2. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги таркибий ўзгаришлар– озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш омили
Мамлакатимизда амалга оширилаётган аграр ислоҳотларнинг бош мақсади сифатида ер ва ер муносабатларини такомиллаштириш, унга эгалик қилиш ва ундан самарали фойдаланишдан ишлаб чиқарувчилар моддий манфаатдорлигини ҳал қилишга қаратилди. Шуни ҳисобга олиб, мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг “Ер ҳақида”ги, “Ер кодекси”, “Ер кадастри тўғрисидаги” қонунлар қабул қилинди. Ер ресурсларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш ва уни назорат қилиш мақсадида махсус қўмита - Ер ресурслари Давлат қўмитаси ташкил этилди.
“Дон мустақиллиги Дастури” нинг қабул қилиниши натижасида:
- сиёсий жиҳатдан мамлакатимизнинг дон сотиб олиш учун бошқа мамлакатга иқтисодий қарам бўлишига йўл қўйилмади, аҳолининг дон маҳсулотлари билан таъминоти масаласи ҳал бўлди, давлат томонидан ун ва ун маҳсулотларининг нархи ошиб кетишининг олди олинди;
- ижтимоий жиҳатдан биз бошқа мамлакатларнинг эмас, балки ўзимизнинг деҳқонларни иш жойлари билан таъминладик. Чорвачиликни ривожлантириш ва ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин экиб, қўшимча даромад қилиш имконияти пайдо бўлди, халқнинг эртанги кунга ишончи таъминланди;
- иқтисодий жиҳатдан мамлакат валюта захирасини сақлаб қолиш ва бу валютани бошқа зарур соҳаларга ишлатиш имконияти яратилди, донни қайта ишлаш соҳасини ривожлантиришга реал талаб пайдо бўлди.
Қишлоқ хўжалигидаги таркибий ўзгаришлар хўжалик юритувчи субъектлар таркибида ҳам юз бермоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилларида қишлоқ хўжалиги субъектларининг асосий шакллари давлат хўжалиги (совхоз), жамоа хўжалиги (колхоз), шахсий томорқа хўжаликлари ҳисобланар эди. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган мулкий ислоҳотлар натижасида қуйидагилар амалга оширилди:
- давлат мулки тугатилиб, хусусий, жамоа, ҳиссадорлик ёки хориж сармояси билан шаклланадиган мулклар юзага келди;
- қишлоқ хўжалигида мулк “давлат мулки” ва “жамоа мулки” (ширкат ва жамоа хўжаликлари) шаклидан “хусусий мулк” (деҳқон ва фермер хўжаликлари) шаклига ўтказилди (105та қоракўлчиликка ихтисослаштирилган ширкат хўжаликлари ва илмий-тадқиқот институтларининг тажриба хўжаликларидан ташқари);
- жамоа мулки бўлган боғ ва токзорлар, чорва фермалари ва моллари, техникалар ҳамда бошқа мол-мулклар хусусийлаштирилди;
- хусусий мулкларни ҳимоя қилиш ва уларнинг ривожланишини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш бўйича меъёрий хужжатлар қабул қилинди.
Таъкидлаш лозимки, истеъмол таркиби сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилиш ҳисобидан ўзгармоқда. Бунда углеводларга бой озиқ-овқатларни (биринчи навбатда, нон ва нон маҳсулотларини) истеъмол қилишнинг барқарорлашгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Мустақиллик йилларида аҳоли томонидан истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сони, тури ўнлаб баробар ошди. Ҳозирги вақтда ички ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳисобидан аҳолининг барча асосий истеъмол маҳсулотлари бўйича (шакардан ташқари) эҳтиёжи деярли тўлиқ таъминланмоқда1.
Do'stlaringiz bilan baham: |