудитини режалаштириш жараёнида аудитор ушбу мақсадни амалга ошириш кетма-кетлигини, маълумотларни йиғиш манбааларини, аудиторлик рискини аниқлаб олиши зарур. Номоддий активлар аудитини амалга оширишнинг намунавий дастурини ишлаб чиқдик ва уни республикамиздаги барча аудиторлик компанияларида қўллашга тавсия этамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |