4-МАВЗУ. ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЎЗИГА ХОС ИСТИҚЛОЛ ВА ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ(2-СОАТ).
Режа
1-§.Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт йўлини танлаши. Тараққиётнинг “Ўзбек модели” ва унинг ўзига хос хусусиятлари.
2-§.Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш стратегияси: янгиланиш ва тараққиёт йўли.
3-§.Ўзбекистоннинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга қаратилган стратегия асослари.
4-§.Мустақиллик – меъёрий-ҳуқуқий асосларининг яратилиши.
5-§. Янги Конституциянинг қабул қилиниши ва унинг тарихий аҳамияти.
6-§.Давлат рамзлари.
1-§. Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт йўлини танлаши. Тараққиётнинг “Ўзбек модели” ва унинг ўзига хос хусусиятлари.
Тарихдан маълумки, ўз мамлакати миллий манфаатларини ҳисобга олмай, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлаш мумкин эмас. Турли хорижий мамлакатлар тараққиёт моделига кўр-кўрона таяниб, иш тутган МДҲ доирасидаги айрим мамлакатларда ислоҳотларда депсиниш ҳоллари, ташқи қарзга ботиш, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида очилиб, ўзининг заиф томонларини кўрсатди. Дунёда ХХ асрнинг бошларида мамлакатлар иқтисодий ривожланишининг Америка ва Европа моделлари, Иккинчи жаҳон урушидан кейин эса ўзига хос Германия ва Япония моделлари шаклланди. Кейинчалик ўзини тўлиқ оқлаган Жанубий Корея, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида тараққиёт моделлари юзага келди. Шунингдек, мустақилликка эришган Осиё ва Африка мамлакатларида кўпроқ бошқа моделлардан андоза олинган йўллар танланди.
Лекин ушбу давлатлар тажрибаси бирон бир давлатнинг ривожланиш йўлини тўғридан-тўғри қабул қилиб бўлмаслигини амалда исботлади. Юқорида кўриб чиқилган бозор иқтисодиётига ўтишнинг турли моделлари барча мамлакатларни битта манзилга – эркин бозор иқтисодиёти тизимига олиб келади. Аммо, бозор муносабатлари шаклланишининг ижтимоий-иқтисодий, тарихий, миллий ва халқаро шароити ҳар хил бўлганлиги туфайли, унга ўтишнинг миллий хусусиятлари ҳам мавжуд бўлади. Шу нуқтаи назардан бирор мамлакатнинг тараққиёт йўлини ёки тараққиёт моделини борлигича қабул қилиб бўлмайди. Францияда чоп этиладиган «Либерасьон» газетаси мухбирининг «Туркия модели» хусусида берган саволига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қуйидагича жавоб берган эди: «Туркия бозор муносабатлари йўлига ўтиб эришган туб ўзгаришлари билан ҳам ҳурматга лойиқдир. Бироқ, мустақил Ўзбекистон Туркия йўлидан кўр-кўрона нусха кўчирмоқчи эмас.
Одамзод бировнинг бўйига қараб ўзига тўн бичмайди». Жорий йилнинг 8 сентябрида Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида хақли равишда таъкидлаганидек: «Замонавий Ўзбекистоннинг тарихи - бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир».
Чорак аср мобайнида умрбоқий моделга айланиб улгурган, жамиятимизни ислоҳ этиш, демократлаштириш ва либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш бўйича пухта ўйланган, дунёда «ўзбек модели» номи билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга ошириш орқали Ўзбекистон замонавий жадал ва барқарор ривожланиб бораётган давлатга айланди.
Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт йўли назарий ва амалий жиҳатдан белгилаб олинди. Амалий ислоҳотлар жараёнида, хусусан ХХI аср арафаси ва унинг дастлабки йилларида мамлакатимизнинг ривожланиш стратегияси, ислоҳотларни чуқурлаштириш ва жамиятни янгилаш борасидаги фаолиятимизни жадаллаштириш мақсадида бу тамойиллар Олий Мажлиснинг ХIV сессиясида (1999-йил 14- апрел) қуйидаги олтита устувор йўналиш билан тўлдирилди:
1. Мамлакат сиёсий, иқтисодий ҳаётини, давлат ва жамият қурилишини янада эркинлаштириш.
2. Жамият маънавиятини янада юксалтириш.
3. Кадрлар масаласи
4. Халқ турмуш даражасининг изчил ва барқарор ўсиши, аҳолини янада кучли ижтимоий ҳимоя қилиш.
5. Иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни таъминлаш.
6. Жамиятдаги барқарорлик тинчлик, миллатлар ва фуқаролараро тотувликни сарҳадларимиз дахлсизлигини, малакатимиз яхлитлигини таъминлаш.
Янги иқтисодий муносабатларга ўтиш тамойиллари асосида ғоят масъулиятли ва мураккаб вазифа–иқтисодий ислоҳотлар стратегияси ишлаб чиқилди. Иқтисодий стратегиянинг бошланғич нуқтаси ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг пировард мақсадини белгилаб олишдан иборатдир. Бу вазифа марказлаштирилган, маъмурий буйруқбозликка асосланган иқтисодиётдан бозор муносабатларига, бир сифат ҳолатидан иккинчи сифат ҳолатига ўтишдан иборатдир.
Бозор ислоҳотларини амалга ошириш дастурига кўра устувор вазифалар босқичма-босқич ҳал қилинади.
Биринчи босқичда тоталитар тузумдан ҳозирги замон бозор муносабатларига ўтиш давридаги бир-бирига боғлиқ икки вазифани бир вақтда ҳал қилишга тўғри келди: маъмурий буйруқбозлик тизимининг оғир оқибатларини тугатиб, иқтисодни барқарорлаштириш ва бозор муносабатларининг негизини шакллантириш. Бу босқич жараёнида иқтисодий ислоҳотнинг асосий йўналишлари Ўзбекистоннинг Биринчи Пезиденти томонидан белгилаб берилди:
-ўтиш жараёнининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, ислоҳотларнинг қонуний-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
-қишлоқ хўжалигида мулкчиликнинг янги шаклларини вужудга келтириш;
-ишлаб чиқаришнинг пасайиб боришига барҳам бериш.
Дастлабки вақтнинг ўзида иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқий негизини барпо этадиган 100 га яқин асосий қонун хужжатлари қабул қилинган бўлиб, уларни мазмун-моҳияти жиҳатидан қуйидаги йўналишларга бўлиш мукин:
1. Мулкчилик муносабатлари ва кўп укладли иқтисодиётни шакллантирувчи қонунлар. Бу йўналиш доирасида мулчилик тўғрисида, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида, ер тўғрисида, ижара тўғрисида, давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида ва бошқа қонунлар қабул қилинди.
2. Хўжалик юритишни тартибга солувчи қонунлар, яъни хусусийлаштириш, мулкчилик, тадбиркорлик, корхоналар, фермер хўжалиги, деҳқон хўжалиги, ширкат хўжалиги тўғрисида қонунлар қабул қилинди. Бозор инфратузилмасини яратувчи ва унинг фаолиятини тартибга солиб турувчи банклар ва банк фаолияти, пул тизими, тадбиркорлик, суғурта, биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида, қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида ва бошқа қонунлар қабул қилинди. Корхона билан давлат ўртасидаги, корхоналар ўртасидаги муносбатларни тартибга солувчи, солиқ кодекси, божхона кодекси, монополистик фаолиятни чеклаш, корхоналарнинг банкрот бўлиши ҳақидаги қонунлар қабул қилинди.
Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий фаолиятини белгилаб берувчи ҳуқуқий нормалар яратилди. Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида қабул қилинган қонунлар, халқаро пакт ва битимлар, уларнинг Ўзбекистон томонидан белгиланиши мамлакатимиз ташқи алоқаларининг ривожланиши тарихида янги саҳифа очди.
Ўзбек моделининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши юртимизнинг иқтисодий ва ижтимоий қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Бугун Ўзбекистон иқтисодиёти изчил, барқарор ва жадал ўсаётган жаҳондаги жуда кам сонли мамлакатлар сафидан мустаҳкам ўрин олди. Ижтимоий, маданий соҳаларда эришилаётган улкан ютуқлар нуфузли халқаро ташкилот ва экспертлар томонидан кенг эътироф этилиб, юксак баҳоланмоқда.
Тараққиётнинг ўзбек модели юксак замонавий техника ва технологиянинг мавжудлиги, ишлаб чиқаришнинг индустриал тавсифи, ривожланишда ахборот технологияларининг ўрни ва аҳамиятининг юқорилиги, хизмат кўрсатиш соҳасининг муттасил ўсиб бориши, иқтисодий ўсишнинг интенсив йўли устуворлиги, иқтисодиётнинг очиқлиги, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, рақобат муҳитини яратиш, эркин тадбиркорликка кенг йўл очиш орқали бозор муносабатларини чуқурлаштириш, иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилганлиги, халқ фаровонлигининг изчил юксалиши, миллий иқтисодиётнинг глобал иқтисодиёт билан интеграциялашувининг кучайиши тенденциялари билан тавсифланмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |