Кремнийорганик полимерлар макромолекуласи тузилишида кремний кислородли (силоксанли) боғлар бўлиши билан бошқа турдаги полимерлардан фарқланади. Уларда молекулалар кремнеземли скелет ва тармоқланган радикаллардан иборат бўлади.
Кремнийорганик полимерларда силикат моддаларга хос юқори иссиқликка бардошлилик, мустаҳкамлик ва синтетик полимерларга тегишли бўлган эластиклик, кимёвий муҳитларга чидамлилик хусусиятлари мужассамлашган. Улар кичик молекулали кремнийорганик бирикмалардан (алкил, арил) силоксанлардан синтез қилиб тайёрланади.
Кичик молекулали кремнийорганик полимерлар (ГЖК-10, ГЖК-11, ГЖК-93, ГЖК-94) гидрофоблик ва пластифицирловчи хоссаларга эга бўлгани учун нам шароитга чидамли фасад учун бўёқлар, қоришма ва бетон учун қўшимчалар сифатида ишлатилади.
Чизиқли тузилишдаги юқори молекулали кремнийорганик полимерлар асосида синтетик каучуклар олинади. Улар қурилишда герметиклар, изоляцион пасталар, елимлар сифатида қўлланилади.
Ҳавойи бириккан тузилишдаги юқори молекулали кремнийорганик полимерлар 4000С дан ортиқ иссиқликка бардошлилик ва бикрликка эга. Улар асосида иссиққа бардошли локлар ва эмаллар, елимлар, ячейкали бетонлар, толали ва қатламли пластиклар тайёрланади.
Целлюлоза ва оқсиллар каби табиий юқори молекулали моддаларни модификациялаб синтез қилиш усулида қурилиш материаллари учун боғловчилар тайёрланади. Масалан, ацетилцеллюлозадан ёғоч ва металларни бўяш учун мустаҳкам ва сув муҳитига чидамли локлар олинади.
Синтетик каучуклар тўйинмаган углеводородларни полимеризациялаш ва сополимеризациялаш натижасида олинади. Хом ашё сифатида изопрен, бутадиен (дивинил), хлорпрен, изобутилен ва бошқа мономерлар ишлатилади. Ишлатилган мономернинг турига қараб изопренли, бутадиенли, хлорпренли, бутадиен-стиролли ва бошқа турдаги каучуклар тайёрланади.
Синтетик каучуклар линолеум ва пол учун плиткаларни елимловчи елимлар ва мастикалар, герметиклар тайёрлашда ишлатилади. Герметиклар бутилкаучук, хлорпренкаучук асосида олинади. Синтетик каучуклар эластиклик хусусиятлари бериш учун бошқа турдаги полимерлар таркибига киритилиши мумкин.
Вулканизациялаштирилган каучук таркибига, қурум, бўр ва ш.к. кукун тўлдиргичлар киритиб резиналар олинади. Вулканизация жараёнида каучук ва олтингугурт орасидаги реакция натижасида ёки радиацион ишлов бериш туфайли маҳсулотда янги қўшбоғлар ҳосил бўлади. Вулканизациялаштирилган каучуклар иссиққа бардошли, юқори бикрли, органик эритувчилар таъсирига чидамли бўлади. Каучукли резина полбоп ва гидроизоляция материаллари, герметиклар ва бошқа буюмлар тайёрлашда ишлатилади. Резина чиқиндилари увоқланиб (майдалаб) битумрезинали ўрама материаллар ва мастикалар олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |