9–МАВЗУ: ГЛОБАЛЛАШУВ ВА ГЛОБАЛ МУАММОЛАРНИНГ ФАЛСАФИЙ ЖИҲАТЛАРИ.
РЕЖА:
Глобал муаммоларнинг пайдо бўлиши.
Ҳозирги замоннинг глобал муаммолари
Глобал жараёнларни башорат қилишнинг аҳамияти
Техника ва технологияларнинг ижтимоий жараёнларга таъсири
Таянч тушунчалар : Глобаллашув, глобалистика, глобал муаммолар, уруш ва тинчлик, демография, экологик муаммолар, энергетика, хом-ашё муаммоси, халқаро терроризм, диний экстремизм, агрессив миллатчилик, ирқчилик, буюк давлатчилик шовинизми, башорат, коррупция, техника, технология, нанотехнология, биологик идентификация технологиялари, интернет, виртуал мулоқот, сунъий интеллект, техноген цивилизация.
1. Глобал муаммоларнинг пайдо бўлиши.
Бугунги кунда замонамизнинг глобал муаммолари деб аталувчи муаммолар ҳақида эшитмаган одамни учратиш қийин. Бу муаммоларга демографик, энергетик, хом ашё муаммолари, уруш ва тинчлик муаммоси, экология ва бошқалар киради. Албатта, ушбу муаммолар илгари ҳам мавжуд эди, лекин фақат ХХ асрдагина улар глобал муаммоларга айланди. Инсоният тарихида мавжуд бўлган олдинги шунга ўхшаш муаммолардан улар шуниси билан фарқ қиладики, мазкур муаммолар планетар характерга эга. ХХ арснинг 40-йиллардаёқ К.Ясперс шундай деб ёзган: «Барча мавжуд муаммолар дунё муаммолари бўлиб қолди, вазият - умум инсониятнинг вазиятига айланди»1. Бугунги кунда дунёда бўлаётган ҳар бир ҳодиса, у экологик танглик бўладими, урушми, очликми, энергетик ва бошқа ресурсларнинг камайиб кетишими, маданиятдаги тангликми ёки демографик тангликми бундан қатъий назар улар энди локал, маҳаллий, миллий муаммолар бўлиб қолмай планета миқёсидаги глобал хусусият касб этмоқда.
Глобал муаммолар - бу шундай муаммоларки, улар бутун инсониятнинг манфаатларига дахл қилади, унинг келажагига хавф солади ҳамда улар бутун халқаро ҳамжамиятнинг иштироки билангина ҳал этилиши мумкин.
ХХ асргача мавжуд бўлган муаммолар ҳеч қачон бутун планета ҳамжамиятининг мавжудлигига хавф солмаган. Глобал муаммолар ХХ аср маҳсулидир ва уларнинг пайдо бўлиши инсон фаолияти билан боғлиқ. Глобал муаммоларнинг пайдо бўлишининг сабаби инсон фаолияти билан бугунги табиатдаги ва жамиятдаги аҳвол ўртасидаги қарама-қаршиликнинг ўсиб боришидир.
Ушбу сабаб, ўз навбатида бир қатор ички сабабларга бўлинади:
1. «Жамият-табиат» тизимидаги қарама-қаршиликлар билан боғлиқ сабаблар.
2. Жамиятнинг ўзининг ичидаги ижтимоий тузилмалар (индивидлар, ижтимоий гуруҳлар, давлатлар ва халқаро тузилмалар) ўртасидаги қарама-қаршилик билан боғлиқ сабаблар.
Глобал муаммолар пайдо бўлган пайтдан бошлаб олимлар, сиёсатдонлар, ижтимоий ва халқаро ташкилотлар эътиборини жалб этдилар. Шу муносабат билан глобал ривожланишнинг турли-туман математик ва компьютер моделлари ва прогнозлари юзага кела бошлади.
ХХ асрнинг 70-йилларида олимлар, бизнесменлар ва сиёсатчиларни ўз сафида бирлаштирган ноҳукумат ташкилот - Рим клуби томонидан бир қатор прогноз моделлари яратилди. Дастлабки ана шундай математик моделларнинг биринчиси файласуф ва кибернетик олим Х.Ўзбекхон томонидан яратилган эди. Кейинги имитацион модел («Мир-1») Дж.Форрестер томонидан яратилган бўлиб, унда аҳолининг кўпайиши, капитал маблағларнинг, табиий ресурслар, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва озиқ-овқат муаммоларининг ривожланиши ҳамда ўсиб бориши кўрсатилган эди. Тез орада шу олимнинг ўзи томонидан янада такомиллаштирилган модель - «Мир-2» яратилди.
1972 йилда Д.Медоуз ва Массачусет технология институтининг бир гуруҳ ёш олимлари «Мир-3» моделини яратдилар ва мазкур модель Рим клубининг «Ўсиб бориш чегаралари» номли маърузаси учун асос бўлиб хизмат қилди. Модель 1900 йилдан 2100 йилгача бўлган даврдаги глобал ривожланиш жараёнларини тасвирлар эди. Модел муаллифлари шундай хулосага келдилар: агар аҳоли ўсишининг, саноатнинг, қишлоқ хўжалигининг, табиий ресурсларни эксплуатация қилишининг ҳамда атроф-муҳитнинг ифлосланишининг асосий тамойиллари сақланиб қоладиган бўлса, инсоният глобал тангликка дучор бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |