5.4.ТМЗларни омборда ва бухгалтерияда ҳисобга олиш.
Корхона омборида материалларнинг бут сақланишини ташкил этиш уларни тўғри ҳисобга олиб борилишини таъминлайди. Шунинг учун ҳам омбор хўжалиги ишларини ташкил қилишга муайян талаблар қўйилади.
Корхона омборида материалларни ҳисобга олишнинг тўғри ташкил қилиниши материалларни ҳисобга олиш усулига, ҳисоб рўйхати (регистри)нинг турига, миқдорига, фойдаланилган кўрсаткичларга ва уларнинг ўзаро солиштирилишига боғлиқ.
Корхона омбори ихтисослаштирилган бўлиши керак, чунки хилма-хил материалларнинг кимёвий ҳамда физик хоссалари уларни турли хил шароитларда сақлашни талаб қилади. Омборхона тегишли материаллар жойлаштириладиган стеллажлар, токчалар, шкаф ва яшиклар билан жиҳозланиши лозим.
Материалларнинг ҳар бирига уларнинг номи, номенклатура рақами, нави, ўлчами, ўлчов бирлиги кўрсатилган ёрлиқ ёзилиб, сақлаш жойига ёпиштириб қўйилади.
Тез ёнишга мойил бўлган материаллар махсус омборларда сақланиши лозим. Бу омборлар ёнғинга қарши қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши шарт.
Очиқ ҳавода сақланиши лозим бўлган материаллар омборхона ҳовлисида махсус ажратилган, ёғингарчиликдан сақланадиган бостирмага жойлаштирилади. Ҳамма омборхоналар тош-тарози, ўлчов идишлари ва бошқа шунга ўхшаш зарур мосламалар билан таъминланган бўлиши шарт.
Омбор мудири моддий маъсул шахс ҳисобланиб, омборхонада сақланаётган ҳамма материаллар ҳаракати фақат у орқали амалга оширилади. Омборчини ишга олиш, бошқа лавозимларга ўтказиш ва хизмат вазифасидан озод қилиш бош бухгалтер билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Омбор мудирини ишга қабул қилишда унинг тўла равишда шахсий моддий жавобгарлиги ҳақида шартнома тузилади. Уни ишдан бўшатиш сақланаётган молларнинг тўлиқ инвентаризацияси ўтказилиб, жавобгарлиги остидаги моддий бойликлар бошқа шахсга ўтгандан кейингина амалга оширилади.
Омборда материалларнинг қолдиқлари тўғрисида тўлиқ маьлумот олиш мақсадида уларни алоҳида турлари, навлари, размери ва номенклатура рақамлари бўйича ҳисобга олиш зарур.
Бухгалтерия ҳисобини ташкил қилишда материаллар бўйича аналитик ҳисобни тўғриюритиш муҳим. Шу сабабли улар ҳозирги пайтда уч хил усул бўйича юритилади:
Материаллар ҳаракатини ҳисобга олувчи дафтарда;
Материаллар ҳаракатини юритувчи карточкаларда;
Оператив-бухгалтерлик (қолдиқ) усули.
Материалларни тўғри ҳисобга олишда уларнинг фактура баҳосини аниқлаш муҳимдир. Халқаро бухгалтерия ҳисоби стандартлари бўйича материалларни жорий ҳисобда ҳисобга олишда уларнинг ҳақиқий қийматини билиш жуда муҳим. Халқаро савдо амалиғтидаги фактура баҳосини аниқлашда моддий қийматликлар баҳоси ва қопланадиган транспорт тарифлари, юкларнинг суғурта тўловлари, экспорт солиқлари ва божхона йиғимларининг маьлум тартибда қопланиши ва уни томонлар қопланишини белгилаш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |