6 .2. Ишлаб чиқариш менежментини лойиҳалаштириш усуллари
Ишлаб чиқариш менежментини такомиллаштириш бўйича ишлар бозор муносабатларига ўтилаётган бугунги кунда айниқса мунтазам олиб борилади.
1. Бунда бошқа ривожланган мамлакатлар ёки саноат тармоқларининг тажрибасидан фойдаланишга ҳаракат қилинади. Бу ишлаб чиқариш менежменти ташкилотини такомиллаштиришни асослашнинг тажриба усули деб аталади.
Тажриба усулининг қўлланиши бошқа корхоналардаги шундай вазифаларнинг ечимларини ўрганиш ва амалда юзага келган вазиятнинг таҳлили асосида ўз корхонасида ўзгаришлар қилишни англатади.
2. Ташкилий вазифаларнинг ечимини тайёрлаш ва асослашнинг бошқа бир усули эксперт усулидир. Бу усул ҳам ҳал қилинувчи вазифаларнинг моҳиятини яхши билувчи мутахассисларнинг тажрибасига асосланади. Турли экспертлардан аниқ хулосалар олиш учун сўровномалар тайёрланади ва уларга тажрибаларнинг ҳар хил вариантлари олдиндан ёзиб қўйилади. Турли экспертларнинг хулосалари қайта ишланади ва умумлаштирилган натижа олинади.
3. Алоҳида ташкилий вазифалар (ташкилий тузилмалар, ходимларнинг сонини белгилаш)ни ҳал қилиш амалиётида меъёр усули кенг қўлланади.
Ташкилий вазифаларнинг ечимларини асослаш учун хизмат қила оладиган қатор меъёрлар ишлаб чиқилган. Улар орасида бошқарув нормаси (раҳбарлар ва уларнинг қўл остидаги ходимлар сонининг нисбати); намунавий штат рўйхатлари, иш жойларини ташкил қилишнинг намунавий лойиҳалари ва бошқа нормалар бор.
4. Ташкилий ечимларни асослашда параметрик (омилга оид) усул муҳим аҳамиятга эга. Унинг моҳияти бошқарилувчи ўзаро боғлиқ объект ва бошқарувчи тизимни тавсифловчи ўзаро боғлиқ бўлган омилларни аниқлашдан иборат. Корхоналарнинг гуруҳлари бўйича ўтказилган махсус тадқиқотларнинг маълумотларига кўра объект параметрлари (омиллари) ва бошқарув субъектининг миқдорий нисбати ҳақидаги материалларга ишлов бериш натижасида боғлиқлик (функционал ёки корреляцион) шакли ва бу боғлиқликларнинг миқдорий ифодаси топилади.
Бунда, одатда, бошқарувчи тизимнинг ишига 2-3 омилнинг таъсирини кўрсатувчи параметрик (омилга оид) боғлиқликлар аниқланади.
5. Сўнгги йилларда бошқарувни лойиҳалаштириш мақсадлари учун математик моделлаштириш усуллари қўлланмоқда. Бошқарув соҳасида моделлаштириш усулини қўллаш энг яхши ечимларни ишлаб чиқариш жараёнида эмас, балки дастлабки ҳисоб-китоблар пайтида топиш имконини берадики, бу ишлаб чиқаришдаги кўпгина хато ва йўқотишларнинг олдини олади.
Моделлаштириш деганда тавсифланувчи реал мавжуд бўлган объект (намунавий ва нонамунавий тизимлар, муҳандислик қурилмалари)нинг асосий жиҳатларини математик рамзлар, техник-иқтисодий кўрсаткичлар, графиклар ёки плакатлар кўринишида шартли белгилаш тушунилади. Моделлаштириш усули эксперимент ўтказиш имконини беради. Ҳозирги кунда моделлаштириш усули, тизимли ёндашув воситаси сифатида, барча фаолият соҳаларида қўлланилади. Ижтимоий-иқтисодий тизимни моделлаштириш алоҳи-да асос маълумотларни осонгина ўзгартириш, лойиҳа ёки бошқарув қарорининг турли вариантларини кўриб чиқиш ва унинг оқибатларини олдиндан кўриш имконини беради.
Одатда, бошқарув ташкилоти модели бошқарув фаолиятининг қайсидир битта жиҳатини қамраб олади. Шунинг учун моделлаштириш бошқарув ташкилотини лойиҳалаштиришнинг хилма-хил усуллари ўрнини тўлиқ боса олмайди.
Моделлаштиришнинг маркетинг, математик, график, аралаш усуллари фарқ қилинади. Моделлаштириш объектлари бошқарув органлари тузилмаси, бошқарув органлари функциялари, маълумотларни тўплаш, узатиш, қайта ишлаш ва қарор қабул қилиш жараёнлари, ишлаб чиқариш тузилмаси, бошқарув усуллари, бошқарув қарорларини тайёрлаш, қабул қилиш ва уларнинг ижросини ташкил этиш жараёни, информацион алоқалар, бўлимлар ва мутахассисларнинг маъмурий-ҳуқуқий муносабатлари, одамларнинг ижтимоий-рухий муносабатлари ҳисобланади.
6. Таҳлилий ҳисоб-китоб усули ишлаб чиқариш менежменти ташкилотини такомиллаштириш мақсадлари учун энг мақбул усул ҳисобланади. У бошқарув бўғини ва тизимчасидан келиб чиқиб, юқорида санаб ўтилган усулларидан уйғунликда фойдаланишни назарда тутади.
Таҳлилий ҳисоб-китоб усули эришилиши лозим бўлган мақсадларни аниқ белгилаш асосига қурилади. Ишлаб чиқариш менежменти ташкилоти қўйилган мақсадларга қисқа вақт ичида, кам сарф-харажатлар билан эришиш учун қўлай шарт-шароит яратиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |