4.8. ТМЗ ларнинг бухгалтериядаги (синтетик) ҳисоби. Синтетик ҳисоб қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда бухгалтерия ҳисоби объектлари ҳақидаги маълумотларни муайян иқтисодий белгилари бўйича умумлаштириш йўли билан амалга оширилади.2 Корхона бухгалтериясида моддий бойликларнинг кирим-чиқимлари хусусидаги барча бирламчи ҳужжатлар: манзил белгилари, имзолар, суммалар ва амалга оширилган тадбирларнинг қонунга тўғри келиш-келмаслиги текширилади.
Кирим ордерларидаги ёзувлар тегишли тўлов ҳужжатлари, счёт-фактуралар, юкхатлар ва бошқа ҳужжатлар билан солиштирилади. Нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатлар қайта кўриб чиқиш учун қайтарилади.
Бухгалтерияда текширишдан ўтказилган ҳужжатлар таксировка қилинади, яъни материал миқдори унинг нархига кўпайтирилиб, ҳужжат бўйича умумий сумма аниқланади. Кейин барча кирим-чиқим ҳужжатлари омборлар, жамлама ҳисобварақлар бўйича гуруҳларга ажратилади, бу гуруҳлар эса ҳисоб нархи бўйича кичик гуруҳларга бўлинади. Бу ҳужжатларнинг якунлари М-43 шаклидаги материалларнинг жамлама ҳисоби жамғарув қайдномасига ёзиб қўйилади.
Бухгалтерия ҳисобида материалларнинг ҳисобини юритишда қуйидаги ҳисобварақлардан фойдаланиш мумкин:
1010-«Хом-ашё ва материаллар»
1020-«Сотиб олинадиган ярим тайёр маҳсулотлар ва бутловчи қисмлар»
1030-«Ёқилғи»
1040-«Эҳтиёт қисмлар»
1050-«Қурилиш моллари»
1060-«Идиш ва идиш материаллари»
1070-«Бошқа томонга қайта ишлаш учун берилган материаллар»
1080-«Инвентар ва хўжалик анжомлари»
1090-«Бошқа материаллар».
Ушбу ҳисобварақларнинг дебетида ишлаб чиқариш заҳираларининг кўпайиши, кредитида эса уларнинг ишлаб чиқариш ва бошқа мақсадлар учун сарфланиши акс эттирилади. Юқорида санаб ўтилган ҳисобварақлар актив ҳисобланиб, уларнинг дебетидаги қолдиқ ҳисобот даври бошидаги материаллар қолдиҒини акс эттиради.
Мол етказиб берувчилар счЁтлари ва омбор кирим ордерлари асосида омборга материалларнинг қабул қилинишига қуйидагича бухгалтерия проводкаси берилади:
Д-т 1010-«Хом-ашё ва материаллар»
К-т 6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар».
Қабул қилиш вақтида материалларнинг камомади ёки етишмаслиги аниқланса, у ҳолда материалнинг сотиб олиниш баҳосига қуйидагича проводка берилади:
Д-т 4860-«Даъволар бўйича олинадиган счётлар»
К-т 6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счЁтлар».
Агарда корхонага келтирилган материаллар мол етказиб берувчилар ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқ бўлса, у ҳолда кўп чиққан материал қийматига тегишли материал счётлари дебетланиб, 6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар» ҳисобварағи кредитланади.
Сотиб олинган материаллар бўйича мол етказиб берувчилар счётининг тўланишига қуйидагича проводка берилади:
Д-т 6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счЁтлар».
К-т 5110-«Ҳисоб-китоб счёти».
Корхонанинг ўзида тайёрланган ва омборга қабул қилинган материалларнинг ҳақиқий таннархига қуйидагича бухгалтерия проводкаси берилади:
Д-т 1010-«Хом-ашё ва материаллар»
К-т 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш».
Материалларнинг сарфланишини бухгалтерия ҳисобида ҳисобга олишнинг муҳим хусусиятлари мавжуд. Корхонада материаллар қуйидаги мақсадлар туфайли омбордан чиқиб кетиши мумкин:
ишлаб чиқаришга сарфланганида;
ортиқча материаллар сотилганида ва бошқа ҳолларда.
Омбордан ишлаб чиқаришга материаллар сарфланганида қуйидагича бухгалтерия проводкаси берилади:
Д-т Ишлаб чиқариш харажатлари (2010, 2310, 2510 ва ҳоказо)
К-т 1010-«Хом-ашё ва материаллар».