5.2.Аудитнинг мақсади вазифалари ва манбалари
Бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида номоддий активларнинг тобора салмоқли аҳамият касб этиб бораётганлигини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг ҳисоби тўғри йўлга қўйилганлиги ва улардан самарали фойдаланилаётганлигини аудиторлик текширувларидан мунтазам равишда ўтказиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Номоддий активлар аудити ҳам уларнинг ҳисоби каби етарли даражада шакл топмаган тадқиқот объектлари жумласига киради.
Аудит бунга ваколатли бўлган шахслар - аудиторлар томонидан, хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий ҳисоботининг ишончлилиги ҳамда молиявий ва хўжалик операциялар Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонунчилиги ва бошқа меъёрий ҳужжатларга мувофиқ эканлигини аниқлаш мақсадида мустақил экспертиза ва таҳлил қилиш, бухгалтерия ҳисоби ва бошқа молиявий ҳисоботларга қўйиладиган талабларга мувофиқлигини, уларнинг тўлиқлиги ва аниқлигини текшириш демакдир.
Шу нуқтаи-назардан қараганда, номоддий активлар аудитининг мақсади - Ўзбекистон Республикасидаги қонунчилик асосида номоддий активларнинг ҳолати, ҳаракати, баҳоланишига объектив баҳо беришдан иборат. Бунда номоддий активлар ҳисобининг ишончлилигини ҳамда амалга оширилган молиявий ва хўжалик операцияларининг меъёрий ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлашдан иборат.
Дунё тажрибасига кўра аудиторлик текширув натижалари кўпчилик иқтисодий қарорларни қабул қилиш учун асос бўлганлиги сабабли барча давлатларда аудит етарли даражада қатъий тартибга солинади. Чунки молиявий ҳисоботларнинг объективлигига баҳо бериш бевосита ушбу хизмат вазифасига киради.
Номоддий активларни текширишнинг асосий вазифаси қуйидагилардан иборатдир:
активларнинг номоддий активларга тўғри олиб борилганлиги;
номоддий активлар объектлари бўлган ихтиролар бўйича патентлар, саноат намуналари, товар белгилари, компьютерлар учун дастурлар ва бошқа ҳуқуқлар, ишчанлик обрўси, ташкилий харажатларнинг тегишли ҳужжатларда расмийлаштирилиши;
номоддий активлар келиб тушиши ва ҳисобдан чиқарилиши бўйича операцияларни тўғри расмийлаштириш ва ҳисобда акс эттириш;
номоддий активлар бошланғич қийматини тўғри баҳолаш;
номоддий активларнинг фойдаланиш муддатини ва амортизация ажратмаларини ҳисоблашни тўғри аниқлаш;
номоддий активларга амортизация ҳисоблаш ва уни ҳисобда акс эттиришни танланган усулини ҳисоб сиёсатида белгиланиши;
номоддий активларнинг айрим объектлари бўйича аналитик ҳисобини ташкил этилиши;
номоддий активлар қолдиқ қийматини бухгалтерия ҳисобида тўғри акс эттирилиши, ҳисоботда маълумотларни тўлиқ ва тўғри очиб берилиши»10.
Бозор иқтисодиёти шароитида Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини меъёрий тартибга солиш тизими маълум босқичлар асосида амалга оширилмоқда. Аудиторлик фаолиятини тартибга солиш идораларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, давлат ва ижтимоий аудиторлик ташкилотларининг аҳамияти ва фаолиятини аниқлаш жараёни кетмоқда. Иқтисодий адабиётларда қуйидаги тартибда келтирилганидек, бешта асосий босқичдан иборат, кўп босқичли аудиторлик фаолиятини тартибга солиш меъёрий тизими ажратиб кўрсатилиши мақсадга мувофиқдир.
Биринчи босқич - молиявий-иқтисодий тизимда аудитнинг ўрни, аҳамияти, вазифаларини белгиловчи Ўзбекистон Республикаси «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни (янги таҳрир) 2000 йил 26 май.
Иккинчи босқич - барча объектлар учун мажбурий бўлган аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг умумий масалаларини белгиловчи қонунчиликка оид меъёрий ҳужжатлар.
Учинчи босқич - Молия Вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан тасдиқланаётган аудиторлик фаолияти стандартлари.
Тўртинчи босқич - аудиторлик фаолияти ва аудитнинг махсус турларини ўзига хос бўлган масалаларини тартибга солувчи аудиторлик фаолиятининг махсус стандартлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг меъёрий ҳужжатлари.
Бешинчи босқич - аудит ўтказишда тегишли аудиторлик ташкилоти аудиторлари ҳаракатини тартибга солувчи фирма доирасидаги ишчи аудиторлик стандартлари.
Номоддий активларни ҳисобга олиш бўйича дастлабки ҳужжатлар қўйидагилардан иборат:
номоддий активлар бўйича операциялар тўғрисида маълумот манбалари қуйидагилардан иборат: номоддий активлар объектлари бўйича сотиб олиш-сотиш (яратиш) шартномалари, муаллифлик шартномалари, номоддий активлар объектлари бўйича қабул қилиш-топшириш далолатномалари, фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар, лицензиялар, номоддий активлар объекти Устав капиталига киритилганлиги ва улар нархлари бўйича келишилганлиги тўғрисида баённомалар, номоддий активларни ҳисобга олиш бўйича инвентар варақалари, инвентар дафтарлари, қабул қилиш-топшириш далолатномалари, ҳисобдан чиқариш далолатномалари, таъсисчилар мажлисининг баённомалари, амортизация ажратмаларини ҳисоблаш бўйича жадваллар, 0410-0490, 0510-0590, 9220, 6010, 4890-сонли ва бошқа счетлар бўйича ҳисоб регистрлари (журнал-ордерлар, қайдномалар, машинограммалар ва бошқалар), Бош китоб ва бошқалар;
номоддий активлар ҳисоби бўйича синтетик ва таҳлилий ҳисоб регистрлари;
бухгалтерия ҳисоботи.
Даставвал, аудитор корхона ҳисоб сиёсатининг номоддий активларни ҳисобга олиш услубиёти баён қилинган асосий қоидалари билан танишиб чиқади. Булар хусусан қуйидагилардан иборат:
амортизация ажратмаларини ҳисоблаш усуллари (бир бутунлигича ёки номоддий активларнинг ҳар бир тури бўйича);
амортизация ҳисобланмайдиган номоддий активлар рўйхати;
номоддий активларни ҳисобга олиш учун қўлланиладиган намунавий қабул қилинган ва корхонанинг ўзида тасдиқланган дастлабки ҳужжатлар шакллари;
номоддий активларни инвентаризация қилиш муддатлари;
номоддий активлар ҳисобига доир ҳужжатлар айланиши;
номоддий активларга тааллуқли муомалаларни ҳисобга олишда қўлланиладиган счётлар рўйхати.
Номоддий активларга тааллуқли муомалаларни текшириш учун синтетик ва аналитик ҳисоб регистрлари қўлланиладиган ҳисоб шаклларига боғлиқ ҳолда фойдаланилади.
Бухгалтерия ҳисобининг журнал-ордер шаклида номоддий активларнинг синтетик ҳисоби 13-АСҲ журнал-ордерда ва «номоддий активларни ҳисобга олиш қайдномаси»да юритилади.
Бухгалтерия ҳисобининг счётлар режасида корхонага мулкий ҳуқуқ асосида тегишли бўлган номоддий активларнинг миқдори ва ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш учун 0400-«Номоддий активларни ҳисобга оладиган счетлар» (0410-0490) счётлар мўлжалланган. Бу счётлар балансга нисбатан актив бўлиб, уларнинг дебет томонида мавжуд номоддий активларнинг қолдиғи, кирими ва кредитида хўжаликдан чиқиши акс эттирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |