51-боб. Омонат сақлаш
1-§. Омонат сақлаш ҳақида умумий қоидалар
875-модда. Омонат сақлаш шартномаси
Омонат сақлаш шартномаси бўйича бир тараф (омонат сақловчи) унга иккинчи тараф (юк топширувчи) берган ашёни сақлаш ва бу ашёни тўла ҳолида қайтариш мажбуриятини олади.
Омонат сақлашни ўз касб фаолиятининг мақсадларидан бири сифатида амалга оширадиган ташкилот (профессионал омонат сақловчи) омонат сақлаш шартномасида сақловчининг юк топширувчидан ашёни шартномада назарда тутилган муддатда сақлашга қабул қилиш мажбурияти кўзда тутилиши мумкин.
876-модда. Ашёни сақлашга қабул қилиш мажбуриятини бажариш
Омонат сақлашни тадбиркорлик ёки бошқа профессионал фаолият сифатида амалга оширадиган омонат сақловчи омонат сақлаш шартномаси бўйича ўз зиммасига юк топширувчининг ашёларини сақлашга қабул қилиш ва юк топширувчи берган нарсаларни ушбу моддада назарда тутилган қоидаларга мувофиқ сақлаш мажбуриятини олиши мумкин.
Омонат сақлаш шартномаси бўйича ашёни сақлашга қабул қилиш мажбуриятини олган омонат сақловчи бу ашёни сақлаш учун ўзига беришни талаб қилишга ҳақли эмас. Бироқ, ашёни омонат сақлаш шартномасида назарда тутилган муддатда сақлашга топширмаган юк топширувчи, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашёни сақлашга топширмаганлиги муносабати билан етказилган зарар учун омонат сақловчи олдида жавобгар бўлади.
Агар омонат сақлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё шартномада келишилган муддатда сақлашга топширилмаган ҳолларда, борди-ю, бу муддат белгиланмаган бўлса, шартнома тузилган кундан бошлаб уч ой ўтганидан кейин омонат сақловчи ашёни сақлашга қабул қилиш мажбуриятидан озод этилади.
877-модда. Омонат сақлаш шартномасининг шакли
Омонат сақлаш шартномаси ёзма равишда тузилиши керак бўлган ҳолларда (ушбу Кодекснинг 108-моддаси) агар ашёнинг сақлашга қабул қилинганлиги омонат сақловчи томонидан юк топширувчига сақлаш тилхати, паттаси, гувоҳномасини, омонат сақловчи имзолаган бошқа ҳужжатни бериш йўли билан тасдиқланган бўлса, шартноманинг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.
Агар ашё сақлаш учун фавқулодда ҳолатларда (ёнғин, табиий офат, тўсатдан касал бўлиш, ҳужум хавфи ва бошқалар) топширилган бўлса, шартноманинг ёзма шаклига риоя қилиш талаб этилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Омонат сақлаш шартномаси омонат сақловчи томонидан юк топширувчига, агар бунга қонунчиликда йўл қўйилса ёки у сақлашнинг ушбу тури учун одатдаги ҳол бўлса, ашёлар сақлаш учун қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган номерли жетон (номер) ёки бошқа белги бериш йўли билан тузилиши мумкин.
(877-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Омонат сақлаш шартномасининг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик сақлашга қабул қилинган ашё билан омонат сақловчи қайтарган ашёнинг айнан ўзилиги хусусида низо чиққан тақдирда, тарафларни гувоҳларнинг кўрсатмаларини важ қилиб келтириш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |