Фаразлар чин бўлишининг мантиқий-методологик шартлари қуйидагилардир:
1.Фараз даражасига кўтарилган фикр реал жараёнлар, илмий қонун ва назарияларга мос бўлиши лозим.
2. Фараз текширилувчан, тадқиқ этилувчан бўлиши лозим.
3. Фараз кенг миқёсдаги ҳодисаларга татбиқ этилиши лозим.
4. Фараз имкони борича сиқиқ, ихчам, лўнда тарзда ифодаланган бўлиши лозим.
Фаразлар тажрибада тасдиқлангач, илмий назарияга айланади.
Назария деб тажрибада, ижтимоий-тарихий практикада, ишлаб чиқариш ва илмий тадқиқотда вужудга келадиган билимларни умумлаштириш, системага солиш жараёни ва натижасига айтилади.
Назария инсоннинг маънавий фаолияти, объектив борлиқнинг инсон онгидаги маънавий-ғоявий акси сифатида унинг моддий ишлаб чиқариш фаолиятига нисбатан иккиламчидир. У оламни билиш ва ўзгартиришнинг муҳим воситасидир.
Назария маълум бир предмет соҳасига оид тушунчалар, қонунлар, гипотезалар, ғояларни системага солиб, у ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қиладиган, янги фундаментал умумлашмалар яратишга олиб келадиган, шу соҳадаги ҳодисаларни тушунтириш, олдиндан кўриш имконини берадиган ишончли билимдан иборат.
Илмий назария қуйидаги таркибий қисмлардан ташкил топади: 1) эмпирик асос: назарияга алоқадор фактлар, уларга мантиқий ишлов бериш натижалари; 2) бошланғич назарий асос: назариянинг асосий тушунчалари, постулатлари (аксиомалари), фундаментал қонунлар (принциплар); 3) назариянинг мантиқий аппарати: тушунчаларни ҳосил қилиш ва таърифлаш қоидалари, хулоса чиқариш (исботлаш) қоидалари; 4) олинган натижалар (хулосалар).
Назариянинг турлари: Илмий назариянинг жуда кўп турлари мавжуд. Уларни турли хил асосларга кўра таснифлаш (туркумлаш) мумкин. Хусусан, қурилиш методига кўра назарияларни тўрт турга ажратиш мумкин: 1) тажриба билан иш кўрадиган фанларнинг мазмундор назариялари; 2) гипотетик-дедуктив (ёки ярим аксиоматик) назариялар; 3) аксиоматик назариялар; 4) формаллашган назариялар.
«Мазмундор» назарияларда маълум бир соҳага оид фактлар тизимга солинади, умумлаштирилади ва тушунтирилади. Улар асосан тажриба натижалари, эмпирик материалларга таянади, уларни таҳлил қилади, тартибга солади ва умумлаштиради. Ана шунинг учун ҳам уларни «тажрибага таянувчи назариялар», деб аташади. «Мазмундор» деб аталишига сабаб, уларни математика ва мантиқдаги формаллашган назариялардан фарқ қилишдир. Мазмундор назарияларни соф эмпирик назариялар деб бўлмайди. Улар фақат эмпирик материалларгагина эмас, балки назарий қонунларга ҳам таянади. Масалан, мазмундор, деб ҳисобланадиган Ч. Дарвиннинг эволюция назарияси, И.П. Павловнинг олий асаб фаолиятининг шартли рефлекторлик назарияси ва шу кабилар чуқур назарий ғояларга суянади, улар ёрдамида тўпланган материалларни рационал усул билан англайди, қайта ишлайди ва тушунтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |