Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш:
Ўзбекистон 2008 йил 7 июлда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясига, 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилган. Шунингдек, Олий Мажлис томонидан Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битими (Москва, 2011 йил 16 июнь) 2011 йил 13 декабрда ратификация қилинган.
Ўзбекистонда 2017 йилнинг 4 январидан «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди. (6 боб 34 модда) Қонунга кўра, республикада Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширади. Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, ОАВ ва фуқаролар коррупцияга қарши курашишда иштирок этади.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилган.
Пора олганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Ушбу жиноят оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилганда 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.(ЖК, 210- модда)
Шаxсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ёки бу шаxс жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин бу ҳақда ўз иxтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
Пора бериш жинояти учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жаримадан 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо тайинланади. (ЖК, 211- модда)
Пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун эса энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жаримадан 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо белгиланган. (ЖК,212-модда) Воситачилик қилган шаxс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўз иxтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади.
Албатта, бир давлат ҳудудида қўлланилган чора ва қабул қилинган қонунчилик бошқа давлатда ҳам худди ана шундай самара келтирмаслиги мумкин. Бундан ташқари, коррупцияга қарши самарали курашиш учун биргина қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши етарли эмас. Бунинг учун фуқаролик жамияти ҳам мазкур ишда фаол иштирок этиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик кучайтирилиши, судларнинг мустақил ва холис бўлишини таъминлаш, қонунлар парламент аъзоларининг эмас, балки мамлакат манфаатидан келиб чиқиб қабул қилиниши, барча давлат органларида шаффофлик таъминланиши, оммавий ахборот воситаларининг фаол иштироки, маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш учун хизматлар имкон борича электрон тизим орқали кўрсатилиши, соғлом рақобат муҳити шакллантирилиши керак бўлади.
Коррупцияга қарши курашишда жамоатчиликни алоҳида ўрни бор. Шу борада 13.12.2019 йилда қабул қилинган ПҚ-4551 “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорининг қабул қилиниши, унда шу соҳага оид бир қатор вазифаларнинг белгиланиши, жамоатчилик ролига катта эътибор берилиши давалатимизнинг коррупцияга қарши кескин кураш бошлаганидан далолатдир. Президент қароридан келиб чиқиб Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича 2019-2020 йиллар чора-тадбирлар дастури белгиланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |