14.8. Фавқулодда фойда ва зарарни текшириш.
Фавқулодда фойда ва зарарларнинг шаклланиши 3-БҲМС "Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот" билан тартибга солинади ва миллий стандартга асосан36: фавқулодда фойда ва зарарлар - бу корхонанинг хўжалик фаолиятида ниҳоятда кам содир бўладиган, унинг учун одат бўлмаган ва корхонада бошқарув қарорларини қабул қилиш натижаси билан боғлиқ бўлмаган воқеалардан олинадиган даромад ва харажатлардир.
Фавқулодда фойдаларнинг моддалари бу хўжалик юритувчи субъектнинг тасарруфидан ташқари воқеалар ва ҳодисалар натижасида кутилмаган ва фавқулодда олинган фойдалардир. Бунга даромадларнинг фавқулодда моддалари ёки асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадлар бўлимида акс эттирилиши керак бўлган ўтган даврлардаги фойда суммаси кирмайди. Бундай даромадлар асосий фаолиятдан кўрилган бошқа даромадлар бўлимида акс эттирилиши лозим.
Фавқулодда зарарларнинг моддалари - бу хўжалик юритувчи субъектнинг тасарруфидан ташқари воқеалар ва ҳодисалар натижасида вужудга келадиган ва содир бўлиши кутилмаган одатдан ташқари харажатларнинг моддаларидир. Бунга фавқулодда моддалар ва давр харажатлари таркибида акс эттирилиши керак бўлган ўтган давр харажатларининг моддалари кирмайди.
У ёки бу моддани фавқулодда фойда ёки зарарлар тарзида акс эттирилиши учун қуйидаги учта талабрларга жавоб бериши керак:
1 .Корхонанинг одатдаги хўжалик фаолиятига мос эмаслиги;
Бир неча йиллар давомида такрорланмаслиги керак;
Корхонанинг бошқарув ходимлари томонидан қабул қилинадиган қарорларга боғлиқ эмаслиги.
Тегишли моддаларни фавқулодда моддаларга киритиш ёки киритмаслик тўғрисида қарорлар қабул қилишда ишларни амалга оширадиган шароитларни ҳам ҳисобга олиш лозим. Агарда хўжалик юритувчи субъект алоҳида иклим шароитларида жойлашган бўлса, у ҳолда иқлим шароитларига боғлиқ ҳолдаги ишламай, бўш туриб қолишлар фавқулодда деб баҳоланиши, мумкин, чунки ушбу модда "бир неча йил давомида такрорланмаслиги керак" талабига жавоб бермайди.
Шундай қилиб, тегишли модда бир вақтнинг ўзида одатдагидек эмаслик, олдиндан кўрабилмаслик ва такрорланмаслик талабларига мос келиши керак.
Корхоналарнинг хўжалик фаолиятида шундай воқеалар содир бўлиши мумкинки, улар фақат одатдагидек эмас ёки фақат олдиндан кўрабилмайдиган воқеа. Масалан, хорижий валюта муомалаларидан олинган фойда ёки зарарларни олдиндан кўриб бўлмайди, лекин бу фавқулодда эмас, чунки валюта курсининг барқарор эмаслик шароитида бу одатдаги фойда ва зарар ҳисобланади.
Демак, қуйидаги моддалар фавқулодда фойда ва зарарларга киритилмайди: даргумон дебитор қарзларни ҳисобдан чиқарилиши ёки шу мақсад учун ташкил қилинган резерв; валюта муомалардан ёки курслар фарқидан олинган даромад ёки йўқотишлар; нархлардаги тузатишлар; активлар қийматини қайтадан баҳолашдан олинган натижа, солиқ суммалари бўйича тузатишлар; олдинги йиллар фойдаси ёки зарари.
Хорижий амалиётда фавқулодда зарарларга қуйидагилар киритилади: табиий офатлардан кўрилган йирик йўқотишлар; сиёсий воқеалар. Масалан, уруш, инқилоблар натижасида йўкотишлар; мазкур давлатнинг қонуниятчилигидаги ўзгаришлар, мусодара қилиш, маълум фаолиятни тақиқлаш ва бошқалар натижасидаги йўқотишлар.
Шуни ҳам айтиш керакки, тегишли модда фавқулодда ҳолатга тўғри келиши ва келмаслигига корхона фаолият кўрсатаётган ташқи муҳит ҳам таъсир қилади. Масалан, ғўзани қатор орасига ишлов берадиган пайтда совуқдан нобуд бўлиш ҳолати жанубий вилоятлар учун фавқулодда ҳолат, чунки у ерларда апрел - май ойларида ғўзани совуқ уриб кетиши яқин орада такрорланмайдиган фавқулодда ҳолат бўлса, шимолий вилоятлар учун буни одатдаги ҳолат деб таърифлаш мумкин.
Фойда ва зарарлар суммасининг ҳажми фавқулодда воқеаларга ўтказиш ёки ўтказмаслик учун сабаб бўла олмайди.
Фавқулодда фойда ва зарарларни алоҳида ажратиб ҳисобга олишдан мақсад ҳисобот даври ичида корхоиа фаолияти натижасини объектив акс эттиришдир.
"Марҳамат" корхонаси бўйича ҳисобот даврида фавқулодда фойда ва зарарлар аниқланмаган.
Фавқулодда воқеалар содир бўлганда бу воқеалардан олинган фойда ва зарарлар қуйидаги счётлар ҳисобга олинади:
9710 Фавқулоддаги фойда"
9720' Фавқулоддаги зарар"
Булар транзит счётлар бўлиб 9710- пассив, 9720- актив счётларига мансубдир.
Фавқулодда воқеалардан олинган даромадлар суммасига 9710 "Фавқулоддаги фойда" счёти кредитланиб турли счётлар дебетланади. Содир бўлган зарар суммасига эса 9720 "Фавқулоддаги зарар" счёти дебетланиб турли счётлар кредитланади.
Бу счётларнинг дебет ва кредит оборотлари ҳисобот даври охирида қуйидаги проводкалар билан якуний молиявий натижага ўтказилади:
Фавқулодда воқеалардан олинган фойда суммасига-
Д-т 9710 "Фавқулоддаги фойда"
К-Т.9900 "Якуний молиявий натижа".
Фавқулодда воқеалардан содир бўлган зарар суммасига-
Д –т 9900 "Якуний молиявий натижа"
К-т 9720 "Фавқулоддаги зарар".
Do'stlaringiz bilan baham: |