6.3. Ишлаб чиқариш менежментини лойиҳалаштириш жараёни Ишлаб чиқариш менежментини лойиҳалаштириш ва уни такомиллаштириш жараёни одатда қуйидаги босқичлардан ўтади:
1. Бошқарув объекти олдига жамоа ҳал қилиши лозим бўлган вазифаларни белгиловчи мақсадни қўйиш. Масалан, корхонани хусусийлаштириш, янги ишлаб чиқариш технологиясига ўтиш, бошқарув усулларини ўзгартириш. Шу билан бир вақтда бошқарувчи тизим олдига қўйилувчи ва умумий вазифаларни ҳал қилишга қаратилган мақсадлар белгиланади.
2. Лойиҳалаштиришнинг кейинги босқичи ишлаб чиқаришнинг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари, шу жумладан бошқарув объекти ва бошқарувчи тизимнинг таҳлили ҳисобланади. Хўжалик юритиш фаолиятини таҳлил қилиш жараёнида ижобий тажриба ва ишлаб чиқариш захиралари, уларнинг бошқарувчи тизимга таъсири даражаси аниқланади.
Ишлаб чиқариш-хўжалик юритиш фаолияти ва мавжуд бошқарув тизимининг таҳлили олдиндан тузилган ва бошқарув объекти директори томонидан тасдиқланган тақвимий иш графигига кўра ўтказилиши лозим. Таҳлилни ўтказиш учун бу корхонанинг ходимларини жалб қилиш зарур. Корхона жамоаси бажариладиган ишларнинг режаси билан таништирилиши лозим.
Бу принципиал аҳамиятга эга. Ишлаб чиқариш менежментини такомиллаштириш, айни даврдаги аҳволнинг таҳлили, аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ходимларнинг иштирок этиши бу чора-тадбирларни амалга оширишни енгиллаштиради.
3.Мақсадларни белгилаш ва таҳлил ўтказишдан лойиҳалаштириш топшириғини тузишга ўтилади. Унинг мазмуни лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида ҳал қилиниши лозим бўлган асосий вазифалар билан белгиланади.
Топшириқда ишлаб чиқариш менежментини такомиллашти-ришнинг асосий йўналишлари: ташкилий тузилма, ахборот билан таъминлаш, бошқарув қарорларини қабул қилиш усуллари ва функциялари белгиланади.
4.Сўнг ишлаб чиқариш менежментини такомиллаштиришнинг танланган йўналишлари бўйича чуқур ташкилий-иқтисодий тадқиқотлар ўтказилади ва бошқарувни лойиҳаси ишлаб чиқилади. Ишлаб чиқариш менежментини такомиллаштириш лойиҳаси ўз ифодасини топадиган асосий ҳужжат “Тадқиқот натижалари ва белгиланган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисобот” ҳисобланади.
5.Ишлаб чиқариш менежментини такомиллаштириш лойиҳаси-нинг якуний босқичи ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади ва бу уларнинг юқори сифатини кафолатлайди.
Ўзини-ўзи текшириш учун саволлар 1. Тизимли-вазиятли ёндашувга таъриф беринг.
2. Вазиятли ёндашув тизимли ёндашувдан нима билан фарқ қилади?
3. Иқтисодий-математик моделлаштиришнинг моҳияти ҳақида гапириб беринг.
4. Менежментда мақсадли ёндашувнинг аҳамиятини сиз қандай тушунасиз?
5. Лойиҳалаштириш босқичларини санаб беринг ва улар ўртасидаги алоқани аниқланг.