9.4. Давлатнинг иқтисодиётга аралашуви ва унинг ўсиши.
Бозор иқтисодиёти шароитида давлатнинг иқтисодиётга аралашиву янада ошади. Хусусан, давлат иқтисодиётга кредит тизими орқали фаол таъсир кўрсата бошлайди. Бунда ссудага бериладиган пул миқдорини ўзгартириш учун фоиз воситасидан фойдаланади. Маълумки, кредит муносабатларида Марказий банклар марказий резерв тизими вазифасини ўтайди ва улар давлат таъсирида бўлади. Давлат, кредитга бўлган талаб ва таклифни марказий резерв тизими орқали ўзгартиради. Ушбу жараённи уч хил йўл билан амалга оширади.
Биринчидан Давлат марказий резерв тизими орқали банклар маблағининг қарзга бериладиган ва резервда турадиган қисмлари улушини ўзгартиради. Резерв оширилса, кредитга бериладиган маблағ қисқаради ва аксинча, резерв камайтирилса, мазкур маблағ кўпаяди. Натижада қарзга бериладиган пул миқдори ўзгаради, яъни пул кўпайса унинг таклифи ошади, бинобарин фоиз (%) камаяди, аксинча, у қисқарганда, таклиф камаяди, демак фоиз (%) ошади. Фоизнинг камайиши кредитни арзонлаштиради, унга интилишни кучайтиради, олинган қарз эса инвестиция қилиниб, иқтисодий ўсишни таъминлайди. Фоизнинг ошиши кредитни қимматлаштириб, унга бўлган қизиқишни камайтиради, бинобарин инвестиция қисқаради ва натижада иқтисодий ўсиш камаяди.
Иккинчидан, марказий резерв тизими ўзи бошқа банклардан оладиган фоизларни ўзгартиради. У бошқа банкларга паст фоиз хисобидан қарз бериб, уларга молиявий ёрдам кўрсатади. Имтиёзли қарз олиш банкларга қувват берганидан улар кредитлаш ишида фаол қатнашиб иқтисодий ўсишга таъсир эта оладилар.
Учинчидан, давлат марказий резерв тизими орқали хазина векселларини (мажбуриятларини) тарқатади, ўз заёмларни сотади ёки қимматбаҳо қоғозларни сотиб олади. Давлат вексилларни банкларга ёки бошқа молия ташкилотларига сотиш орқали уларнинг маблағини ўз ихтиёрига олиб, қарзга бериладиган пул миқдорини қисқартиради. Вексилларни харид этиш орқали эса давлат уларнинг қарз пули миқдорини оширади. Натижада қарзга таклиф этилган пул миқдори ўзгариб фоизга таъсир этади, бинобарин, қарзга олиниб ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган пул миқдори кўпайиб ёки камайиб туриши иқтисодиётга таъсир этмасдан қолмайди.
Давлатнинг пулга бўлган талаб ва таклифни ўзгартириш борасидаги сиёсати монетар сиёсат деб юритилади. Ушбу сиёсатни ўтказиш орқали давлат иқтисодиётни тартибга солиб туради.
Бундан ташқари давлат антиинфляцион тадбирлар билан ҳам иқтисодиётга аралашади. Яъни, инфляцияни юмшатиш учун иш ҳақи ва нархларни тутиб туриш “музлатиш” йўлидан фойдаланади.
Иқтисодиётни тартиблаш воситаларидан яна бири бўлиб давлат томонидан иқтисодиёт келажагини олдиндан тахминлаш (прогнозлаш) ва уни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга тадбиқ этиш ҳисобланади. Давлат бюртмасига асосан узоқ ва қисқа муддатларга мўлжалланган прогнозлар тузилади. Прогнозларда ресурслар, технология, ички бозор ҳажми ва таркиби, экспорт ва импорт, давлат харажатлари, ишлаб чиқариш таркибидаги ўзгаришлар, математик моделлар асосида ҳисоб-китоб қилинади ва иқтисодиётни қайси йўналишда ривожланиши аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |