2-илова.
РАСМЛИ КОНТР- ТЕСТ
3-илова.
Муҳаммад ибн Мусо ал- Хоразмий (783-850 йй.)
Аллома қадимги Хоразм диёрида туғилиб, вояга етади. Ғоятда ўткир зеҳн эгаси ва ноёб қобилият соҳиби бўлган ал-Хоразмий ёшлик чоғидан бошлаб аниқ ва табий фанларни ўрганишга қизиқди, араб, форс, ҳинд ва юнон тилларини эгаллади, бу тилларда ёзилган китобларни қунт билан ўқиб, мутолаа қилди. У дастлабки таълимни хусусий муаллимлардан олди ва сўнгра ўша даврнинг йирик маърифат марказларидан бири бўлган Марв мадрасасида ўқиди. Халифа Хорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмун халифалик тахтига ўтиргач (813 й.) Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийни ўзи билан бирга Бағдодга олиб кетади ва у ерда ташкил этилган "Байт ул- Ҳикма"га раис этиб тайинлади. Бағдодда у Сурия, Ироқ, Эрон, Хуросон ва Мовароуннаҳр олимлари билан ижод қилади. Хоразмий математика, геометрия, астрономия, география, тарих илми ва бошқа фанлар соҳасида баркамол ижод қилди. Унинг "Ал Жабр ва ал- муқобала" ("Тенгламалар ва қаршилантириш"), "Ҳисоб ал-Ҳинд" ("Ҳинд ҳисоби"), "Китаб сурат ал-ард" ("Ер сурати ҳақида китоб"), "Китаб ат- Тарих" ("Тарих китоби"), "Китаб ал-Амал Бил Устурлабат" ("Устурлоб билан ишлаш ҳақида китоб") каби асарлари олимга жаҳоншумул шуҳрат келтирди. Хоразмий яратган 20 тадан ортиқ асардан бизнинг давримизгача фақат 10 тасигина етиб келган. Ал-Хоразмий алгебранинг отасидир. Хоразмий ижоди меросида "Алжабр ва ал-муқобала" китобининг илмий аҳамияти ниҳоятда буюкдир. Бу китоби билан у математика тарихида биринчи бўлиб алгебра фанига асос солди. "Алгебра" атамаси ушбу китобнинг "ал-жабр" деб юритилган қисқача номининг айнан ифодасидир. Хоразмий номи эса математикада "алгоритм" атамаси шаклида ўз ифодасини топди. Унинг ушбу асари асрлар давомида авлодлар қўлида ер ўлчаш, ариқ чиқариш, бино қуриш, меросни тақсимлаш ва бошқа турли ҳисоб ва ўлчов ишларида дастурил амал бўлиб хизмат қилди. Хоразмийнинг бу рисоласи ХII асрдаёқ Испанияда лотин тилига таржима қилинади ва қайта ишланади. Кейинчалик асрлар давомида Европа олимлари Хоразмий асарларини инглиз, олмон, фаранг, рус ва бошқа таржима қилиб, қайта-қайта ишлаб, уларга шарҳлар ва изоҳлар ёзиб, у асосда асарлар яратдилар. Дастлаб меросни тақсимлаш зарурати туфайли вужудга келган бу фан кейинчалик оламшумул аҳамият касб этади. Хоразмийнинг иккинчи математик асари “Алгоритмий ҳинд ҳисоби ҳақида” (“Ҳисоб ал-ҳинд”) китоби ҳам фан тарихида жуда муҳим аҳамият касб этган ва ҳамон шундай. Унинг бу арифметик рисоласи ҳинд рақамларига асосланган ўнлик позицион ҳисоблаш системаси Европада, қолаверса, бутун дунё тараққиётига буюк ҳисса қўшди, алгебрани мустақил фан даражасига кўтарди. Олимнинг "Китоб ат-Тарих" ("Тарих китоби")да Хуросон , Кичик Осиё ва Мовароуннаҳрнинг VIII-IХ асрлар тарихига оид қисқа ва аниқ маълумотлар ўз ифодасини топган. Хоразмийнинг "Зиж" ("Астрономик жадвал"), "Қуёш соати ҳақида рисола" асарлари фалакиётшунослик фанининг ривожланиш тараққиётига катта ҳисса қўшди. Ал-Хоразмийнинг “Китоб сурат ал-ард” номли жуғрофияга оид асарида 637 та муҳим жойлар, 209 та тоғнинг жуғрофий тафсилоти берилган, дарёлар, денгизлар ва океанлар ҳавзасининг шакли, уларда жойлашган оролларнинг муҳим координаталари билан баён қилинган. Милодий 827 йили ал-Хоразмий раҳбарлигида Ер куррасининг катталигини аниқлаш мақсадида Ер меридианининг бир градуси ўлчаб чиқилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |