Иқтисодиётни модернизациялаштириш шароитида пул маблағлари ва ташкилотлар ўртасида ҳисоблашишлар ҳисобининг вазифалари.
Хўжалик юритувчи субъектларда пул маблағлари ҳисобини тўғри ва аниқ ташкил қилиниши ҳамда уни такомиллаштириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.
Хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерияси, одатда, барча тўлов ва ҳисоб-китоб муомалаларини амалга оширади ҳамда ушбу муомалаларни қонунларга мувофиқ, ўз вақтида ва тўғри расмийлаштириш устидан назоратни амалга оширади.
Иқтисодий категорияга амал қилувчи ҳар бир мамлакат ривожланишининг асосий воситаларидан бири пул бўлиб, бозор иқтисодиётига ўтиш ва унда иш юритишда унинг ўрни ва аҳамияти янада ошиб боради. Дарҳақиқат, пул – «бозор тили» деб бежиз айтилмаган. Ҳар бир иқтисодий ахборот, товарлар ва хизматлар баҳоси, тўловлар, даромад ва харажатлар, молиявий талаблар ва мажбуриятлар, иқтисодий алоқалар макро ва микро даражада фақат пулда ифода қилинади.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида бозор муносабатларининг ривожланиши жараёнида шартномавий асослари меҳнат воситалари ва кредитларини харид қилиш, маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни сотиш бобида битимлар тузаётган корхоналар ўртасида муносабатлар кенгайиб бормоқда. Бундан ташқари, бюджет, банклар, суғурта органлари, турли жамоат ташкилотлари, хайрия фондлари, бевосита ходимлар ва ҳоказолар билан тўлов муомалалари амалга оширилмоқда.
Ҳисоб-китоб счётидан тўловлар мол етказиб берувчилардан олинган материал ва асосий воситалар учун, бюджет ва суғуртага бўлган қарзларини тўлаш учун, иш ҳақи бериш учун кассага пул маблағлари олиниши ва бошқа мақсадлар учун амалга оширилади. Ҳар бир тўлов корхона билан, яъни ҳисоб-китоб эгаси билан келишган ҳолда амалга оширилади, лекин қуйидаги ҳолларда банк корхонанинг ҳисоб-китоб счётидан маблағларни бошқа ташкилотлар ҳужжатлари асосида ечиб олади: молия органларининг буйруқлари асосида, агар солиқларнинг тўлаш муддати ўтиб кетган бўлса; кредитдан фойдаланганлик учун фоиз; банк хизмати учун ва ҳоказо.
Нақд пулсиз тўловларни амалга оширишда томонларнинг масъулияти ҳар бир иштирокчи учун белгиланади. Масалан, мол етказиб берувчи учун бу – шартномага ва юклаб жўнатилган маҳсулотга мувофиқ амалга оширилган пул эквивалентини ўз вақтида олиш, харидор учун – мол етказиб берувчи томонидан шартнома шартларининг бажарилиши.
Корхоналар томонидан бюджет ва турли фондлар ўртасидаги қарзларни узиш пул тўлов воситасида амалга оширилади. Ликвид активлар бўлган пул маблағлари ёрдамида корхоналар маблағларининг пул шакллари ишлаб чиқариш заҳиралари, меҳнат қуроллари ва ҳоказоларга айлантирилиши, пул тушумини ва ундан ўрин олган соф даромадни олиш амалга оширилади.
Шундай қилиб, тўлов тизими ва тўлов муомалалари маблағлар доиравий оборотини таъминлашнинг энг муҳим омили бўлиб майдонга чиқади, уларни ўз вақтида тугаллаш эса ишлаб чиқаришнинг узлуксиз жараёнини таъминлашнинг зарурий шарти бўлиб хизмат қилади.
Тўловлар, асосан, нақд пулларни ишлатмасдан, корхонанинг банкда очган ҳисоб-китоб, валюта ёки бошқа хил счётлари орқали ёки нақд пуллар билан ўзаро ҳисоб-китоблар кўринишида амалга оширилади (нақд пулсиз ёки нақд пулли ҳисоб-китоблар).
Ҳисоб-китоб муомалаларини банк орқали ўтказиш корхоналарнинг ўзлари белгилаган иш ҳақи фондларига, хизмат сафарлари ва хўжалик харажатлари лимитларига риоя қилишларини ҳар томонлама назорат қилиш, корхонанинг давлат бюджети билан солиқлар, йиғимлар бўйича ўз вақтида ҳисоб-китоб қилишини, мол етказиб берувчиларнинг счётлари ва тўлов талабномаларига ўз вақтида ҳақ тўлашни кузатиб бориш, корхонага турли мақсадлар учун, муайян таъминот ҳисобидан ссудалар бериш ва мазкур ссудаларнинг белгиланган муддатда қайтарилишини кузатиш ва ҳоказолар имконини беради.
Банк орқали нақд пулсиз ўтказишлар йўли билан тўловлар шакли ёрдамида нафақат мол етказиб берувчилар билан улардан келиб тушган моддий бойликлар учун ёки харидорлар билан улар сотган маҳсулотлар, бажарган ишлар ва хизматлар учун ҳисоб-китоблар, балки шунингдек бюджет билан солиқлар бўйича, турли хил дебитор ва кредиторлар, бош (асосий) компания ёки бирлашма билан (ички доиравий, ички хўжалик ҳисоб-китоблар), касаба уюшма ташкилоти билан ҳисоб-китоблар ҳамда бир қанча бошқа тўловлар амалга оширилади.
Пул маблағларининг нисбатан кичик суммаларидан ходимлар билан меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича, ҳисобот берувчи шахслар билан хизмат сафарлари харажатлари, касса орқали муомала қилинадиган нақд пулларга ҳарид қилинган ёки сотилган бойликлар (қимматликлар) учун нақд пулли ҳисоб-китоблар қилишда фойдаланилади. Пул маблағлари барча ҳисоб-китобларда воситачи бўлгани сабабли, табиийки, республика халқ хўжалигида маблағларнинг бир маромдаги доиравий айланишини, бозор иқтисодиёти соҳасида фаолият юритишни таъминлаш учун барча ўзаро тўловлар ва ўзаро ҳисоб-китоблар тўғри ва ўз вақтида бажарилиши зарур. Ўз навбатида, пул маблағлари, тўлов, ҳисоб-китоб ва кредит муомалаларини ўз вақтида ҳамда самарали амалга оширишга жиддий таъсир кўрсатади.
Бухгалтерия ҳисоби олдида пул маблағлари, тўловлар, ҳисоб-китоблар ва кредитларни ҳисобга олиш борасида қуйидаги асосий вазифалар туради:
- хўжалик юритувчи субъектнинг пул маблағларини самарали бошқариш мақсадлари учун керакли ахборот билан таъминлаш;
- нақд пулсиз ҳисоб-китобларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш;
- ҳисоб регистрларида тўлов ва ҳисоб-китоб муомалалари пул маблағларининг мавжудлиги ҳамда ҳаракатини тўлиқ ва тезкор акс эттириш;
- нақд пул маблағларидан хўжалик юритувчи субъектда ишлаб чиқилган лимитлар ва сметаларга мувофиқ фойдаланишнинг амалдаги қоидаларига риоя қилиш;
- пул маблағлари ва ўзаро ҳисоб-китоблар ҳолатининг инвентарланишини ташкил этиш ҳамда белгиланган муддатларда ўтказиш, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини узиш муддатлари ўтиб кетишига йўл қўймаслик;
- кассада, банклардаги ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа счётларда пуллар мавжудлиги ва тўлиқлигини назорат қилиш;
- пул ресурсларининг ҳаракат оқимини башорат қилиш ва пул маблағларининг ҳаракат оқимини мақбул ҳолга келтиришни тартибга солиш бўйича тегишли бошқарув қарорларини тайёрлаш.
Бош бухгалтер хўжалик юритувчи субъект раҳбари билан биргаликда қуйидагиларни таъминлаши керак: келиб тушаётган барча пул маблағларининг тўлиқ ҳисоби, шунингдек, бошқа хизматлар раҳбарлари билан биргаликда дебиторлик қарзларини ундириш ва кредиторлик қарзларини узиш, тўлов интизомига риоя этиш, пул маблағлари, тўловлар бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар ва мажбуриятлар ҳолатини белгиланган муддатларда инвентарлаш, амалдаги қонунчиликка мувофиқ ундириш мумкин бўлмаган, даъво қўзғаш муддати ўтиб кетган қарзларни бухгалтерия балансларидан ўчириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |