2. Ўрта Осиёнинг чор Россияси бошқаруви давридаги
тарихий географияси
Ўрта Осиё Россия империяси томонидан босиб олингандан кейин чор ҳукумати бу ерда мустамлакачилик сиёсатини бошлаб юборди. 1867 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги тузилиб, ўлкани бошқариш Ҳарбий вазирликка бўйсундирилди.
Туркистон генерал-губернаторлиги XX аср бошларига келиб беш вилоятга бўлинди: Сирдарё, Фарғона, Самарқанд, Еттисув, Каспийорти вилоятлари. Уларни рус армияси генералларидан шахсан подшонинг ўзи тайинлайдиган ҳарбий губернаторлар бошқарган. Улар ҳарбий фуқаро ҳокимиятини ўз қўлида тутишган. Ҳарбий соҳада улар вилоятлардаги қўшинлар (дивизия ёки корпус) қўмондони, фуқаро ишларида эса губернатор ҳуқуқига эга бўлишган. Барча маъмурий полиция ва суд ҳокимияти ҳам уларнинг измида бўлган.
Ҳарбий губернаторлар қошида вилоят бошқармалари бўлиб, улар губерния бошқармаси ҳуқуқларига эга бўлишган. Вилоят ижтимоий ҳаётининг барча масалалари шу бошқармаларда кўрилган. Вилоятлар ўз навбатида туманларга (уездларга) бўлиниб, уларни туманбошилар идора этишган. Туманлар Туркистон генерал-губернатори маъмурий тузилмасининг асосини ташкил этган. Улар аҳолининг турмуши, ҳудуднинг хусусиятлари, миллатлари ё элатларидан қатъи назар, рус амалдорлари хоҳишича ўзбошимчалик билан тузилаверган. Подшо ҳукумати миллий, элат ва тарихий хусусиятлардан келиб чиқмаган ҳолда мусамлакачилик нуқтаи назаридан бу масалага ёндашган.
Ўлканинг туб вилоятлари ҳисобланган Сирдарё, Фарғона, Самарқанддан ташқари Еттисув, Каспийорти вилоятлари ҳам шу асосда туманларга бўлиниб идора қилинган.
Сирдарё вилояти қуйидаги туманларга бўлинган: Тошкент, Авлиёота, Қозоли, Перовск, Чимкент, Амударё тумани ҳам шу вилоятга бўйсунган. Фарғона вилоятига Марғилон, Андижон, Қўқон, Наманган, Ўш туманлари қараган. Самарқандга Жиззах, Каттақўрғон, Хўжанд, Самарқанд туманлари; Еттисувга Верний, Жаркент, Копал, Лепсинек, Пишпак, Пржевальск; Каспийорти вилоятига Ашхобод, Красноводск, Манғишлоқ, Марв ва Тажан туманлари кирган.
1886 йил 12 июнда Россия императори томонидан ,,Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги Низом” тасдиқлангандан кейин ҳам маъмурий қурилиш бўйича эътирозлар давом этди. Аммо император Туркистон ўлкасида собиқ генерал-губернаторлик бошқарувининг асосий тамойилларини сақлаб қолган ҳолда унга баъзи ўзгартиришлар киритди, холос.
“Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисидаги Низом” бўйича Туркистоннинг вилоятларга бўлиниши аҳолининг этнографик, маиший ва иқтисодий шарт-шароитларини ўрганиш асосида эмас, балки ўлкани босиб олиш жараёни билан боғлиқ ҳолда амалга оширилди. Уездларга бўлиниш эса аҳолининг рус босқинигача бўлган марказларида ташкил этилган эди5.
Шундай қилиб, Туркистон ўлкасида Россия ҳукмронлик қилган йилларда қонун лойиҳалари доимо тўлдириб, ўзгартирилиб турилди. Бунинг сири жуда оддий эди. Чор Россиясининг қонун лойиҳалари Туркистонни Россия империясининг марказлашган бошқаруви тизимига киритиб, уни рус буржуазияси ва дворян-помешчиклар мулкига айлантиришга қаратилган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |