Маънавий мерос – маънавият ривожланишининг асоси
Мерос инсониятнинг ҳар бир тарихий босқичда яшаган аждодлари томонидан яратилган ва кейингисига етиб келган барча моддий ва маънавий бойликлари мажмуидир. Маданий мерос ҳам мерос доирасига киради, аммо ундан бироз фарқ қилади. Ўтмишдаги барча маданият ёдгорликлари мерос сифатида сақланиб қолиши мумкин, лекин уларни ҳаммаси ҳам маданий қадриятга эга бўлавермайди. Маданий меросда кишиликнинг келгуси тараққиётига, маънавий юксалишга хизмат қиладиган, унга ижобий таъсир қиладиган, қадрият аҳамиятига эга бўлган томонлар ҳисобга олинади.
Ўтмиш авлодлар яратган маданий ёдгорликларнинг ҳаммаси ҳам маданий мерос бўлавермайди, чунки ўтмишдан қолган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам қадрият аҳамиятига эга бўлавермаслиги ҳаммамизга маълум. Масалан, Шўролар даврида яратилиб, унинг сиёсати, мафкурасини тарғиб этган, эндиликда ўз умрини яшаб ўтган китобларнинг бугун учун ҳам, келажак учун ҳам қадрияти, аҳамияти йўқ. Тўғри, улар мерос, лекин маданий мерос эмас, уларни тарихий факт сифатида сақлаб қўйиш мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, маданий мерос деб, ўтмиш авлоддан кейинги авлодга ворислик асосида қолдирилган, замонда барқарорлик синовидан ўтган, сараланган, инсониятнинг ҳозирги ва келгуси тараққиётига хизмат қиладиган моддий ва маънавий маданият мажмуига айтишимиз мумкин.
Кишиликнинг ҳар бир авлоди аждодлари томонидан яратилган маданий бойликларни мерос сифатида қабул қилиб олади. Тарихий ворислик – жамият ва унинг маданияти равнақи шартидир. Минг афсуслар бўлсинким, Шўролар даврида маданий меросга тўғри муносабатда бўлинмади. «Бой-ю заминдорларга, ҳоким синф табақаларига хизмат қилган ўтмиш маданиятининг бизга кераги йўқ, янги пролетар (йўқсил) маданиятни яратамиз» деган шиор остида собиқ Совет Иттифоқи халқларининг, жумладан ўзбек халқининг моддий ва маънавий маданиятига қирон келтирилди, саройлар, масжид ва мадрасалар бузиб ташланди, қаровсиз хароба ҳолига келтирилди, нодир асарлар ёндирилди. Бу сиёсат туфайли маданий меросимиз топталди.
Маданий ва маънавий мерос ўзаро бир-биридан фарқ қилса-да, уларнинг ўртасига ўтиб бўлмас «Хитой» деворини қўйиш ҳам мумкин эмас, маданий меросни барпо этишнинг замирида ҳам маънавият – яъни инсоннинг маънавий–руҳий билимлари, қобилияти, истеъдоди, ақли, эмпирик ва назарий билим тажрибалари, меҳнат малакаси каби бошқа маънавий фаолиятлари ётади. Маданий ва маънавий мерос ўртасида умумийлик ҳам, фарқли томонлар ҳам мавжуд. Айни пайитда улар ўртасида юқорида айтилган алоқадорлик, боғлиқлик, ўзаро муносабат, таъсир бор. Шунингдек, маданий мерос ўз кўлами жиҳатидан маънавий мерос тушунчасидан кенгроқ.
Маданий меросда кўпроқ умумийлик устунлик қилса, маънавий меросда хусусийлик устунлик қилади. Маданий мерос умуман маданият ютуқларини ўз ичига қамраб олса, маънавий мерос маънавий маданият ютуқларини ўз ичига қамраб олиши билан фарқланади. Маданий мероснинг қадри абадул – абад тушмайдиган қисмига миллий қадрият дейилади. Маънавий бойликлар авлоддан авлодга, бир тузумдан иккинчи тузумга мерос сифатида ўтади ва жамият, унинг маънавий тараққиётига катта таъсир кўрсатади. Маънавий мерос деб узоқ ва яқин ўтмишдаги, ҳозирги даврдаги маънавий жиҳатдан ғоят қимматли, ўчмас из қолдирадиган, мангу яшайдиган, бутун ижтимоий манфаати ва эҳтиёжига, эзгуликка хизмат қиладиган умуминсоний маънавий бойликларга айтилади. Маънавий мерос маънавий қадрият сифатида намоён бўлиб, унга илм-фан, жумладан фалсафа, адабиёт, санъат, ахлоқ, диний ва дунёвий таълимотлар, ҳурфикрлик ва бошқалар киради.
Маънавий мерос замонлар ўтиши билан ўз қадрини йўқотмайди, балки сифат жиҳатдан янгича мазмун ва аҳамият касб этади. Маънавий мерос кишилар онгига, ички дунёсига, ҳис-туйғусига таъсир этиб, улар онгини бойитади, ахлоқ одобни эзгулик сари етаклайди.
Маънавий мерос бирор халқ, миллат, унинг вакиллари томонидан яратилиб, сўнг умуминсониятнинг маънавий бойлигига, меросига айланиб қолади. Марказий Осиё халқларининг ўтмиш авлодлари қолдирган маънавий мерос бунга яққол мисол бўла олади. Маънавий меросимиз жиҳатидан жаҳондаги олдинги ўринлардан бирини эгаллаймиз. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қайд этганидек, «Бешафқат давр синовларидан омон қолган, энг қадимги тошёзувлар, битиклардан тортиб, бугун кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган 20 мингдан ортиқ қўлёзма, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, физика, химия, астрономия, меъморчилик, деҳқончиликка оид ўн минглаб асарлар бизнинг беқиёс маънавий бойлигимиз, ифтихоримиздир. Бунчалик катта меросга эга бўлган халқ дунёда кам топилади. Шунинг учун ҳам бу борада жаҳоннинг саноқли мамлакатларигина биз билан беллаша олиши мумкин»2. Буларнинг ҳаммаси Турон заминида яшаган аждодларимизнинг биз авлодларига қолдирган маънавий, тарихий меросидирким, энди бу нодир маънавий меросимизни жиддий ўрганиш, халқимизга етказиш даври келди. Миллий-маънавий меросимиз жиҳатдан Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек жаҳон халқлари орасида олдинги ўринлардан бирида турамиз, аммо ана шу бой меросимизни ўрганиш, ўзлаштириш, идрок этиш жиҳатидан жаҳон халқлари орасида 57 ўринда туришимиз ачинарли ҳолдир. Миллий – маънавий меросимиз билан уни ўрганиш ва идрок этиш орасидаги масофа анча олис.
Мазкур бой миллий – маънавий меросимизни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, идрок этишимиз учун барча имкониятлар мустақил давлатимиз томонидан, бевосита Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан яратиб берилмоқда. Бу имкониятларни рўёбга чиқариш учун тарихчи, олим, адабиётчи, санъаткорларимиздан, қўйингки миллий маънавиятимиз жонкуярларидан ғайрат –шижоат, қунт билан ишлаш, изланиш талаб этилади. Биринчи Президентимиз айтганларидек, халқимизнинг таянчи аждодларимиз қолдирган маънавий мероснинг ўзи катта бир хазина. Бу хазинадан мустақиллигимизни мустаҳкамлашда, маънавий баркамол инсонни тарбиялашда оқилона фойдаланишимиз лозим. Қадимий ёзувлар, битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналари, улуғ шоир ва мутафаккирларимиз яратган дунёвий билим ва бадиий асарлар, Қуръони карим, хадислар, Яссавий ва Боқирғонийлар яратган диний-ахлоқий руҳдаги асарлар, Аҳмад Югнакий, Юсуф Хос Ҳожиблар яратган ахлоқий, панд-насиҳат типидаги асарлар, Нажимиддин Кубро, Баҳоуддин Нақишбандийлар яратган, инсон ички дунёси, руҳиятига қаратилган таълимотлар, Навоийнинг ўлмас бадиий ижод хазинаси ва бошқалар бизнинг бой маънавий меросимиз ҳисобланади. Улар инсон ички дунёсини, руҳиятини, маънавиятни сайқал топишига қаратилган. Биринчи Президентимиз айтганидек маънавий меросимиз бўлмиш: “муқаддас китобларимиз ва қадриятларимиз, буюқ мутафаккир аждодларимиз мероси бизни доимо ҳалол меҳнат билан яшашга, мардлик, саховат ва камтарликка чақиради”3. Уларда инсонлар маърифатга, илм-билим олишга, юксак ахлоқ – одобга, олижаноб фазилатларга, яхшиликка даъват этилади; ёмонлик, ёвузлик қораланиб ундан сақланишга чақирадиган панд-насиҳатлар, ўгитлар жуда кўп. Улар кишиларни маънан тарбиялайди. Маънавиятсизлик, маънавиятдан маҳрум бўлиш инсонни ўғирлик, юлғичлик, порахўрлик каби иллатлар сари йўллайди. Бундан Аллоҳнинг ўзи асрасин!
Маданият, маънавий ва маданий мерос, маънавият ривожи инсоният цивилизацияси билан боғланиб кетади. Аммо уларни бир-бири билан аралаштириб юбориш ҳам тўғри бўлмайди. Цивилизациянинг ўзи инсониятнинг маданияти ва маънавияти тараққиёти босқичларида рўй берувчи сифат жиҳатидан янги босқичи бўлиб, кишилик жамияти тарихида чуқур из қолдиради. Цивилизация – маълум бир тарихий босқичда инсониятнинг маданий тараққиётида яратган, эришган, қўлга киритган сифат жиҳатидан янги, юқори ютуқлари мажмуи.
Цивилизациянинг маданиятдан фарқи шундаки, у ўзидан олдингисини қабул қилмайди, балки сифат жиҳатидан янги, унга ўхшамаган ўзгаришларни вужудга келтирувчи жараён ҳисобланади.
Цивилизация ҳар бир халқнинг ёхуд жамиятнинг, тарихий босқичнинг ўзига хос тарихий-маданий ривожланиши, шаклланган қадриятлари, тафаккур тараққиёти ҳисобланади. Ҳозирги даврда илмий адабиётларда уни «Шарқ» ва «Ғарб» цивилизациясига бўлиш қабул қилинган. Инсоният тарихидаги бу цивилизациялар ҳинд, конфуцийлик, буддавийлик, мусулмон ёки католик, православ ва ҳоказоларнинг пайдо бўлиши шаклида бўлган.
Бугунги цивилизация инсониятнинг оламни билиши, ундан умумбашарий манфаатлари йўлида фойдалана олиши, ҳар бир ҳалқнинг умуминсоният тараққиётига хизмат қилувчи маънавияти ва маърифати шаклида намоён бўлмоқда.
Шундай қилиб, маданият, маънавий мерос, цивилизациялар ютуғи жамият ва инсон маънавиятининг ривожланишида, маънавий баркамол авлодни вояга етказишда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ўтмишда топталган маънавий меросимизни тиклашга қатъиян киришилди. Мустақиллигимизнинг ўтган ўн етти йили ана шу бой меросимизни ўрганиш ва ўзлаштириш орқали чинаккам миллий тикланишимизга эришдик. Ўзбеклар ўзининг миллий-маънавий «қиёфасига» эга бўлдилар. Аммо бу борада ҳали олдимизда жуда катта вазифалар турибди. Ана шулардан бири ҳали меросимизнинг бизга номаълум, аммо дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган, жаҳон цивилизациясида муносиб ўрин эгаллаб келган жуда кўплаб моддий ва маънавий меросларимизни ўз Ватанимизга келтиришимиз, уларни ўрганишимиз, дунёқарашимиз ва маънавиятимизнинг ажралмас қисмига айлантиришимиз лозим бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |