9- МАВЗУ. ҚУРИЛИШНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА ТАЪМИНОТИ.
Таянч атамалар ва иборалар: Ресурслар тушунчаси. Ишлаб чиқариш салоҳияти. Асосий фондлар. Асосий ишлаб чиқариш фондлари. Ноишлаб чиқариш асосий фондлари. Маънавий эскириш. Жисмоний эскириш. Амортизация ажратмалари. Тиклаш қиймати. Қолдиқ қиймат. Ишлаб чиқариш қуввати. Экстенсив кўрсаткичлар. Интенсив кўрсаткичлар. Интеграл кўрсаткичлар. Фонд қайтими. Фонд сиғими. Фондларнинг рентабеллиги. Капитал қурилишда хўжалик муносабатлари механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари. Лизинг. Капитал қурилишда ижара ва лизинг хизматлари тизимини жорий этиш. Айланма фондлар. Муомала фонди. Ишлаб чиқариш заҳиралари. Ишлаб чиқариш жараѐнидаги айланма фондлар. Транспорт заҳиралари. Жорий заҳира. Суғурта заҳираси. Қарз маблағлари. Айланувчанлик коэффициенти. Бир айланманинг ўртача давомийлиги. Меҳнат ресурслари. Қурилишда меҳнат ресурсларини бошқариш тизими.
Режа:
Бозор шароитида қурилиш моддий–техника таъминоти.
Моддий-техника ресурслари етказилишини ташкил этиш.
Моддий-техника ресурслари таъминоти шакллари ва методлари ҳамда уларнинг самарадорлиги.
Қурилиш моддий-техника таъминотини ташкил этиш тизимида логистика.
1. Бозор шароитида қурилиш моддий–техника таъминоти
Бозор шароитларида қурилиш моддий-техника таъминоти тизими саноат ва қурилиш индустрияси, транспорт ва энергетика ташкилотлари, илмий-текшириш, лойиҳа, ўқув ва бошқа муассасалар, хўжаликларнинг тармоқларига қаратилган бўлади. У қурилиш комплексини зарур бўлган моддий-техника ресурслари билан таъминлашга йўналтирилган.
Қурилиш материалларининг товарлар бозоридаги вазиятини умумий ҳолда баҳолаш билан шундай тўхтамга келиш мумкинки, корхоналар ва ташкилотлар қонунда кўрсатилган етарли даражадаги эркин тадбиркорлик фаолиятини тавсифлайдиган шароитларда ишлайдилар: улар бошқариш ва давлат ҳокимияти тузилмаларига нисбатан зарур бўлган хўжалик мустақиллигига эгадирлар, амалда барча ресурсларга эркин ҳолатда ѐндашиш имкониятларига эга бўлиб, савдо-сотиқ ва хўжалик юритишда амалга ошириладиган операцияларда контрагентларни танлашда мутлақо эркиндирлар, олинадиган даромадни мустақил равишда тақсимлашлари ва ишлатишлари мумкин (ўзининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда), максимал фойда олиш мақсадида ўзининг фаолият йўналишларини эркин тарзда танлайдилар. Мавжуд бўлган ишлаб чиқариш қуввати ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ҳажми умуман олганда бу бозордаги талаб –эҳтиѐжларни тўлиқ қондиради. Хўжалик юритишнинг янги тизимига ўтиш туфайли қурилиш тармоғи учун материаллар танқислиги ўтмишда қолиб кетди.
Қурилиш моддий-техника ресурслари ишлаб чиқариш, ноишлаб чиқариш ва табиий ресурсларга бўлинади:
қурилиш ишлаб чиқаришини талаб этилган сифат ва сонда зарур бўлган ресур турлари билан ўз вақтида таъминлаш;
ресурслардан фойдаланиш даражасини яхшилаш: меҳнат унумдорлиги ва фонд қайтармаси ошириш, қурилиш жараѐни ритмийлигини таъминлаш, айланма маблағлар айланиш вақтини қисқартириш, иккиламчи ресурслардан тўлиқ фойдаланиш, инвестиция ва бошқа кўрсаткичлар самарадорлигини ошириш;
ишлаб чиқарилаѐтган маҳсулот ҳамда бино ва иншоотлар рақобатбардошлигини ошириш бўйича таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш учун ўз ташкилотида ва рақобатчи ташкилотлардаги қурилиш ишлаб чиқаришининг ташкилий-техник ҳолатини ва қурилиш-монтаж ишлари (хизматлари)нинг сифатини таҳлил қилиш.
Қурилиш ташкилотида юқорида кўрсатилган мақсадларга эришиш учун қуйида кўрсатилган ишларни доимий равишда бажариш талаб этилади:
Бозорда қурилиш материаллари, конструкциялари, буюмлари, яримфабрикатлар ва бошқа маҳсулотларни етказиб берувчилар (хизматлар) бўйича маркетинг изланишларини олиб бориш. Етказиб берувчиларни танлаш қуйидаги талаблардан келиб чиққан ҳолда тавсия этилади: етказиб берувчининг лицензия ва ушбу соҳада етарлича тажрибага эга эканлигини аниқлаш, ишлаб чиқаришнинг юқори ташкилий-техник ҳолатдалиги, ишнинг ишончлилиги ва фойда келтирувчанлиги, ишлаб чиқарилаѐтган қурилиш материалларининг рақобатбардошлигини ошириш, улар нархларининг ҳаммабоплиги, уларни етказиб бериш схемасининг соддалиги ва турғунлиги;
Конкрет моддий-техника ресурсларига бўлган эҳтиѐжларни меъѐрлаштириш;
Моддий-техник ресурслар сарфи меъѐрлари ва меъѐрий ҳужжатларини камайтириш бўйича ташкилий-техник тадбирлар ишлаб чиқиш.
Қурилиш ишлаб чиқаришини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш каналлари ва шаклларини излаб топиш.
Моддий материаллар балансини (мувозанат, турғунлик ҳолатини) ишлаб чиқиш.
Қурилиш ишлаб чиқариши моддий-техника таъминотини режалаштириш.
Иш жойларини қурилиш материаллари, конструкциялари, буюмлари, яримфабрикатлар ва бошқа материаллар билан таъминлашни ташкил этиш.
Моддий-техник ресурслардан фойдаланишни ҳисоблаш ва назорат қилиш.
Қурилиш ишлаб чиқаришидаги чиқиндиларни йиғиш ва уларни қайта ишлашни ташкил этиш.
Моддий-техника ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини таҳлил қилиш.
Моддий-техника ресурсларидан фойдаланишни яхшилаш бўйича олиб бориладиган ишларни рағбатлантириш.
Бу функцияларга боғлиқ равишда қурилиш ишлаб чиқариши моддий-техника таъминоти (МТТ)нинг тегишли хизмат кўрсатиш бўлимлари аниқланган.
Уларга қуйидагилар тегишлидир:
моддий-техника таъминоти хизмати, бу хизмат ишлаб чиқариш жараѐни учун хом-ашѐ, яримфабрикатлар, бутловчи деталларни ўз вақтида етказишни таъминлаш ва тартибга солиш билан шуғулланади. Бундан ташқари таъминот ва сотиш бўлимлари хўжалик шартномалари асосида ўрнатилган хизматларни номенклатура ва ўз муддатида ҳамда белгиланган ҳажмда бажарилшини ҳам
таъминлайди;
материаллар, ѐқилғи, хом-ашѐ ва тайѐр маҳсулотларни жойлаштириш ва сақлаш хизмати, бу хизмат омборхона билан таъминланган бўлиб, таъминот ва сотиш тизими моддий-техника базаси деб ҳисобланади;
тайѐр маҳсулотларни комплектлаштириш бўйича ишлаб чиқариш-технологик хизмат айниқса муҳим аҳамият касб этади, чунки бино ва иншоотларни тиклаш йиғма элементларни календар график бўйича қатъий равишда етказиб беришни талаб этади. Шунинг учун ишлаб чиқариш - технологик комплектлаштириш хизмати қурилиш ташкилоти билан келишилган буюмлар ва конструкцияларни қатъий равишда суткали ва соатли график бўйича белгиланган муддатларда маълум миқдорда, номенклатура бўйича етказишни таъминлайди;
асбоб-ускуна хўжалиги ва технологик жиҳозлар таъминоти хизмати. Бу хизмат бўлими ишлаб чиқаришни асбоб –ускуна, мосламалар, технологик жиҳозлар, юқори сифатли қолиплар билан таъминлайди. Юқорида кўрсатилганлар билан таъминланганлик илғор технологияни, кўп меҳнат талаб қиладиган ишларни механизациялашни муваффақиятли тадбиқ этишни олдиндан аниқлаб беради.
таъмирлаш-механик ишлаб чиқариш хизмати, бу хизмат вазифаси катта ва мураккаб парк жиҳозлари, машиналар ишчи ҳолатини таъмирлаш ва модернизациялаш орқали таъминлашдан иборат. Қурилиш ташкилоти иши натижалари бу хизмат бўлимининг пухта ишлаши билан кенг маънода аниқланади;
транспорт жараѐнлари хизмати, бу бўлим қурилиш майдони ичида ва унинг атрофидаги ташқи майдонда ишлаб чиқариш жараѐнининг бир маромда олиб борилиши учун зарур бўлган катта массали юкларни кўчиришни таъминлайди. Айниқса алоҳида жараѐнларни ягона ишлаб чиқариш тизимига боғловчи технологик транспорт аниқ ва ритмик ишни талаб этади.
2. Моддий-техника ресурслари етказилишини ташкил этиш
Бозор иқтисодиѐти шароитларида қурилиш ташкилоти бозор орқали сотиб олиш борасида истеъмолчи сифатида ва сотиш бозори орқали эса ишлаб чиқарувчи сифатида кўплаб корхоналар билан боғланган бўлади. Қурилишни моддий-техник таъминлаш (МТТ) турли етказувчи ташкилот ва корхоналар билан бевосита (тўғридан-тўғри) тузилган шартномалар асосида олиб борилади. Бу етказувчи ташкилотлар моддий-техника таъминоти таркибига киради, бу таъминот қуйидагиларни ўз ичига олади:
давлат эҳтиѐжлари учун моддий-техник ресурларини етказиб бериш;
технологик жиҳозлар, қурилиш материаллари, конструкциялари, буюмлари, ярим фабрикатлар билан улгуржи савдо қилиш;
юқорида кўрсатилган ресурслар билан қурилиш биржалари, савдо-сотиқ уйлари ва воситачи корхоналар орқали савдо –сотиқ қилиш.
Қурилиш ишлаб чиқариши технологияси ва ташкилотининг илғор шакллари қурилиш-монтаж ишларини моддий-техник ресурслар билан комплектли ҳолатда ва ўз вақтида таъминлаш шартлари қатъий бажарилишини талаб этади. Ушбу вазифанинг бажарилиши ишлаб чиқариш-технологик комплектлаштириш бошқармаси (ИТКБ) зиммасига юклатилади.
ИТКБ бош вазифаси маьтериаллар ва деталларни тайѐрлаш (тахт қилиш), яримфабрикатлар ва конструкцияларни тайѐрлаш ҳамда уларни комплектли ҳолатда бажарилаѐтган қурилиш-монтаж ишлари графиги бўйича қурилиш майдонига ўз вақтида етказиб беришдан иборатдир. ИТКБ ташкилотларининг шакллари турлича бўлиб, улар объектлар қурилиши спецификаси, уларнинг ҳудудий жойлашуви, иш турлари ва ҳажмлари ҳамда бошқа конкрет шарт-шароитларга боғлиқ бўлади. ИТКБ трест топшириғига биноан қурилиш-монтаж ишларининг режалаштирилган ҳажмларини бажариш учун зарур бўлган моддий ресурслар буюртмачиси сифатида ва транспорт таъминоти ташкилотлари билан шартнома асосида муносабатда бўлиш учун майдонга чиқади.
ИТКБ функциясига трест манзилига тушадиган моддий ресурсларни қабул қилиб олиш, уларни жойлаштириш ва сақлаш, типли бўлмаган деталлар ва конструкцияларни тайѐрлаш, келиб тушган материалларни юқори даражадаги технологик тайѐр ҳолатда сақлаш ва комплектларни қурилиш майдонига ўз вақтида етказиб бериш киради. Ишлаб чиқариш-технологик комплектлаштириш бошқармаси ўз фаолиятини хўжалик шартномалари асосида олиб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |