Жамоа ривожланишининг тўртинчи босқичи. Бу босқич унинг барча аъзолари жамоа олдида турган вазифалар асосида ўз-ўзларига талаблар қўя олишлари билан тавсифланади. Ҳар бир босқич жамоа аъзоларининг ўзига нисбатан муайян талаб қўйиши билан тавсифланади, аммо қўйилган ҳар бир талаб ўзига хос йўналиши (масалан ўйиндан умуминсоният бахти йўлида курашишига интилиш ўртасидаги фарқ) билан ажралиб туради.
Тўртинчи босқич жамоа аъзоларининг ўзига нисбатан юксак ахлоқий талаблар қўя олишлари билан аҳамиятлидир. Жамоанинг ҳаёти ва фаолияти мазмуни жамоа аъзоларининг ҳар бири учун шахсий эҳтиёжга айланади. Жамоадаги тарбия жараёни ўз-ўзини тарбиялаш жараёнига айланади. Бироқ бу ҳолат жамоанинг муайян шахсни янада ривожлантиришдаги роли ва ўрнини пасайтирмайди. Тўртинчи босқичда амалга ошириладиган вазифалар анча мураккаб ва масъулиятлидир. Мазкур босқичда жамоа олдига истиқболли, юксак ва мураккаб талабларни қўйиш учун мутлақо қулай шароит яратилади.
Бир гуруҳ педагоглар ўқувчилар жамоасини унинг шаклланиш ва ривожланишига кўра уч босқичга ҳам бўладилар. Яъни: а) жамоани дастлабки жипслаштириш; б) жамоани шакллантириш асосида унинг ҳар бир аъзосини индивидуал ривожлантириш; в) жамоанинг умумий фаолиятини йўлга қўйиш.
Жамоа ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ҳар бир босқични ажратиб кўрсатиш юқорида баён этилган фикрларга зид эмас, балки шахснинг ривожланишида жамоанинг етакчи аҳамиятини таъкидлайди.
Ўқувчилар жамоаси ўзида қуйидаги хусусиятларни намойиш этади: 1) ўқувчиларнинг жамоавий фаолиятга тайёрликлари, руҳий тетикликка эгаликлари; 2) жамоа учун аҳамиятли бўлган қадриятлар моҳиятини англаш, уларни ардоқлаш ва ўз қадр-қимматини баҳолаш; 3) жамоа аъзолари ўртасида дўстлик, ўзаро бирлик, ҳамжиҳатлик ва ёрдам кўрсатиш туйғусининг қарор топганлиги; 4) жамоадаги ишчан, жамоа фаолиятини ташкил этишда фаоллик кўрсатиш; 6) жамоа аъзоларида ўз ҳиссий туйғуларини бошқара олишлари, муомала, мулоқот, нутқ ва юриш-туриш қоидаларига амал қилиш кўникмасининг шаклланганлиги. Жамоани шакллантиришда жамоа аъзолари ва уларнинг фаолиятларига қўйиладиган ягона талаблар муҳим аҳамият касб этади. Ягона талаб ўқувчиларнинг дарс жараёнидаги, танаффус, синфдан ташқари ишлар вақтидаги, шунингдек, жамоат жойлари ҳамда оиладаги хулқ-атвор қоидаларни ўз ичига олади.
Пухта ўйланган талаблар тизимининг мунтазам амалга оширилиши мактабда муайян тартибнинг ўрнатилишини таъминлайди.
Ўқитувчилар томонидан пухта ўйлаб қўйилган талаблар қуйидаги ҳолатларда ижобий натижа беради:
1. Қўйилаётган талаблар ўқувчи шахсини ҳурмат қилиш туйғуси билан уйғунлашган бўлиши керак.
2. Талаблар муайян мактаб ёки синфдаги мавжуд шароитни ҳисобга олган ҳолда қўйилиши лозим.
3. Жамоага нисбатан қўйилаётган талаблар аниқ бўлиши лозим.
4. Ўқувчиларнинг ташқи қиёфаси, кийиниши, юриш-туриши ҳамда муомаласига нисбатан қўйилаётган талаблар, уларда маънавий маданиятни шакллантиришга хизмат қилиши шарт.
Ўқувчи қўйилаётган талаблар ҳажми ва тизимини билибгина қолмасдан, талаб қўйиш методикасини ҳам ўзлаштира олган бўлиши керак.
Ўқувчилар жамоасига нисбатан талабларни қўйиш методикаси болаларни талаблар мазмуни билан таништириш, талабларнинг аҳамиятини тушунтириш, тажриба орттириш, ўқувчилар фаолияти, қўйилаётган талабларнинг бажарилишини мунтазам назорат қилиб туришдан иборат.
Ўқувчиларни талаблар билан таништириш кўпинча умумий мажлисларда амалга оширилади, бунда таълим муассасасининг директори ёки ўқув ишлари бўйича директр ўринбосари истиқбол режалари ва уларни амалга ошириш жараёнидаги талаблар мазмуни билан ўқувчиларни таништиради. Таништириш кўпинча амалда кўрсатиш, гуруҳларда гуруҳ мажлислари ёки махсус суҳбатларни уюштириш асосида амалга оширилади.
Хулқ-атворни таркиб топтиришга йўналтирилган талаблар билан таништириш мазкур талаблар устида машқ қилдириш билан қўшиб олиб борилиши керак. Хулқ-атворни тарбиялаш онгни тарбиялашга қараганда анча мураккаб иш. Ўқувчилар талабларни яхши англашлари мумкин, бироқ аксарият ҳолларда уларга риоя қилмайдилар. Шу боис мунтазам равишда машқ қилдириш маданий хулқ-атворни одатга айлантиради.
Талабларнинг қўйилиши жараёнида уларга ўқувчиларнинг амал қилиши устидан назорат ўрнатиш лозим. Назорат қилиб бориш турли шакллар ёрдамида амалга оширилади, чунончи, хулқ-атвор журналини юритиш, синфдаги навбатчилик учун стендда баҳоларни қайд этиб бориш ва бошқалар. Қўйилаётган талабларнинг бажарилиши юзасидан олиб борилаётган назорат мунтазам равишда, изчил олиб борилиши ва ҳаққоний бўлиши зарур. Олиб борилган назорат натижаларидан ўқувчиларни огоҳ этиб бориш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Жамоани уюштириш ва жипслаштириш унда фаол (актив)ни тарбиялаш билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир ўқитувчининг жамоани шакллантириш борасидаги ҳаракти жамоанинг таянч ядросини танлашдан бошланади.
Жамоа фаолини шакллантириш жамоанинг у ёки бу фаолиятига нисбатан эҳтиёжи мазмунидан келиб чиқади.
Ишчан жамоа фаолини шакллантириш учун ўқитувчи ўқувчиларнинг жамоа ишларидаги иштироки, хулқ-атворини кузатиб бориши ҳар бир ўқувчининг ижтимоий фаолиятни ташкил этиш лаёқатини аниқлаш зарур.
Фаолларни тарбиялашда ўқувчиларнинг жамоадаги обрўси ҳам инобатга олинади. Жамоа фаоли таркибини болаларнинг ўзлари ўқитувчи иштироки ва раҳбарлигида танласа мақсадга мувофиқ бўлади. Ўқитувчи жамоа фаоли билан маслаҳатлашиш асосида тарбиявий фаолиятни ташкил этади.
Жамоа фаолининг ҳар бир аъзоси зиммасига муайян вазифани юклаш, уларнинг маълум даврда ана шу вазифалар юзасидан ҳисобот бериб боришларига эришиш мақсадга мувофиқ. Ўқитувчи айнан фаолга оширилган талаб қўяди. Ўқувчилар жамоасида фаол раҳбарлигида ўз-ўзини бошқариш жамоа аъзоларидан айримларининг бошқаси устидан устун келишига олиб келмаслиги керак. Шу боис ўқитувчи фаолни мақсадга мувофиқ фаолият юритишини назорат қилиб бориши лозим.
Ўқувчиларнинг ўз-ўзини бошқариши бу ўқитувчилар томонидан ташкил қилинадиган жамоа ишини уюштириш ва бошқаришда ўқувчиларнинг фаол иштирок этишидир. Ўз-ўзини бошқаришнинг шакллари орасида жамоа аъзоларининг йиғилиши, конференцияси ҳамда турли комиссиялар (масалан, ўқув комиссияси ёки тозалик комиссияси) фаолияти муҳим ўрин тутади.
Ўқувчилар жамоасини шакллантиришда анъаналар муҳим ўрин тутади. Жамоа анъаналари жамоа аъзолари томонидан бирдек қўллаб-қувватланувчи барқарорлашган одатлар бўлиб, уларнинг мазмунида муносабатлар хусусияти ва жамоанинг ижтимоий фикри ёрқин ифодаланади.