1-савол баёни: Инсоннинг ўзини қуршаган дунёга бўлган муносабатларидан бири билишдир. Инсон ўз ҳаёти давомида фақат ташқи дунёни, яъни табиат ва жамиятнигина билиб қолмасдан, балки ўзини, ўзининг руҳий-маънавий дунёсини ҳам билиб боради.
Инсоннинг дунёни билишини фалсафа ҳам, бошқа ҳамма аниқ фанлар ҳам ўрганади. Бунда аниқ фанлар дунёнинг турли аниқ томонларини, уларнинг қонуниятларини ва хусусиятларини ўрганади ва очиб беради.
Фалсафа эса, аниқ фанлардан фарқли равишда, инсон билишининг табиати ва моҳиятини нима ташкил қилади? Унинг энг муҳим қонуниятлари ва хусусиятлари нималардан иборат? деган саволларга жавоб қидириб ва жавоб бериб келди. Шу сабабли, фалсафада инсон билишининг фалсафий муаммолари билан шуғулланмаган бирорта ҳам фалсафий оқим, бирорта ҳам файласуф йўқ. Аксинча, ҳамма фалсафий оқимлар ва фалсафий йўналишлар бу соҳага оид ўз қарашларининг маълум тизимини ишлаб чиққанлар. Натижада, фалсафада инсон билишининг табиати ва моҳияти ҳақида турли хил таълимотлар, турли хил қарашлар ва назариялар келиб чиқди.
Воқеликни билишнинг фалсафий муаммолари: билишнинг моҳияти, шаклланиш ва ривожланиш қонуниятлари, хусусиятларини ўрганиш фалсафа тарихида муҳим ўрин эгаллаб келмоқда. Шу боис фалсафа фанининг билиш масалалари ва муаммолари билан шуғулланувчи махсус умумназарий соҳаси – билиш назарияси, яъни гносеология вужудга келди. (Гносеология юнонча gnosis – билиш, билим ва logos – таълимот, фан сўзларидан келиб чиққан).
Гносеология ёки билиш назарияси фалсафий билимлар бўлими бўлиб, унда:
инсоннинг дунёни билиш имкониятлари;
инсоннинг ўзликни англаш жараёни;
билишнинг билмасликдан билим сари юксалиши, ривожланиши;
билимларимиз табиати ва уларнинг мазкур билимларда акс этувчи объектив воқелик билан ўзаро нисбати каби масалалар ўрганилади.
Моддий воқеликнинг онгда акс этиши мураккаб диалектик жараён бўлиб, бу жараёнда онгнинг ўзи кўринмайди. Гносеологиянинг вазифаси онгни идрок этиш, унинг моддий нарса ва ҳодисалар дунёси билан ўзаро алоқаларини аниқлаш, уни ўз муҳокама ва тадқиқот объекти ва предметига айлантиришдан иборат.
Гносеологиянинг асосий муаммоси бўлган бизнинг барча билимларимиз тажрибада синалганми ёки йўқми? деган масалада фалсафада икки мухолиф анъана: билимларимизнинг тажрибада синалганини, тажрибага асосланган билимларгина ҳақиқий билим эканлигини қайд этувчи эмпиризм (лот. empirius – ҳис, тажриба) ва билим ва ғоялар фақат инсон ақлига, тафаккурига хос бўлиб, ақлда тафаккур ва мушоҳада юритиш жараёнидагина туғилишини таъкидлайдиган рационализм (лот. ratsionalius – ақл, тафаккур) тўқнашади.
Фалсафада идрок этиш – перцепция (лот. “perception”- идрок этиш) деб аталади. Перцепция – бу ўзини қуршаган дунёдаги нарсалар ва ҳодисаларни сезгилар орқали идрок қилишдир. Борлиқни ақл билан англаш, билиш, уларни ғоя ва билимларда ифодалаш эса аперцепция деб аталади. Инсон билиши перцепция чегараларини ҳам, тафаккуримиз доирасини ҳам, яъни эмпирик ва рационал жиҳатларни ҳам қамраб олади.
Билиш назариясининг асосий масаласи – “Дунёни, ундаги буюм ва ҳодисаларни, уларнинг моҳиятини ҳаққоний билиш мумкинми?, қандай билиш мумкин?, билишнинг чегаралари борми?” каби саволларга жавоб берувчи уч асосий йўналишни фалсафада фарқлаш мумкин: гносеологик оптимизм, скептицизм ва агностицизм. Биз уларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз.
Бир гуруҳ файласуфлар инсондан, унинг онгидан ташқари дунё мавжуд эмас, дунё фақат бизнинг онгимизда, бизнинг сезги ва идрокларимиз йиғиндиси (комплекси ва комбинациялари) дан иборат холос. Бинобарин, биз ўз сезги ва идрокларимизнигина била оламиз, дейишади.
Бошқа бир гуруҳ файласуфлар эса инсоннинг дунёни ва ўзини билишига шубҳа билан қарайдилар, инсон дунёни тўлиқ била олмайди, дейишиб, инсон билишини чеклайди ёки дунёни билишни бутунлай инкор қиладилар. Улардан скептицизм1 таълимоти вакиллари инсон билишининг нисбийлиги, унинг турли шароитлар ва вазиятлар билан боғлиқ эканлигини айтишиб ҳамма эътироф қилувчи, исбот талаб қилмайдиган инсон билимларининг бўлиши мумкинлигига шубҳаланадилар.
Скептицизм тарафдорлари икки қоидадан келиб чиққанлар. Биринчиси – фалсафада тизимни ташкил этувчи ягона асос йўқ, яъни у ўз ичида мантиқан зиддиятлидир. Иккинчиси – файласуфлар бир-бирига зид келадиган ва баб-баравар рад этилиши мумкин бўлган қоидаларни асослашлари сабабли фалсафа ҳақиқатни топа олмайди. Бинобарин, дунё ҳақида ишончли билимнинг бўлиши мумкин эмас.
Скептицизмнинг асосчиларидан бири Пиррон (эрамиздан олдинги тахминан 365-275 йиллар) хиссий идрокни ишончли деб ҳисоблаган (масалан, агар бирон нарса субъектга аччиқ ёки ширин туюлса, шу ҳақидаги фикр ҳақиқат бўлади), янглишув эса, унингча субъект бевосита ҳодисадан моҳиятни, объект асосини билишга ўтмоқчи бўлганда пайдо бўлади. Унинг фикрича, объект ҳақидаги ҳар қандай даъвога унинг мазмунига зид бўлган даъвони қарама-қарши қўйиш мумкин. Демак скептик узил-кесил ҳукмлардан тийилиб турмоғи лозим.
Синопалик Диоген ва Секст Эмпирик шунга ўхшаш ғояларни ёқлаб чиқдилар. Улар билиш фаолиятида, шунингдек кундалик ҳаётда ҳам субъект ўз соғлом фикрига таянмоғи керак деб ҳисоблаганлар. Ўрта асрлар даврида скептицизм ғоялари Ғарбда ҳам (Пьер Абеляр), Шарқда ҳам (aл-Ғаззолий) ривож топди. Масалан, Ал-Ғаззолий бундай деган: «Охиригача билишга ожизлик ҳам билишдир; кишиларга Уни билиш йўлини фақат Уни билишга ожизлик орқали яратиб берган Зотга шарафлар бўлсин»1.
Янги замон фалсафасида скептицизм позициясини Юм изчилик билан ҳимоя қилиб чиқди. Юм ташқи дунёнинг реаллигини шубҳа остига олди. Фақат ўз сезгиларимизнинг реаллигига шубҳаланиш мумкин эмас, дейди шотландиялик бу мутафаккир. Сезги органларининг бу таассуротлари ё уларга ташқи дунё таъсири туфайлик ёки инсон ақлининг алоҳида энергияси туфайли келиб чиқиши мумкин. Бу ерда тажриба сезгиларимизнинг ҳақиқий манбаини аниқлашга ожиздир. Юм дунёни билиш мумкинлигини инкор этибгина қолмасдан, балки, шу билан бирга, субъектнинг хиссий таассуротлари доирасидан ташқарида бирон-бир реал нарсанинг мавжудлиги тўғрисидаги масалани очиқ қолдирди.
Фалсафий таълимотлардан бири бўлган агностицизм2 вакиллари эса инсон дунёни била олмайди, билишга қодир эмас, деган ғояни илгари суради. Масалан, инглиз агностик файласуфи Д.Юм таълимотига кўра, билиш объекти, бизнинг билимларимизнинг манбаи объектив борлиқ эмас, балки субъектив сезги ва идрокларимиздир, биз ўз сезги ва идрокларимиз чегарасидан ташқарида нима борлигини била олмаймиз, дейилади.
Немис файласуфи И. Кант эса инсондан ва унинг онгидан ташқарида объектив борлиқнинг мавжудлигини эътироф қилган ҳолда, ундаги предмет ва ҳодисаларни «нарсалар биз учун» ва «нарсалар ўзида» га бўлади. Унинг қарашича, «нарсалар биз учун» ни инсон била олади, «нарсалар ўзида»ни эса инсон била олмайди. Кантнинг «нарсалар биз учун» бу инсонни қуршаб тўрган предметлар ва ҳодисалар, шу жумладан, табиат ҳам. «Нарсалар ўзида» эса булар: эркинлик, ўлмаслик, ғайритабиий кучлар, худо ва шу кабилардир. Уларни инсон ҳеч қачон тўлиқ била олмайди. Кант фикрича, биз биладиган нарса (феномен) ва ўз ҳолича мавжуд бўлган нарса (ноумен) мутлақо ҳар хилдир. Биз ҳодисалар оламини қанчалик англамайлик, бизнинг билимимиз ўзича мавжуд нарсалардан фарқ қилади. Бизнинг онгимиз, ҳиссиётимиз, тафаккуримизга боғлиқ бўлмаган нарсалар олами мавжуд ва у “нарсалар ўзида”дир. Билиш жараёни “нарсалар ўзида”нинг сезги аъзоларимизга бевосита таъсири остида ҳис-туйғунинг уйғонишидан бошланади. Ваҳоланки, ҳис-туйғулар, тушунча ва мулоҳазалар ўз ҳолича “нарсалар ўзида” ҳақида ҳаққоний назарий билим бўла олмайди. Кант ўз билиш назариясида эътиқодга ўрин қолдириш, уни мустаҳкамлаш учун ақлни танқид қилади ва чеклайди. У инсон ақлини назарий ва амалий ақлларга бўлади: амалий ақл, унингча, чекланган. Унинг қарашича, инсон тажриба ва амалиёт билан ҳар қандай билимга ҳам эга бўлавермайди. Инсон билишида инсоннинг тажрибасига боғлиқ бўлмаган априор (лотинча aprior сўзидан олинган бўлиб ўзбекчага: тажрибадан олдин, азалдан дегани) билимлар бўлади. Бу априор билимлар туғма билимлардир. Инсон ақли бу билимларга тажрибагача эга бўлган бўлади.
Кантнинг фикрича, фалсафий билимлар айни шундай априор билимлардан иборат. Кант илмий билимнинг ишончлилиги ва ҳақиқатлилиги унинг энг умумийлилиги ва зарурийлиги билан белгиланади, дейди. Хуллас, Кант ўз фалсафасида билиш назариясини биринчи бўлиб фалсафий муаммо сифатида атрофлича, ҳар томонлама қараб чиққан файласуфдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |