1.6. Ўзбекистон жўнатилувчи туристик бозоридаги аҳвол
Фуқароларимизни туристик саёҳатга жўнатилишида юзага келган вазият тўғрисида тўхталадиган бўлсак, Маҳаллий фуқароларимиз дунё мамлакатларига асосан қуйидаги мақсадлар билан чиқадилар:
«Савдо» мақсади билан Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Хитой, Жанубий Корея ва Туркияга; «Денгизда дам олиш» мақсадида Туркия, Миср, Таиланд, Исроил, Россия ва Украинага; «Денгизда дам олиш ва шоп-тур» мақсадида Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Юнонистонга; «Бизнес ва экскурсия» мақсадида Япония, Жанубий Корея, Ғарбий Европа ва МДҲ мамлакатларига жўнашади. Булардан ташқари фуқароларимиз орасида АҚШ, Германия, ва Ҳиндистон мамлакатларига уюштирилувчи саёҳатлар ҳам машҳур.
Хорижий туристик саёҳатларига чиқишда қуйидаги ҳолатлар кўзга яққол ташланади:
Кишилар чет элларга саёҳатга чиқишлари учун амалда чекловлар ўрнатилмаган, етарлича маблағга эга бўлган кишилар саёҳат қилиш учун хорижга бемалол чиқишлари мумкин.
Хорижий саёҳатни амалга оширишда етарлича сармояга эга бўлган аҳоли табақаси аста-секинлик билан ўсиб бормоқда. Чет элларга амалга оширилувчи туристик саёҳатларнинг аксарияти уларнинг ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон фуқаролари «Туристик саёҳатга чиқиш» деганда асосан чет эл саёҳатини тушунадилар, Ўзбекистонда амалга оширилувчи маҳаллий саёҳатларга туристик назар билан қаралмайди (оддий аҳолининг қарашлари).
Баъзи ҳолларда, хорижий саёҳат қилиш деганда асосан бойлик орттириш, ўзининг молиявий аҳволини яхшилашга бўлган ҳаракат деб қарашади.
Миллий туристик корхоналаримиз ўз ҳамкорлари ва мижозлари билан ривожланган мамлакатлар тажрибасига мос ҳолда муомала қилишни ўзлаштириб олишган.
Чет элга чиқувчи фуқароларимизнинг 10-15 %игина туристик фирмаларимиз (туристик агентликлар) хизматларидан фойдаланадилар.
Чет элга меҳнат қилиш мақсадида чиқиб, виза олиш учун «туристик» мақсадни рўкач қилиш ҳоллари нисбатан камайиб кетди.
Ўзбек туристларининг хорижий саёҳатлари ниҳоятда қисқа давом этади. Бу бутун дунёда ўртача кечаётган тенденцияга хос. Ўзбек туристларининг чет элларга туристик саёҳат учун 1 ойдан ортиқ муддат сарфлайдиганлари 1 %дан камроқни ташкил этади. Хорижда туристик мақсадлар учун 15-30 кун сарфлайдиганлар 2 %дан камдир. Чет элда туристик саёҳатга 1-2 ҳафта сарфловчилар 30 %ни ташкил этишса, қолганлари хорижда 1 ҳафтадан кам муддатда туристик саёҳатлар қиладилар.
Туроператорликда, яъни хорижий туристларни Ўзбекистонда қабул қилинишида қуйидаги ҳолат кузатилмоқда: Ўзбекистонга етиб келувчи хорижий фуқароларнинг аксариятини (74%) хусусий мақсадларда саёҳат қилувчилар ташкил этишади. Бизнес мақсадида келувчилар 14 %ни ташкил этса, туристик мақсадда келувчилар 6 %ни ташкил этади. Қолган 6 %ни бошқа мақсадларда келувчилар ташкил этишади. Ўзбекистонга келувчи хорижий фуқароларнинг 85 %ини МДҲ мамлакатлари таъминлаб беришса, қолганини Германия, АҚШ, Жанубий Корея, Франция, Япония, Туркия, Буюк Британия кабилар таъминлайдилар.
Ўзбекистонга етиб келувчи туристларнинг аксарияти Тошкент – Самарқанд – Бухоро - - Хива йўналиши бўйича саёҳат қилади. Чунки, Ўзбекистон туризм инфратузилмаси айнан шу манзилгоҳларда яхшироқ ривожланишган ҳамда Буюк Ипак йўлига тааллуқли кўпгина объектлар айнан шу жойларда сақланиб қолинган (Ўзбекистонга гуруҳларда ташриф буюрувчи туристларнинг аксарияти Буюк Ипак Йўли йўналиши доираси ҳаракатланадилар). Шунингдек, Сурхондарё, Қашқадарё ва Фарғона водийси вилоятларида ҳам туристларни жалб этиши мумкин бўлган кўплаб муҳим туристик жозибадорликлар мавжуд бўлсада, туристик инфратузилманинг ривожланмагани бу ерга туристларнинг келишига тўсқинлик қилар эди. Бу каби камчиларни бартараф этиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан Камчиқ довонидан ўтилувчи йўл такомиллаштирилаяпти, Сурхондарёга Самарқанддан янги электрлашган темир йўл тортилаяпти, жойларда кўплаб туристик меҳмонхоналар бунёд этилаяпти.
Ўзбекистонга етиб келинувчи туристик саёҳатларнинг кўпайишига салбий таъсир кўрсатувчи қуйидаги баъзи ҳолларни санаб ўтиш мумкин:
Ўзбекистон тўғрисидаги дастлабки ва сўнгги таассуротларни қолдирувчи Божхона хизмати ходимларининг ишидаги совуққонлик;
кўпгина меҳмонхоналарда таомларнинг замонавий талабларга жавоб бермаслиги;
Ўзбекистон ичидаги меҳмонхона хизматлари нархларининг асосий рақобатчиларимизга нисбатан қимматлиги¸ транспорт нархларининг юқорилиги;
туристик эсдалик учун харид этадиган миллий сувенирларимизнинг камлиги ва нисбатан қимматлиги;
жорий инфратузилмани такомиллаштириш ва янгиларини яратиш учун хусусий соҳа вакилларида маблағларнинг етишмаслиги;
тарғибот масалаларига етарлича эътибор берилмаганлиги туфайли хорижий фуқароларнинг аксариятида Ўзбекистон тўғрисида ҳеч қандай маълумотнинг йўқлиги;
Ўзбекистондаги жорий нархларнинг қимматлигидан ташқари, баъзи ҳолларда, таклиф этилаётган товар ва хизматлар сифатининг шу нархга мос эмаслиги.
Юқорида санаб ўтилганларни бартараф этиш учун биринчи навбатда кўрсатилаётган туристик хизматларимизнинг сифатли бўлишига эришиш лозим. Бунинг учун туристик бизнес вакилларининг туризм ривожланган мамлакатларда малака ошириб туришларини ташкил этиш керак: ҳақиқатан ҳам сифатли деб баҳоланадиган хизматни ишлаб чиқаришдан аввал шу хизматни бошқалар қандай кўрсатишаётгани билан танишиш зарур!
Do'stlaringiz bilan baham: |