5. Ижтимоий ва ҳуқуқий тенглик. Ҳуқуқий тенглик ва имтиёзлар
Ижтимоий тенглик - ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, инсоннинг инсон билан тенг ҳуқуқлилигидир. Конституция ва қонунлар ижтимоий тенгликни ҳуқуқий таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар, деб белгиланган. Ушбу модда шахснинг (биринчи навбатда шахс фуқародир) мавқеини, тенглигини таъминловчи асосий ҳуқуқий нормадир. Шахс тенглиги бу ерда қонун олдидаги тенглик асосида қаралмоқда. Ҳар бир кишини қонун олдида тенглиги адолат принципининг ўзагидир.
Шахснинг қонун олдида тенглигига ҳеч қандай ҳолат (бу ҳолатлар конституция нормасида санаб ўтилган) таъсир қила олмайди. Қонун олдида тенглик шахсни ҳуқуқ, эркинликлардан фойдаланишда ҳам тенг эканлигини, шунингдек бурчларни бажаришда ҳам тенглик бўлишини назарда тутади. Демак бу норма шахснинг ҳуқуқий ҳолатини белгилашда асосий ўлчовдир.
Конституциядан келиб чиқиб, тенг ҳуқуқлиликнинг бир нечта жиҳатларини фарқлаш мумкин: инсоннинг инсон билан; аёлнинг ва эркакнинг (жинслар тенг ҳуқуқлили); миллий тенг ҳуқуқлилик. Шунингдек, бу тамойил давлатга мансублигидан қатъи назар (Ўзбекистонлик фуқаролар, чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар) кўпгина ҳуқуқ ва эркинликларни ҳар қандай шахс учун кафолатлайди (бу “барча қонун ва суд олдида тенгдир” қоидасида, шунингдек, “ҳар ким ҳуқуққа эга”, “ҳар кимга кафолатланади” деб номланган айрим конституциявий нормаларда акс эттирилади).
Тенг ҳуқуқлилик ва фактик тенгликни чалкаштириш тўғри бўлмайди. Инсонларнинг ижтимоий ҳаётдаги фактик тенглиги ва тенгсизлиги уларнинг моддий аҳволи, машғулот тури, онги, психологияси ва ҳ.к.ларга боғлиқ бўлади.
Бундан ташқари, кўплаб конституциявий нормалар инсонларнинг эҳтимолли фактик тенгсизлигини ҳисобга олган ҳолда тузилган ёки унинг вужудга келишини инкор этмайди. Масалан, барча учун хусусий мулкка эга бўлиш ҳуқуқининг, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг мустаҳкамланиши инсонларнинг шахсий бойлигининг ҳар хил миқдори, жамиятнинг ижтимоий табақаланишига тўла йўл қўйиши мумкин. Лекин гап айнан шундан иборатки, Конституция ҳар бир инсонга айтиб ўтилган ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишнинг тенг имкониятларини беради, улардан ким қандай қилиб фойдаланади - бу муайян индивиднинг ўзига боғлиқдир. Лекин муайян моддий фаровонликка эришиб, инсон ундан бошқаларнинг зарарига фойдалана олмайди. Мана шунинг учун ҳам Конституция фуқаролар ҳуқуқларини чеклашнинг ҳар қандай шаклларини (хусусан, ижтимоий мансублик бўйича) тақиқлайди.
Тенг ҳуқуқлилик фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва мажбуриятларга бир хил ҳажмда эга бўлишида намоён бўлади; агарда чеклашлар жорий қилинса, улар барчага баробардир: ҳуқуқ, эркинлик ва мажбуриятларни бажариш кафолатлари - ҳам бир хил.
Шу билан бирга, қонунчиликнинг алоҳида тоифадаги шахсларга: болалар, ногиронлар, фахрийларга нисбатан юқори даражадаги эътибори тенг ҳуқуқлилик тамойилининг бузилиши бўлмай, балки Ўзбекистон давлати ижтимоий табиатининг намоён бўлиши ҳисобланади.
Жамият ва давлатнинг инсонпарварлик моҳиятидан келиб чиқиб конституциянинг ўзида адолат принципларига мос равишда айрим шахсларга имтиёзлар белгиланиши ҳам кўрсатиб қўйилган. Бунда имтиёзлар фақат қонун асосида бўлиши алоҳида қайд қилинади (18-модданинг иккинчи хатбошиси).
Имтиёзларни қонун асосида бўлиши, ижтимоий адолат принципларига мос тушиши эса, мамлакатда яшовчи, ёрдамга муҳтож, жисмоний жиҳатдан заиф тоифали кишиларгина имтиёз берилишини назарда тутади.
Конституцияга асосан қонуний асосда Ўзбекистонда аёллар, болалар, ногиронлар, ёлғиз қариялар имтиёзга эга бўлиб, бу имтиёз асосан иқтисодий жиҳатдан қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |