Жаҳон иқтисодиётининг янги инқирози – иқтисодий ҳаракатсизлик Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти охирги 50 йилда тўрт маротаба ташқи қарз тўлқинини бошидан кечирди. Шундан, дастлабки учтаси инқирозлар билан якунланди. Уларнинг охиргиси сифатида 2010 йилдан буён ривожланаётган мамлакатларда қарз тўлқини ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. 2018 йилда жами қарз 54 фоиз пунктга ошиб, ЯИМга нисбатан 170 фоизни ташкил этди. Жорий паст фоизли ставкалар юқори қарз муаммоларини бартараф этишда асосий восита бўлиши мумкин . Ҳозирги кунга қадар иқтисодий инқирозлар турли молиявий инстирументларнинг нобарқарорлигидан келиб чиққан бўлса, жорий даврдаги инқирозни юзага келиши тамомила ўзгача тус олганлиги билан фарқланади.
2020 йилда қарз инқирозидан ўзгача тусга эга бўлган, бошланишидан иқтисодий хусусият касб этмаган инқироз омили – бу пандемия эканлигини кузатишга тўғри келмоқда. Натижада, иқтисодий қулашларнинг юз бериши бўйича айрим сигналлар вужудга келмоқда. Булардан асосийси “иқтисодий таътил”ларнинг юз беришидир. Бошқача айтганда, ялпи истеъмолнинг тушиб кетиши ва ялпи таклифнинг тўхталиши билан бевосита боғлиқдир. Мазкур иқтисодий инқирознинг энг асосий белгиси сифатида – иқтисодий ҳаракатсизликни келтириш мумкин. Бу шароитда, давлатларнинг энг асосий вазифаси - минимал иқтисодий ҳаракатни таъминлаб туришдан иборат бўлиши лозим.
2020 йил февралидан бошлаб айрим Хитой компаниялари “Коронавирус облигациялари”ни эмиссия қилишни бошлашди. Shenzhen Airlines авиакомпанияси 600 млн. юан миқдоридаги облигацияларни муомалага чиқарди. Жалб этилган маблағлар асосан бекор қилинган парвозлар учун билетларнинг қийматини йўловчиларга қайтариб бериш ва озиқ-овқатларни транспортировка қилиш учун молиялаштириш тадбирларига йўналтирилишини маълум қилинди.
Шунга ўхшаш ҳолатларни таҳлил этсак, февраль ойидан буён 25 та Хитой компанияси 24 млрд. юан (3,4 млрд. АҚШ доллари) миқдорида корпоратив облигациялар ҳисобидан қарз маблағларини жалб этди.
Жаҳон бозорида эса, йирик иқтисодиётга эга мамлакатлар ўртасида миллий валюталари воситасида ўзаро иқтисодий мусобақалар бошланиб кетди. Баъзи экспертларнинг хулосалари АҚШ долларининг халқаро валюта бозоридаги ўрни юаннинг қадри ошиши ортидан хавф остида қолишини акс эттирмоқда.
Масалан, 2020 йил Россия молия вазирлиги “Миллий барқарорлик фонди”нинг капитали таркибига юанни ҳам жойлаштиришни бошлашини эълон қилди. Ҳозир кунда ушбу фонднинг асосий қисмини АҚШ доллари ва евро ташкил этади. 2020 йил 1 март ҳолатига ЯИМнинг 7,3 фоизини ташкил қиладиган фонд валюта таркибини янада диверсификация қилиш санкциялар ва геосиёсий вазиятда иқтисодиётни инқирозли ҳолатлардан ҳимоя қилишда муҳим чора бўлиши таъкидланмоқда. Жумладан, юаннинг улушини 15-20 фоиз, долларнинг улушини эса 20-25 фоиз атрофида бўлишига эришиш назарда тутилмоқда.
Бу каби салбий оқибатларни иқтисодиётимиз тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Давлатимиз раҳбари ва Ҳукуматимиз томонидан тезкор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этилди. Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5969-сонли Фармонининг қабул қилиниши айни муҳим тадбир бўлди. Ушбу ҳужжатга кўра, макроиқтисодий мувозонатни барқарорлаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб берилди. Натижада, белгиланган йўналишларда вазифаларни амалга ошириш қуйидаги макроиқтисодий мувозонат кўрсаткичларини таъминлашга пойдевор бўлиб хизмат қилади. Хусусан, Инқирозга қарши жамғарманинг тузилиши пандемия оқибатларини аниқ молиялаштириш манбасини белгилаб берди.