5-МАВЗУ: ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТНИНГ ЙЎНАЛИШИНИ
ТАНЛАШ ВА МАВЗУНИ АСОСЛАШ
Режа:
1. Илмий тадқиқотни режалаштириш тизими. Олий ўқув юрти, кафедрада илмий тадқиқот ишларини режалаштириш.
2. Илмий тадқиқотни прогнозлаштириш мақсади ва вазифалари. Прогнозлаш турлари: мақсадли, дастурли, лойиҳавий, ташкилий.
3. Илмий тадқиқот мавзусини танлаш. Илмий муаммо. Илмий мавзуни танлаш босқичлари ва мезонлари.
Тадқиқотчи илмий ишларни бошлаши учун даставвал кафедра томонидан кўриб чиқилган ва тасдиқланган иш режасига эга бўлиши лозим. Мазкур режада мавзу, ундан кўзда тутилган мақсад ва вазифалар, ишнинг структураси (боблар, параграфлар, уларнинг номланиши) кутилаётган натижалар ўз ифодасини топиши керак.
Режа асосида тадқиқотчи мавзу доирасида мавжуд адабиётлар билан танишади, тадқиқот учун материал тўплайди. Тадқиқот материаллари деганда, мавзу доирасида аввал олиб борилган изланишлар, бошқа муаллифларнинг фикрлари таҳлили, статистика маълумотлари, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий-маънавий ҳаётига доир аниқ далиллар ва бошқалар назарда тутилади.
Тўпланган материалларни тадқиқотчи илмий тадқиқот режасида кўрсатилган бўйича тартибга солади, бўлимларга, параграфларга ажратади, ортиқча далил ва материалларни чиқариб ташлайди: танлаб олинган, группалаштирилган метериалларни муайян илмий назарияга таянган ҳолда илмий-танқидий ўрганади, таҳлил қилади. Тадқиқот матеалларини танлаш ва таҳлил қилишда тадқиқотчи илмий билишнинг фалсафий ва илмий усуллари (эксперимент, кузатиш, анализ, синтез, индукция, дедукция, конкретлик, абстрактлик, тарихийлик ва мантиқилик ва ҳ.к.)дан фойдаланади. Илмий, умуммиллий ва фалсафий усуллар талабларини билиш ва ўз ўрнида қўллай олиш ҳаққоний билимга эришишнинг шарти ҳисобланади.
Илмий тадқиқот натижалари қисқача илмий ахборот, реферат, илмий маъруза, кур ёки диплом иши, рисола, монография шаклларида расмилаштирилади. Магистрлик, докторлик (PhD) ва фан докторлик диссертациялари олий ўқув юрти кафедрасида дастлаб муҳокама қилинади. Биринчи, иккинчи ва навбатдаги бошқа муҳокамалар жараёнида олимлар диссертация ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этадилар, танқидий фикрлари, таклифларини айтиб ўтадилар. Тадқиқотчи танқидий қарашлар, билдирилган фикр-мулоҳазаларни ўрганиб чиқиб, диссертация устида ишлаш жараёнида уларни ҳисобга олади. Тақризчиларнинг фикрларига қўшилмаган тақдирда, ўз нуқтаи-назарини исбот ва далиллар билан асослаши лозим. Бу эса тадқиқотчининг илмий муаммони ҳал қилишга доир ўз нуқтаи-назари борлигидан далолат беради.
Магистрлик диссертациясини ёқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган “Магистратура тўғрисидаги Низом”да белгиланган. Унга мувофиқ, икки йиллик магистрлик таълимини тамомлаган, магистрлик ишини муваффақиятли ёқлаган кишига магистрлик даражаси берилади.
Ҳар қандай илмий ишнинг назарий ва амалий қиймати муаммони ҳал қилишга қўшилган хиссаси билан, шунингдек, тадқиқот натижаларининг амалиётга тадбиқ этилиши билан ўлчанилади.
Амалиёт илмий тадқиқот ишининг қийматини белгилайдиган асосий мезондир, шунинг учун ҳам амалиётда қўллаш – илмий изланиш апробациясининг олий шаклидир. Илмий иш апробациясининг асосий кўрсатгичларидан бири уни очиқ ҳимоя қилишдир.
Магистрлик диссертацияси фан ва техниканинг долзарб муаммосига бағишланган ва тугалланган илмий иш ҳисобланади.
Магистрлик диссертациясида муаллифнинг профессионал ва фалсафий тайёргарлик даражаси, танланган соҳа бўйича мустақил илмий изланиш олиб бора олиш қобилияти намоён бўлади.
Магистрлик диссертациясида:
- танланган мавзунинг долзарблиги;
- тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари;
- тадқиқотнинг объекти ва унинг хусусиятлари;
- илмий тадқиқотнинг шакл ва усуллари;
- тадқиқот натижаларини амалиётга тадбиқ этиш юзасидан аниқ таклифлар бўлиши лозим.
Магистрлик диссертациясининг мавзуси ихтисослик кафедраси томонидан белгиланади ва олий ўқув юрти илмий Кенгаши томонидан тасдиқланади. Магистрлик диссертацияси мазкур олий ўқув юртида ишлаётган фан номзоди, доцент, фан доктори, профессор раҳбарлиги остида олиб борилади.
Магистрлик диссертацияси очиқ ҳимояга қўйилади. Магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш тартиби олий ўқув юрти илмий Кенгаши томонидан белгиланади.
Магистрлик диссертацияси устида илмий тадқиқот ишларини тизимли, босқичма-босқич олиб бориш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус вазирлиги томонидан тасдиқланган “Магистратура тўғрисидаги Низом” талабларига асосланиши керак.
Тадқиқотчи аввало, илмий тадқиқотни режалаштиришдан олдин диссертациянинг мақсад ва вазифаларини, унинг моҳияти, тақдим этилаётган (ёки илгари сурилаётган) илмий ғоянинг янгилиги, ва мавзуининг долзарблиги, унинг назарий ва амалий аҳамияти нимадан иборат эканлигини аниқ билиши ва белгилаши зарур.
Диссертациядаги янгилик ва мавзунинг долзарблиги ҳақида гап кетар экан ҳар қандай янгилик прогрессив бўлавермагани сингари ҳар қандай эскиликка қолоқлик тамғасини босиб бўлмаслиги тўғрисидаги қоидани унутмаслик муҳимдир. Лекин шунга қарамай, янгилик эскилик бағридаги прогрессив ибтидони ўзида мужассамлаштиради ва шу боисдан ҳам истиқлол сари йўл очади.
Илмий тадқиқотни мустақил режалаштириш усулини билиш иш самарадорлиги ва тадқиқотни ўз вақтида якунлашда ўта муҳим аҳамиятга эга.
Тадқиқотни рационал ташкил этиш, аввало, ишни босқичма-босқич амалга оширишни, режага қатъий амал қилишни талаб этади. Пухта ўйлаб тузилган режа, белгиланган вазифаларни изчил, ҳар куни ва ҳар ҳафтада ўз-ўзини назорат қилиш, ишларнинг бажарилишини текшириш – илмий иш самарадорлигининг гаровидир. Ишдаги изчиллик, собитқадамлик, қўйилган вазифаларни ҳал этишдаги қатъийлик (талабчанлик, жиддийлик),олинган илмий натижаларни танқидий ва камтарона баҳолаш ақлий меҳнат унумдорлигини таъминлайди. Тадқиқотчининг илмий ишга ўзини тўла эҳтирос билан бағишлаши ундаги ижодий қобилият ва истеъдодни рўёбга чиқаради. Ўз ишиги муҳаббат билан ёндашсагина тадқиқотчидаги истеъдод камол топади.
Машҳур рус физиологи И.П.Павлов ёш тадқиқотчиларга қилган мурожаатида: “Мен ватанимнинг ўзини фанга бағишлаган ёшларига нималарни тилашим мумкин? Энг аввало, изчил бўлишларини тилайман. Самарали илмий ижоднинг ана шу энг муҳим шарти ҳақида мен ҳеч қачон ҳаяжонсиз гапира олмайман. Изчиллик, изчиллик ва яна изчиллик. Ўз ишингизни аввал бошиданоқ сиз ўзингизни билимлар тўплашда қатьий изчилликка ўргатинг”1 – деб ёзган эди.
Магитрлик диссертация устида ишлашни шартли равишда қуйидаги беш босқичга бўлиш мумкин:
1. Тайёргарлик кўриш;
2. Диссертация устида иш бошлаш;
3. Диссертацияни боб ва параграфлар бўйича ёзишга киришиш;
4. Магитрлик диссертацияси белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус вазирлиги томонидан тасдиқланган “Магистратура тўғрисидаги Низом” талабларига асосида расмийлаштириш; (қўлёзма вариантини датлабки муҳокама учун тайёрлаш).
5. Магитрлик диссертациянинг қўлёзма варианти муҳокамадан ўтгандан сўнг, таклиф ва мулоҳазалар асосида такомиллаштириб, ҳимояга тайёрлаш ва ҳимоя қилиш.
Прогнозлаш – илмий башоратнинг намоён бўлиши шаклларидан биридир. Прогноз ҳам, башорат ҳам, планлаштириш ҳам инсон маънавий фаолиятининг кўриниши ва маҳсули бўлиб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |