Амир Темур давлатининг сиёсий тизими. Амир Темур давлат бошқарув жараёнида давлатчиликни ривожлантирди ва юқори поғонага кўтарди. Амир Темур давлати моҳияти жиҳатдан ҳарбий – феодал давлат бўлган давлат бошқарув тизими марказлашган сиёсий тартиб асосида тузилган. Амир Темур ҳукмронлик қилган даврда марказий маъмуриятда Девонбеги, Аркбеги ва тўрт вазир турган. Бошқарув икки идорадан – Даргоҳ ва Вазирлик (девон)дан иборат эди. Даргоҳни олий ҳукмдор бошқарган, девонларни бошқариш олий девон зиммасида бўлган. Олий девон - Бош вазир, ҳарбий вазир, мулкчилик ва солиқ ишлар вазири, молия вазиридан иборат бўлган. Вазирлар солиқлар йиғиш, мерос ишлари, аскарлар маоши ва уларнинг озиқ-овқат билан таъмиинлаш, сарой ҳаражатлари билан боғлиқ бўлган ишларни бажарганлар.
Марказий ҳокимият тизимида – шайхулислом, қозикалон, қозийахдол, қозийаскар, садр аъзам (вақф ерлари), додхох, эшикоға, сарой вазири, ясовул қадоқчи, тавочи ва бошқалар бўлган. Шунингдек, даргоҳда бош ҳожиб, хазинабон, қушчи, баковул, кошиблар, табиблар, шоирлар, созандалар бўлган. Амир Темур давлат бошқарувида ўз яқинларга суянган.
Мовароуннаҳрдан ташқари ҳамма ерларни ўғиллари ва невараларига суюрғол қилиб бўлиб берган. Амир Темур давлатни бошқаришда ўзининг пирлари – Шамсиддин Кулол, Абубакр Тойбодий ва Саййид Баракага суянган.
Қарийб 150 йил давом этган мўғулларнинг талончилик вайронагарчилик сиёсатидан сўнг Амир Темур даврида қайта тиклаш ишлари ободончилик ишлари ривожланди. Ижтимоий сиёсат адолат қонунчилик асосида ривожлантирилди. Темур тузукларида айтилишича, Амир Темур ўз давлатини бошқаришда аҳолини маълум ижтимойи табақаларга бўлган. Амир Темур даврида солиқ тизими тартибга солинган. Хирож, жузъя, ушр, бегар асосий солиқ ва мажбурият бўлган. Ерга егаликда – суюрғол, давлат ерлари, хусусий ерлар ва вақф ерлари бўлган.
А.Темур давлатининг энг кўзга кўринган ва муаммоли томони шундаки, соҳибқирон кичик бир вилоят доирасида тарбия топган бўлса-да давлат мафкураснинг бошқарув таянчи кучли ҳокимият эканлигни тушунди ва давлат салтанат ишларини юзага чиқаришда камчиликка йўл қўймайдиган вазирларни танлашга ҳаракат қилди. Амир Темур вазир тўртта сифатга эга бўлиши лозим деб ҳисоблаган: биринчиси – асллик, иккинчиси – ақл-фаросат, учинчиси – сипоҳи-раъият аҳлидан хабардорлик, тўртинчиси – сабр – чидамлилик.
Француз олими Альфонс Де Ла Марти Амир Темур давлатига шундай таъриф берган: “Европа на Искандарда, на Атиллада ва на Масковияда зафар қучган, янги фотиҳ Наполеондан адолатли қонунлар асосига қурилган бундай бошқарувни бунёд этган эмас”. “Давлат ишларини, - деб ёзади Амир Темур ўзининг тузукларида, – салтанат қонун – қоидаларга асосланган ҳолда бошқардим, ...ва тузукка таяниб салтанатда ўз тартибим ва мақомимни мустаҳкам сақлаб қолдим”.
Амир Темур мамлакат ободончилигига ҳам катта эътибор беради. Самарқандни пойтахт қилиб олгандан сўнг уни обод қилиш учун бор имкониятлардан фойдаланади. Турли давлатлардан келтирилган ҳунармандлар, қурувчилар, меъморлар томонидан Самарқанда йирик ва чиройли муҳташам бинолар, мадрасалар, масжидлар, мақбаралар бунёд этилади. Шаҳар атрофи мустаҳкам қўргон билан ўралиб, 6 та дарвозаси бўлган ва ҳар бир дарвозанинг номи бўлган. А.Темур ўз невара - қизларига бағишлаб кўплаб боғлар барпо этган. Ёзма манбалардаги маълумотларга қараганда, Амир Темур Шаҳрисабзда Оқсарой, жоме масжид, мадрасалар барпо етади. Соҳибқирондаги улуғ саховатнинг яна бир томони шунда эди-ки, у бепоён даштлар билан қамраб олинган Туркистон шаҳрининг ободончилигига ҳам кенг эътибор беради. У Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини қуриш билан бу ерда нафақат ободончилик, балки кўчманчи ва ўтроқ аҳоли орасидаги алоқани яхши йўлга қўйиш уруғлар ўртасида тинчликни сақлаш мақсади ётган.
А.Темур саъй-ҳаракатлари билан Бухоро, Шаҳрисабз, Тошкент каби шаҳарлар савдо ва ҳунармандчилик марказлари сифатида ривожланди. Соҳибқирон савдо йўллари ривожига, унинг тинчлигига катта эътибор берди.
Амир Темур давлатнинг мафкураси ижтимоий-иқтисодий ҳаётни изга солиб йўналтиришдан ташқари, сиёсий ҳаёт ҳам муҳим ўрин тутган. Амир Темур даврда чет давлатлар билан дипломатик алоқалар ривожланган. У давр шарт-шароитларига кўра, ташқи сиёсатдан қатъий фаол ҳаракат қилиб, ўз салтанати довруғини жаҳон миқёсга чиқара олди. Ўз давлати шуҳратини Европага чиқара олди. Унинг салтанати довруғи Европага етиб бориши билан Франция, Англия, Германия ва Византия каби давлатларнинг қироллари соҳибқирон билан сиёсий, иқтисодий, савдо алоқаларни ўрнатишга интилганлар ва А.Темур ҳузурига мунтазам элчи юбориб турганлар. Амир Темур чет давлатлари билан дипломатик алоқалар олиб боришда унга ўғли Мироншоҳ кўп ёрдам берган.
Амир Темур даврида диний илмлар ва дунёвий фанлар барқарор бўлган. А.Темур тақводор руҳонийларга чуқур ҳурмат билан қаради. Дин ўша давр мафкурасининг устунлардан бири бўлганлиги сабабли соҳибқирон динга катта эътибор берди.
Темур тузуклари Амир Темур фаолиятга бағишланган асарлар ичида алоҳида аҳамият касб этиб жаҳоннинг машҳур кутубхоналаридан жой олган қимматли асардир. “Темур тузуклари” икки қисм 56 та банддан иборат тарихий ва ҳуқуқий асар бўлиб, унда соҳибқироннинг давлат тузулиши ва мамлакатларни бошқариш хусусидаги нуқтаи назари баён қилинади. Бу асардан кўплаб шарқ ҳукмдорлари ўзларнинг фаолиятлари давомида фойдаланганлар ва унга юқори баҳо берганлар. Жумладан, Шоҳжаҳон ( 1628-1657), Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1821-1842), Бухоро амири Абдуллаҳадхон (1885-1910) “Тузуклардан” парча кўчиртириб ундан ўз фаолиятларида фойдаланганлар.
Тузукларнинг биринчи қисмида Амир Темур етти ёшидан то вафотига қадар кечган ҳаёти ва ижтимоий – сиёсий фаолияти унинг Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятни қўлга олиши, ижтимоий тарқоқликка барҳам бериши ва марказлашган давлат тузиши қўшни юрт ва мамлакатларни, масалан, Эрон ва Афғонистонни ўз тасарруфига киритиши Олтин Ўрда хони ва Тўхтамишхон устидан ниҳоят буюк жаҳонгирнинг Озарбайжон, Туркия ва Ҳиндистонга қилган ҳарбий юришлари ихчам тарзда баён этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |