6. “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва унда белгиланган долзарб вазифалар
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирхзиёевнинг 2019 йил 28 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларга катта ғов ҳисобланмиш коррупцияга яна бир бора қаттиқ зарба берадиган ҳужжат бўлди.
Таъкидлаш лозимки, 2016 йилнинг октябрь ойида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги сайловолди маърузасида маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатлар баробарида Ўзбекистоннинг барқарор ривожига хавф туғдираётган таҳдидлар орасида айнан давлат ҳокимиятини обрўсизлантириб, иқтисодиётнинг ўсиши ва тадбиркорлик ривожига жиддий тўсиқ бўлиб келаётган коррупция масаласига барчамизнинг эътиборини қаратди. Айнан шу даврдан бошлаб мамлакатимизда бу салбий иллат билан муросасиз кураш олиб бориш борасида барқарор қадамлар қўйилди.
Дарҳақиқат, кўп вақт ўтмай, яъни 2016 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қасбул қилинди.
Мазкур қонун ҳужжатининг самарадорлигини таъминлаш мақсадида 2017 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.
Куни кеча эълон қилинган Фармон ана шу тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда коррупцияга қарши курашиш борасида яратилган механизмларни янада такомиллаштириш, ушбу иллатни батамом бартараф этиш чоралари очиб берилган.
Энг муҳими, ушбу Фармоннинг айнан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида эълон қилиниши диққатга сазовордир. Айнан шунинг учун ҳам мазкур ҳужжатда иқтисодиётни янада равнақ топтириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини таъминлаш алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Фармоннинг асл мазмун-моҳияти шундан иборатки, коррупцияга қарши курашиш бу нафақат давлатнинг вазифаси, балки жамият ҳам давлат билан ҳамкорликда бу салбий иллатга барҳам беришда фаол иштирок этиши лозим. Шунинг учун ҳам ҳужжатда айнан сиёсий партияларнинг бу борадаги ролини янада кучайтириш алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Дарҳақиқат, партиямизнинг сайловолди дастурида ҳам айнан коррупция ва унинг ҳар қандай кўриниши билан муросасиз кураш олиб бориш асосий ўринни эгаллаган. Чунки, мазкур салбий иллатга барҳам берилмас экан, иқтисодиётни ривожлантириш, мамлакатда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, чет эл инвестицияларини мамлакат иқтисодиётига жалб этиш ҳамда давлатимизда ўрта синфни шакллантириш ниҳоятда оғир кечади. Коррупциянинг яна бир салбий томони шундаки, у мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижига, рейтингига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Бунинг натижасида мамлакатнинг инвестиция жозибадорлигига путур етиши мумкин.
Шунинг учун ҳам партиямиз ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси мазкур Фармондан келиб чиқадиган вазифаларнинг ижросини таъминлаш ҳамда бу борада тегишли назоратни амалга ошириш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишни мақсад қилган. Хусусан, ўз электорат манфаатини ҳимоя қилган ҳолда, давлат органлари томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида ишлаб чиқиладиган тегишли қарорларни тайёрлашда иштирок этиш, “Давлат харидлари тўғрисида” ҳамда “Давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари доирасида тегишли давлат органлари томонидан мазкур қонун ҳужжатларини бажариш борасида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан амалга оширилган ишларни мониторингини ўтказиш, лозим бўлса, парламент эшитуви даражасида мазкур масалаларини ўрганишни кўзда тутмоқда.
Шунингдек, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун доирасида мамлакат ҳудудларида тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ўз фаолиятини юритиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларини жалб этган ҳолда, давлат органлари томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик эшитувларини ташкил этишга кўмаклашишни кўзламоқда. Фармонга асосан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш ташкил этиладиган комиссиялар таркибига тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ўз фаолиятини юритиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларини киритиш чораларини кўриш, ҳар чоракда тадбиркорлик субъектларидан келиб тушадиган ва коррупция ҳолатлари билан боғлиқ мурожаатлар таҳлилини ўтказиб, тегишли чораларини кўриш ҳам мақсадга мувофиқ деб ҳисобаймиз.
Бундан ташқари, “Мен коррупцияга қаршиман” шиори остида энди фаолиятини бошлаган ёш тадбиркорлар иштирокида семинарлар, давр суҳбатлари ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Умуман, коррупцияга қарши муросасиз курашда натижа берадиган ҳар қандай чорани кўриш, энг муҳими, парламент назоратининг таъсирчан усулларидан фойдаланиш давлатимиз учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам бирдек наф келтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |