6-мавзу.Ўзбекистонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси-миллий тараққиёт асоси
Режа:
1.Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”нинг мазмун ва моҳияти.
2.Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишларни миллий ва умуминсоний негизига асосланиши, уларни миллий ғоянинг асосий тамойиллари билан муштараклиги.
Таянч сўз ва иборалар: қарор, фармон, фармойиш, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”, “Ҳаракатлар стратегияси”нинг мазмун ва моҳияти, устувор йўналишлар, миллий ғоянинг асосий тамойиллари билан муштараклик.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик муҳитини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айни чоғда Ҳаракатлар стратегияси ғоя ва мақсади, моҳияти ҳамда аҳамияти давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, умуман, барча юртдошимиз томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.
Ҳаракатлар стратегияси Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида қабул қилингани бежиз эмас. Зеро, унда халқимизнинг порлоқ келажаги ҳамда истиқболини белгилаб берган устувор йўналишлар қамраб олинган. Мазкур ҳужжат қабул қилинишидан аввалроқ аҳоли кенг қатлами, чунончи, қонун ижодкорлари, ҳуқуқшунос олимлар ўртасида қизғин муҳокамалар олиб борилганини айтиш зарур.
Муҳокама учун турли ахборот майдонига жойлаштирилган мазкур Стратегия юзасидан юртдошларимиздан кўплаб фикр ва таклифлар келиб тушди. Шу билан бирга, пойтахтимизда медиа-ҳафталик ҳамда халқаро давра суҳбати ташкил этилиб, уларда қатнашган мутахассис ва экспертлар, жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотларнинг, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик хорижий инвесторлар вакилларининг фикрлари ўрганилди.
Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналиши хусусида гапирадиган бўлсак, унда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлис ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан яхшилаш, сиёсий партиялар ролини оширишга доир устувор вазифалар кўзда тутилгани фуқаролар манфаатларини таъминлашга қаратилган қонунлар қабул қилинишида муҳим аҳамият касб этади. Ушбу тарихий ҳужжат орқали давлат хизматини ислоҳ қилиш, иқтисодиётда давлат бошқарувини камайтириш, давлат ва хусусий секторлар ҳамкорлиги замонавий шаклларини, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича ҳам муҳим чора-тадбирлар рўёбга чиқарилишини алоҳида эътироф этиш жоиз. Булар пировардида давлат идоралари ҳамда халқимиз ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилади ва юртдошларимизга муносиб турмуш шароити -яратилишини кафолатлайди. Батафсилроқ тушунчага эга бўлиш учун қуйидаги маълумотларни тақдим этамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |