2.БАЖАРИЛГАН ИШЛАР ВА КЎРСАТИЛГАН ХИЗМАТЛАРНИ СОТИШНИНГ ҲИСОБИ
Республикамизнинг 2-сон БХМС «Хўжалик фаолиятидан олинган асосий даромадлар» бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлардан даромадлар уларни тан олиш усулларига бевосита боғлиқ бўлади. Ушбу усуллар бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
1.Тўлиқ тугалланиш усули;
2.Тугалланиш фоизи усули;
3.Босқичли усул;
Тўлиқ тугалланиш усулидабажарилган ишлардан олинган даромадлар улар тўлиқ якунланган ва буюртмачига топширилгандан сўнг тегишли далолатнома ва маълумотномалар асосида тан олинади. Ишлар тўлиқ якунланмагунча унга сарфланган барча харажатлар тугалланмаган ишлар сифатида ҳисобга олиб борилади. «Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) қиймати тўғрисида маълумотнома – счёт-фактура» асосида бажарилган ишлардан олинган даромад суммасига қуйидагича ёзув қилинади:
Дебет 4010 «Олинадиган счётлар»
Кредит 9030 «Бажарилган иш ва хизматлардан даромад»
Тугалланиш фоизи усули қўлланилганда бажарилиши режалаштирилган ишнинг тугалланиш фоизи аниқланади. Бу кўрсаткич жами кетган сарф-харажатларни бажариладиган ишнинг смета таннархига бўлиш ва 100 фоизга кўпайтириш йўли билан топилади. Топилган тугалланиш фоизи бажариладиган ишнинг тугалланган қисмига тўғри келувчи даромад қисмини топишга асос бўлади. Бажарилган ишнинг тугалланган қисмига тўғри келувчи даромад унинг жами смета бўйича келишув қийматини (ҚҚС сиз) тугалланиш фоизига кўпайтириш ва 100 фоизга бўлиш орқали топилади.
Мисол.Айтайлик, объектни реконструкция қилиш ишларининг шартнома қиймати 600000000 сўм, шундан ҚҚС (20 %) 100000000 сўм. Демак, реконструкция қилиш ишлари бўйича соф тушумнинг шартнома қиймати 500000000 сўм (600000000 – 100000000). Реконструкция ишларининг смета бўйича таннархи 350000000 сўм. Реконструкцияни тугалланган қисмининг ҳақиқий таннархи 280000000 сўм. Юқоридаги маълумотларга кўра:
бажарилаётган реконструкция ишларининг тугалланиш фоизи – 80,0 % (280000000 / 350000000);
Даромадларни тугалланиш фоизи асосида тан олиш усулида бажариладиган ишларнинг тугалланган қисмининг қиймати ва тугалланиш фоизи пудратчи ҳамда буюртмачилар томонидан имзоланган «Бажарилган ишлар (қилинган харажатлар) қиймати тўғрисида маълумотнома – счёт-фактура» билан тасдиқланади. Ушбу ҳужжат асосида бажарувчи ташкилотда бажарилган ишлардан олинган даромад ҳамда ҚҚС суммаларига юқорида келтирилган мос равишдаги бухгалтерия ёзувлари берилади.